Ўзбекистон | 19:32 / 22.12.2025
11280
2 дақиқада ўқилади

Эко-стикер бўйича жарималар қўллаш 2 йилдан сўнг бошланади

2026 йил 1 январдан Ўзбекистонда эко-стикер, яъни “Экологик транспорт” тизими кучга киради. Тизимга оид қоидалар бузилганда жарималар қўллаш эса 2 йилдан сўнг бошланади.

Фото: ЎзА

2026 йил 1 январдан “Экологик транспорт” тизими кучга кирмоқда. Бу ҳақда ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти ЙҲХХ матбуот котиби Зойир Йўлдошев маълумот берди. Мутахассис жарималар миқдори ва уларнинг қўлланиши тартибига аниқлик киритмади.

—Эко-стикерлар уч хил — яшил, сариқ ва қизил рангда бўлади, — деди Зойир Йўлдошев. — Дастлаб машинаси сариқ ёки қизил стикер олган ҳайдовчи стикерлар рангини ўзгартириш ҳуқуқига эга. Мамлакатимиздаги барча ҳудудларда диагностик марказлар фаолияти йўлга қўйилган. Сариқ ёки қизил стикер олган фуқаролар транспорт воситаларини шу диагностик кўрикдан ўтказиб, стикерлари рангини ўзгартириши мумкин. Масалан, қизил стикерли автомашиналар тоза ҳудудга кирмоқчи бўлганида бевосита хабари бериб борилади. Чунки транспорт воситалари тўғрисидаги маълумотлар ва ҳисоботлар Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимида электрон тарзда юритиб борилади. Бу борада ягона электрон тизим мавжуд. Бугунги кунда марказий шаҳарларнинг аксарият қисмида дастурлаштирилган камералар ва кузатиш имконини берувчи бошқа воситалар мавжуд.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, жарима қўллаш тизими 2026 йил 1 январдан бошланмайди. Эко-стикер ранги мос келмайдиган ҳудудга кирилганда ҳайдовчиларга тегишли тартибда жарималар қўллаш 2 йилдан сўнг бошланади.  

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид