Ўзбекистон | 13:01 / 04.03.2023
19220
10 дақиқада ўқилади

“Кадрлар алмашмагунча йўлларимиз яхшиланмайди” – мустақил тадқиқотчи

Инобатга олинмаётган таклифлар, соҳада мутахассислар камлиги, “туя қилинаётган” маблағлар ортидан республика йўллари тобора ёмонлашиб бормоқда. Мустақил тадқиқотчи Салоҳиддин Қурбонов Kun.uz’га берган интервьюсида йўллардаги камчиликлар, уларни бартараф этиш чоралари, тизимдаги оқсоқликлар ҳақида гапириб берди.  

— Маҳаллий ички йўллар яхшиланиб боряпти. Лекин магистраль йўллардан сайёҳлар, юк машина ҳайдовчилари кўп норози бўлиб кетганига гувоҳ бўламиз. Йўллар нега бу аҳволга келди?

— «Автомобиль йўллари тўғрисида»ги қонун бўйича йўллар учга бўлинади: умумий фойдаланишдаги йўллар, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари йўллари ва хўжалик автомобиллар учун йўллар. Буларнинг ҳар бирининг эгаси бор. Умумий фойдаланишдаги йўлларга Автомобиль йўллари қўмитаси эгалик қилади ва таъмирлаш, қуриш, сақлашга жавобгар. Хўжалик йўллари жисмоний ва юридик шахслар ҳисобида бўлиши мумкин. Шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари йўллари маҳаллий ҳокимият идоралари тасарруфида бўлади.

2017 йилда Ҳаракатлар стратегияси доирасида президент қарори билан Автомобиль йўллари қўмитаси ташкил қилинди. Бундан кўзланган асосий мақсад умумий фойдаланишдаги йўллар сифатини ривожлантирган ҳолда минтақавий автомобиль йўллари ва шаҳарлар, аҳоли пунктлари йўллари қурилишига ҳам эътибор бериш. Умумий ягона йўл сиёсатини олиб борувчи идора сифатида қараляпти қўмитага. Унга икки турдаги йўлларга ҳам қараш вазифаси юклатилди. Ҳамма эътибор шаҳар йўлларига қаратилиб, ташкилотнинг ўз балансидаги йўлларга эътибор тушиб кетди. Охирги 3-4 йилда тайинли қиш мавсумини кўрмадик. Ўтган йилги баҳор ва бу йилги қиш мавсумида аниқ кўрдикки, биз тўғри йўналишда эмасмиз. Ўзи 2017 йилгача ҳам йўлларимиз мақтанадиган эмасди. Фақат сақлаб келаётгандик.

— Давлат бюджетидан ҳар йили триллионлаб маблағ ажратилади. Қисмларга бўладиган бўлсак, мутахассислар ойлик маошлари, соҳадаги бошқа харажатларга кетади ва қайсидир қисми йўл қурилиши, таъмирлаши учун ишлатилади. Бундан ташқари, ҳар йили молия ташкилотлари маблағларини жалб қилиш кўзда тутилади. Биз йўл бўйича қайси босқичдамиз ва қайси босқичга ўтишимиз керак?

— Энг катта ютқазаётган томонимиз сонлар изидан қуваётганимиз. Бир йилда бунча йўл таъмирланди, бунчаси қурилди, деймиз. Назаримда, бу тўғри эмас. Энг муҳими қанча йўлни халқаро стандартлар даражасида таъмирлаганимиз ва қурганимиз, деган саволни ўртага қўйиш керак. Сифат бўйича менталитет шаклланиши ва ҳар бир ходим сифат ҳақида ўйлаши зарур. Халқаро стандартларга келадигани бўлсак, биз жуда орқадамиз бу бўйича. Ҳозирги кунда биз синаётган методлар, қоришмалар иқлимимизга мутлақо мос эмас. Эски методлардан фойдаланиб келиняпти. Бу нарсалар нима билан, ким билан боғлиқлиги менга қоронғи.

— Соҳага ислоҳотлар кириб келишига, янгиликлар ўзлаштирилишига нима тўсқинлик қиляпти? Бундан кимдир манфаатдорми?

— Соҳа раҳбарига – бир шахсга қараб қолинган. Ёмон раҳбар билан ҳам тизим ишлаши мумкин, яхши раҳбар билан ҳам тизим ишламаслиги мумкин. Яъни биз тизим яратишимиз, унда инсон омили қатнашмаслиги, раҳбарга боғлиқ бўлмаслиги керак. Ҳар бир жараёнга тизимли ёндашсак, масала ҳал бўлади. Ислоҳот деганда, бир қарорни қабул қилиб, мана, тизим яратилди, дейиш нотўғри. Ҳар бир бўғинда йўл соҳасининг ўз ходимлари ишлаши лозим. Агар кўриб чиқилса, катта қисмида бу соҳага тааллуқли бўлмаган инсонлар ўтирибди. Асосий қарорни қабул қилувчилар соҳа вакиллари бўлиши керак. Масалан, йўл борасидаги муаммони айтиш учун биз ўнта бу соҳага тааллуқли бўлмаган одамга мурожаат қиламиз. Улар масала нимада эканини тушунмайди. Манзилгача етиб бормайди. Шунинг учун кадрлар бўйича, тизим бўйича ишлаш зарур. Умуман олганда, ислоҳотга муҳтож бу соҳа.

— Маҳаллий йўллар қўмита тасарруфидан чиққанидан сўнг яхшилана бошлади. Шундай хулоса уйғоняптики, қўмита тасарруфидаги йўллар таъмирланмагандай, ушлаб турилгандай. Қўмитага ажратилаётган пуллар қаерга кетяпти деб ўйлайсиз?

— Қонунларда ҳам, президент қарорларида ҳам маҳаллий ҳокимият йўл эгаси, лекин дастурлар Автомобиль йўллари қўмитаси билан келишилади, дейилади. Ҳозирда ҳам минтақавий автомобиль йўллари буюртмачи хизмати ташкилотлари бор ва улар қўмита тасарруфида. Шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари йўлларига қўмита кўпроқ эътибор беряпти. Буюртмачилар ҳам, лойиҳачилар ҳам қўмитаники. Маҳаллий йўллар яхшиланаётганида Автомобиль йўллари қўмитаси ҳиссаси кўпроқ. Қисман яхшиланди. Лекин ўша маҳаллий йўлларни ҳам меъёрларга асосланиб қуришимиз, таъмирлашимиз керак. Дастурга қаралса, ҳар бири жорий таъмирлаш дастури билан ўтяпти. Маҳаллий ҳокимият балансидаги йўлларни жорий таъмирлаш дастур билан қилинаётгани нотўғри. Маблағ миқдорини ҳам кўпайтириш керак. Ажратилаётган маблағдан ташкилотлар фойда ололмайди. Фақат ишчига маош бериш билан чекланади ёки ишлатадиган қурилиш маҳсулотини камроқ олиши керак. Кам маблағ ажратиляпти ва унинг ўзлаштирилаётгани ҳам тўғри.

— Умумфойдаланувдаги йўлларни 43 минг км деб олсак, Ўзбекистоннинг қайси қисмида халқаро стандартларга мос йўллар бор ва булар 43 минг км нинг қанча қисмини ташкил қилиши мумкин?

— Мутахассис сифатида айтадиган бўлсам, бизда асосан хорижий молия институтлари томонидан молиялаштирилаётган йўлларимиз ҳолати нисбатан яхши. Фарғонадаги довон йўлида бетон қопламалар ҳолати яхши. Хоразм ва Бухоро вилоятига борадиган бетон йўлларимиз ҳолати ҳам нисбатан яхши. Умуман олганда, фоизи жуда кам. Узоғи 2 минг км ёки 500-1000 км бўлиши мумкин. Жуда салбий кўрсаткич. Халқаро стандартларда йўлнинг энг остки қатламидан тепа қатламгача равонликни таъминлашга эътибор қаратилиши керак.

— Йўл таъмирлашда қанақадир мавсумни кутаётгандай бўламиз. Пойтахтни оладиган бўлсак, қиш ўтишини кутдик. Нега мавсумга боғлаб қўйилган?

— Йўл қурилиши мавсумий эмас. Қиш мавсумида ҳам қилинадиган ишлар бор. Биз бир нарсани йўқотдик: совуқ асфальт-бетон қоришмаси. Пайдо бўлган чуқурларни совуқ асфальт-бетон билан таъмирлаб қўйилса, масала ҳал. Ўзбекистонда бу борада илмий ишлар, тадқиқотлар олиб борган инсонларни биламан, лекин амалиётга татбиқ этилмаяпти. Қиш мавсумида йўлчилар бекор бўлмаслиги керак. Иссиқ асфальт-бетон учун ҳаво ҳарорати 10 градусдан юқори бўлиши зарур. Совуқ асфальт-бетон қийин нарса эмас, ўз стандартлари, меъёрлари мавжуд. Қандай ишлаб чиқаришни ёши катта йўлчиларимиз билади ҳам. 2011 йилларда Сурхондарё ва Хоразмда тайёрланиб, базаларга келтириб қўйиларди.

Очиғи, йўл соҳасини ривожлантириш қийин эмас деб ҳисоблайман. Сўнгги йилларда ҳал этилган муаммолар олдида йўл соҳаси жуда ҳам осон. Керакли инсонлар кераклича эътибор берса бўлди.

— Йўллар таъмирланаётганини кўриб хурсанд бўламиз, лекин муддатидан олдин яна яроқсиз ҳолга келиб қолади. Ўша йўлларни кимдир топширади, кимдир қабул қилиб олади. Шу занжирда ким кўпроқ айбдор?

— Қуриш жараёнида 4 та назоратдан ўтиши керак: давлат назорати (Ўзйўлинспекция), буюртмачи, лойиҳачи ва пудратчининг ўз ички назорати. 2017 йилдан кейин Ўзйўлинспекция ташкил этилди. Аммо тўлиқ эмас, ходимлари кам — 44 нафар (Қозоғистонда бу тизимда 800 нафар ходим ишлайди). Ташкилот ходимларини кўпайтириш ўрнига камайтирдик. Давлат назорати фақат техник назоратчига юклатилган. Ҳар бир вилоятда техник назоратчи 4-5 та бор ва улар улгурмайди, қамраб ололмайди барча жараённи. Пудратчи ташкилот берадиган хулосани қолган 2 ташкилот қабул қилади. Текширишга вақти етмаса Ўзйўлинспекция ҳам тўғри деб қабул қилади пудратчи хулосасини. Яъни бир томоннинг хулосасини қолган 3 та томон тўғри деб қабул қилишга мажбур.

Тизим тўғри ишламаса, коррупцион ҳолатларга сабаб бўлади. Яъни ажратилган маблағ ўзлаштирилмайди деган ишонч йўқ. Чунки тизим битта пудратчининг лаборатория хулосасига қараб қолгандан кейин ўзлаштириш бўлаверади.

— Сизда аниқ ечимлар борми? Айнан қандай таклифлар бера оласиз?

— Ҳар йили давлат дастури шакллантирилаётганда битта таклифни бераман. Ҳали бирортаси амалга ошгани йўқ.

Йўл соҳасида энг биринчи навбатда кадрлар ислоҳотини амалга ошириш керак. Йўл соҳаси бўйича ўқишни битирганлар ёки ишлаб турган ишчиларни тажриба орттириш учун хорижга юбориш керак. Йўлни раҳбар қурмайди, иш юритувчи ва ишчилар қуради.

Иккинчидан, биз қўрқмасдан илм-фанга, тадқиқотларга эътибор беришимиз зарур. Ваколатли идоралар Транспорт университетидаги профессорлар, илмий тадқиқот институтидагилар билан ҳамкорликда ишлаши керак. Йўлларимиз ёмонлиги ҳисобига автомобиль транспорти рақобатда ютқазиб қўйяпти, одамлар темирйўлдан, ҳаво йўлларидан фойдаланишга мажбур бўляпти.

Учинчидан, ривожланиш учун янги технологияларга эътибор бериш вақти келди. Биз ҳозир инновация, янгилик деётган нарсаларимиз 20-30 йил олдин яратилган. Асфальтни қайта ишлаш технологияси бекор қилинган, лекин бизда бу ҳақда ҳеч ким гапирмаяпти. Қайта ишлаш жараёнида бир неча баробар кўп маблағ кетади. Олмалиқ кон-металлургия заводидаги, нефтни қайта ишлаш заводларидаги чиқиндиларни ишлатишимиз керак.

Сақлаш, қуриш, лойиҳалаш билан шуғулланадиган давлат идораларига сифат менежменти жорий қилишимиз лозим. Шунчаки жорий қилиш эмас, амалда қаттиқ тартиб-интизом билан назорат қилиб ишлатиш керак. Автомобиль йўллари қўмитаси сифатни таъминлаши кўзда тутилган, лекин қандай таъминлаши ҳозиргача мавҳум. Ўзи таъминлаши ёки бошқа идорага ваколатни бериши керак. Дейлик, ягона техник сиёсатни олиб борувчи идора ички назоратлар олиб бориши лозим. Раҳбарга боғлиқ бўлмаган тизим яратиб берайлик. Биз кўрмасак, биздан кейинги авлодлар бу нарсанинг мевасини кўради.

Бу соҳани ривожлантиришда муаммо кўрмайман мен: имконият бор, қилса бўладиган иш. Фақат хоҳиш ва озгина эътибор берилса етади.

Сардорбек Усмоний суҳбатлашди.

Мавзуга оид