Ўзбекистон | 17:48 / 14.03.2023
14506
3 дақиқада ўқилади

Коррупцияга қарши курашишда “қониқарсиз” ишлаган давлат идоралари очиқланди

62та давлат ташкилотининг коррупцияга қарши курашиш ишлари самарадорлиги баҳоланди. Рейтинг натижасига кўра, Сурхондарё ва Андижон вилоятлари ҳокимлиги ҳамда Сув хўжалиги ва Энергетика вазирликларининг бу йўналишдаги фаолияти энг “қониқарсиз” деб топилган. 62та идоранинг атиги 12таси “яхши” кўрсаткични қайд этган.

Фото: РБК

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш ишлари самарадорлиги рейтингини эълон қилди.

Баҳолаш натижаларига кўра, 62та давлат ташкилотининг коррупцияга қарши курашиш ишлари самарадорлиги 0 баллдан 100 баллгача рейтингда баҳоланиб, 12та ташкилот фаолияти самарадорлиги “яхши” – (81-100 балл), 30 та ташкилот “қониқарли” – (55-80 балл) ва 20та ташкилот “қониқарсиз” – (55 баллдан паст) тоифаларга ажратилган.

“Таҳлил натижалари давлат ташкилотлари фаолиятидаги коррупцияга қарши курашиш йўналишида бир қатор камчиликлар мавжудлигини кўрсатди. Жумладан, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги (11 балл), Сув хўжалиги вазирлиги (13 балл), Андижон вилоят ҳокимлиги (18 балл) ва Энергетика вазирлигида (21 балл) коррупцияга қарши ички назорат тизими самарали жорий этилмаган”, - дейилади Аксилкоррупция агентлиги хабарида.

Баҳолаш натижаларига кўра, “қониқарли” деб топилган давлат ташкилотлари фаолиятида коррупцияга қарши курашиш бўйича белгиланган чоралар амалга оширилган бўлса-да, айрим масалаларга эътиборсизлик билан қараш, шу жумладан, белгиланган тадбирлар ижросини назорат қилиш соҳасида камчиликлар мавжудлиги кузатилган. Шу билан бирга, ушбу идораларда коррупцияга қарши белгиланган талабларнинг доимий равишда бажарилишини назорат қилиш бўйича самарали тизим яратилмаган.

12та давлат ташкилотининг коррупцияга қарши курашиш фаолияти самарадорлиги “яхши” деб баҳоланди. Мазкур ташкилотлар томонидан коррупцияга қарши курашиш бўйича белгиланган чоралар тизимли равишда амалга оширилган.

Баҳолаш якунлари бўйича:

  • “яхши” деб баҳоланган давлат ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш борасидаги ижобий тажрибаси оммалаштирилади;
  • “қониқарли” деб баҳоланган давлат ташкилотларига уларнинг коррупцияга қарши курашиш борасидаги фаолиятини янада яхшилаш бўйича тавсиялар киритилади;
  • “қониқарсиз” деб баҳоланган давлат ташкилотларида коррупцияга қарши курашишда аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва уларнинг ушбу йўналишдаги фаолиятини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилади ва ижросини таъминлаш юзасидан тегишли раҳбарларнинг ҳисоботлари ҳар чоракда Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишларида эшитиб борилади.

Мавзуга оид