Ўзбекистон | 14:39 / 06.02.2019
16957
3 дақиқада ўқилади

Тошкент давлат педагогика университетининг Шаҳрисабз филиали ташкил этилади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг Шаҳрисабз филиалини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги ва Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг Шаҳрисабз шаҳрида Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг Шаҳрисабз филиалини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилиши мумкин.

Белгиланишича, Филиал Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг юридик шахс мақомига эга бўлган таркибий бўлинмаси ҳисобланиб, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида зарур шахсий ҳисобварақларига эга бўлади.

Қуйидагилар Филиалнинг асосий вазифалари этиб белгиланади:

таълим муассасалари учун юқори малакали педагог кадрларни умумэътироф этилган халқаро талаблар даражасида сифатли тайёрлашни таъминлаш;

педагогик таълим соҳасини ривожлантиришнинг илмий-методик вазифаларини ҳал этиш, илғор хорижий педагогик технологияларни жорий қилишга йўналтирилган илмий тадқиқотларни олиб бориш ва иқтидорли талаба-ёшларни илмий фаолият билан шуғулланишга кенг жалб этиш;

юртимизнинг педагогика фани бўйича қадимдан ривожланиб келган ютуқлари, хорижий мамлакатлар таълим муассасаларининг тажрибаси ва Қашқадарё вилоятидаги таълим муассасаларининг талаб-эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда тегишли таълим йўналишлари ҳамда мутахассисликлари бўйича ўқув-услубий адабиётларни яратиш;

ўқув ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш, таълим ва илмий изланишлар жараёнига мутахассисларни кенг жалб этиш мақсадида педагогика соҳасидаги республика ва хорижий етакчи олий таълим муассасалари ва илмий марказлари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш;

республика ва хорижий олий таълим муассасалари ва илмий марказларига истиқболли ёш битирувчиларни магистратура ва докторантурага мунтазам юбориш орқали Филиалнинг илмий-педагогик салоҳиятини ошириб бориш.

Филиалда ўқув жараёни 2019/2020 ўқув йилидан бошланади. Филиалга талабаларни қабул қилиш сони белгиланган тартибда ҳар йили тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш квоталаридан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Мавзуга оид