Ўзбекистон | 20:52 / 22.06.2020
40431
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Москвада бўлади

24 июнь куни Ўзбекистон раҳбари Ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан тантанали тадбирларда иштирок этади.

Фото: Президент матбуот-хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 23-24 июнь кунлари Россия президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан амалий ташриф билан Москва шаҳрида бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати хабар берди.

Ташрифнинг биринчи куни дастурига мувофиқ, олий даражада икки томонлама музокаралар ўтказиш режалаштирилган. Кўп қиррали Ўзбекистон-Россия ҳамкорлигининг долзарб масалалари кўриб чиқилади.

“24 июнь куни давлатимиз раҳбари фашизм устидан қозонилган Буюк Ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан тантанали тадбирларда иштирок этади”, дейилади хабарда.

10 июнь куни Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистон, Молдова, Ўзбекистон, Тожикистон, Сербия ва Хорватия расмийлари жорий йил ташкил этилаётган Ғалаба байрамида иштирок этиши ҳақида айтганди. Аммо кейинроқ Туркманистон ва Хорватия раҳбарлари Москвага бора олмаслигини маълум қилди. 22 июнь ҳолатига кўра, меҳмонларнинг якуний рўйхати эълон қилинмади.

Маълумот учун, Иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалабадан сўнг, собиқ СССРда Ғалаба байрами илк марта 1945 йил 24 июнда нишонланган эди. Шундан сўнг байрам 1965 йилгача нишонланмаган.

Мавзуга оид