Ўзбекистон | 20:24 / 14.10.2024
4187
2 дақиқада ўқилади

Ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши аэрокосмик технологиялар орқали аниқланади

Давлат космик мониторинги иқтисодиёт тармоқларидаги муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича самарадорликни оширади.

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги департамент

«2024–2026 йилларда иқтисодиёт тармоқларида аэрокосмик технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, 2024–2026 йилларда иқтисодиёт тармоқларидаги муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича самарадорликни ошириш учун қуйидагилар давлат космик мониторингининг устувор йўналишлари этиб белгиланди:

- ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши ва бундай ер участкаларида бино ва иншоотлар қурилиши ҳолатларини аниқлаш;

- ўрмон билан қопланган майдонларнинг чегараларини белгилаш ва уларнинг ҳолатини мониторинг қилиш;

- геология соҳасида ер қаъридан ўзбошимчалик билан фойдаланиш, фойдали қазилмалар жойлашган майдонлардан асоссиз равишда ва бошқа мақсадларда фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш;

- мавжуд чиқиндиларни сақлаш жойларида белгиланган ҳудуддан ташқарига чиқиш ҳолатларини, янги пайдо бўлган ноқонуний чиқинди зоналарини аниқлаш;

- сув омборларининг лойқа оқизиқлар билан тўлиб боришини, сув сатҳи режимини мониторинг қилиш;

- қишлоқ хўжалиги экин ерларидан самарали фойдаланилишини ўрганиш, экинларнинг турлари ҳамда сув истеъмоли ҳажмларини аниқлаш.

2025 йил 1 мартдан ер қаъридан фойдаланиш бўйича масофавий мониторинг ва риск-таҳлил «Геомониторинг» ахборот тизими ҳамда SGM платформаси орқали амалга оширилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид