Жамият | 18:03 / 01.07.2020
11091
6 дақиқада ўқилади

Урганч тумани аҳолиси чиқинди полигонининг бадбўй тутуни ва сассиқ ҳидидан азият чекмоқда

Хоразм вилояти, Урганч тумани, Ғайбу қишлоғидаги «Чўлобод» маҳалласи аҳолиси чиқинди полигонидан тарқалаётган бадбўй ҳиддан азият чекаётганидан, шунингдек, санитария ҳолати ёмонлашганидан шикоят қилишди.

Урганч туманидаги «Чўлобод» маҳалласида 5 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. 2017 йилда маҳалланинг чекка ҳудудида 134та намунавий лойиҳадаги уйлар қурилиши бошланган ва 2018 йилда якунланган. Шундан сўнг бу ерга аҳоли кўчиб келган.

Маҳалла ҳудудини серқатнов йўлдан катта захкаш ажратиб туради. Аммо унинг устига қурилган ва хавфсиз бўлган, транспорт воситалари учун мўлжалланган бирорта кўприк йўқ. Бир жойда захкаш тупроқ билан кўмилиб, шунчаки йўл очилган, холос. Ҳар куни ўнлаб машиналар, автобуслар ўтадиган «кўприк»нинг аҳволи мана шундай.

Бундан ташқари, захкаш устидан ўтадиган канализация қувури бир неча йиллардан бери ёрилиб ётибди. Натижада ифлос сувлар оқиб, атрофга сассиқ, қўланса ҳидлар тарқалмоқда. Атиги бир неча ўн метр масофада эса аҳоли уйлари жойлашган.  

2018 йилда янги уй-жойларга кўчиб келган одамлар газ, электр энергияси, ичимлик суви таъминотида муаммо йўқлигидан хурсанд бўлишган эди. Аммо уларни ўзига хос «сюрприз» - «совға» кутиб турганди.

Гап шундаки, маҳалла яқинида чиқинди йиғиш полигони жойлашган бўлиб, Урганч шаҳри чиқиндилари шу жойга ташланади. Бу полигон 1980-йилларда ташкил қилинган. Албатта 40 йил олдин полигон аҳоли яшаш жойларидан етарли даража узоқда бўлган. Аммо шаҳар ва қишлоқлар кенгайиши натижасида, аҳоли яшаш жойлари полигонга анча яқинлашиб қолган. Айни пайтда полигондан «Чўлобод» маҳалласигача бўлган масофа атиги 1–1,5 километрни ташкил қилмоқда.

Мана шу чиқинди полигонидан тарқалаётган сассиқ ва қўланса ҳид одамларни қийнаб юборяпти. Масофа узоқ бўлса-да, маҳалла ҳудудида чиқиндилар ҳиди сезилиб туради. Одамларнинг сўзларига кўра, кечки пайтда чиқиндилар ёқиб юборилмоқда. Натижада, шамол эсган пайтда бадбўй ҳидли тутун маҳалла ҳудудини худди тумандек қоплаб оляпти. Одамларнинг нафас олиши қийинлашиб, кўнгил айниш, қайт қилиш ҳолатлари учрамоқда. Ёзнинг иссиқ кунларида эса чириб, айниб бораётган чиқиндиларнинг бадбўй ҳидларига чидаб бўлмаяпти.

Ҳозирги вақтда чиқинди йиғиш полигонидан «Урганч Авто Эко транс» МЧЖ фойдаланиб келмоқда. Аввалроқ, маҳалла аҳолисининг бир неча бор йўллаган шикоятларидан сўнг, Хоразм вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси полигонда чиқиндиларни жойлаштириш, зарарсизлантириш, сақлаш, кўмиш, реализация қилиш чоғида табиатни муҳофаза қилиш қоидалари бузилганини, шунингдек, «Чиқиндилар тўғрисида»ги қонуннинг 15-моддаси талаблари (чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида белгиланган санитария нормалари ва қоидаларига, экологик нормативларга риоя этиш) бузилгани аниқланган ва иш маъмурий судга оширилган.

Маҳалла аҳолиси чиқинди йиғиш полигони фаолиятининг зарарли оқибатларидан азият чекаётгани, аҳоли орасида аллергик ва бошқа касалликлар кўпайиб кетгани, шу сабабли полигонни кўчириб юборишни сўраб Хоразм вилояти ҳокимлиги, вилоят прокуратурасига шикоят хати билан мурожаат қилган бўлишига қарамай, вазият ўзгармаганини айтишмоқда.

«Урганч Авто Эко транс» МЧЖ раҳбари Эшчанбой Шехов бу масала бўйича изоҳ берди.

«Чўлобод» маҳалласи яқинидаги чиқинди полигони 1982 йилда ташкил қилинган. Аммо аллақачон чиқиндига тўлиб, ўз вазифасини тўлиқ бажариб, «ёшини яшаб» бўлган. Ҳозирги вақтда Қўшкўпир туманидаги 20 гектар чекка ҳудудда замонавий чиқинди полигони ташкил этиш режалаштирилмоқда. Шу полигон ишга тушиши билан «Чўлобод» маҳалласи яқинидаги полигон рекультивация қилинади, зарарсизлантирилади ва кўмиб ташланади. Чиқинди тўпланган жойларда биогаз пайдо бўлиши табиий ҳол. У ҳаво билан аралашиб, ёнғин келтириб чиқариши мумкин. Албатта имкон қадар бунинг олдини олишга, бартараф этишга ҳаракат қиляпмиз», деди у.

Хоразм вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси раҳбари Отабек Қиличев вазиятга изоҳ берди.

«Чўлобод» маҳалласи яқинидаги чиқинди полигони инвестиция дастурига киритилган. У утилизация ва рекультивация қилинади, зарарсизлантирилиб, кўмиб ташланади. У ерга дарахтлар экилади, коллекторлар қазилади. Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятидаги чиқинди полигонларини рекультивация, утилизация қилиш учун Германиядан 60 млн долларлик инвестиция жалб қилинган. Шу дастур доирасида Хоразм вилоятида 3та янги чиқинди полигони Қўшкўпир, Боғот ва Тупроққалъа тумани ҳудудида барпо қилиниши режалаштирилган. Ҳозир лойиҳалаш ишлари экспертизадан ўтказилмоқда», деди у.

Ҳозирча янги чиқинди полигонлари қачон ишга туширилиши, эскилари қачон утилизация қилиниши ҳақида ҳеч ким аниқ маълумот беролмаяпти. Чўлободликлар эса йиллар давомида эътиборсиз қолдирилган ижтимоий муаммоларнинг ҳал қилинишини, кўприк қуриб берилишини, канализация қувури таъмирланишини, полигондан тарқалаётган сассиқ тутун ва бадбўй ҳид бартараф этилишини сўрамоқдалар. Улар ҳам «одамга ўхшаб яшашга» ҳақли эканини таъкидлашмоқда.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид