Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларини кўрсатиш соҳасида тўлов интизоми мустаҳкамланишига қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди ва қабул қилинди.
Маълумот учун, лойиҳа Ўзбекистон президентининг «Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида» 2024 йил 4 январдаги 5-сон фармони 4-банди ижросини таъминлаш, маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларининг тўлов интизомини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ташаббуси билан ишлаб чиқилган.
Қонун лойиҳасига мувофиқ «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Рақобат тўғрисида»ги ва «Электр энергетикаси тўғрисида»ги қонунларга чиқиндини олиб чиқиб кетиш хизматлари учун тўловларни электр энергияси учун тўловлар билан бирга ундириш механизмларини жорий қилиш назарда тутилган.
Хусусан, «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга истеъмолчи зиммасига қонунчиликка мувофиқ, чиқинди учун тўловлар тўланмаганда электр энергияси учун тўловларни қабул қилишни вақтинчалик чеклаш амалиёти қўлланиши;
«Рақобат тўғрисида»ги қонунга товардан фойдаланиш шартларини мажбуран қабул қилдириш тақиқланишида электр энергиясининг етказиб берилишида чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматлари учун мажбурий тўловларни ундириш тартиби мустасно эканлиги;
«Электр энергетикаси тўғрисида»ги қонунга эса чиқиндини олиб чиқиб кетиш хизматини кўрсатувчи корхоналар электр таъминоти корхоналари билан биргаликда чиқинди олиб чиқиб кетиш хизматлари учун ойлик тўловлардан қарздорлиги бўлган абонентларни СМС орқали хабардор қилиб бориши, фойдаланилган электр энергияси, шунингдек, чиқиндини олиб чиқиб кетиш хизматлари учун мажбурий тўловлар учун ҳақ белгиланган муддатларда ўз вақтида тўланиши, электр энергияси тўлов тизимлари орқали чиқинди хизматларидан қарздорлиги тўғрисида истеъмолчи хабардор қилинганидан сўнг қарздорлик бартараф этилмаган тақдирда, ушбу қарздорлик бартараф этилгунга қадар электр энергияси учун тўловларини қабул қилишни вақтинчалик чеклаб қўйиш бўйича меъёрлар киритилмоқда.
Маълумот учун, ҳозирги кунда аҳоли томонидан асоссиз сабабларга кўра тўловларни кечиктириш ёки тўламаслик ҳолатлари кўп, натижада дебитор қарздорлик (615,6 миллиард сўм) йил сайин ошиб бормоқда.
Эндиликда фуқаролар алоҳида огоҳлантиришдан кейин ҳам чиқинди бўйича қарздорликни бартараф этмаса, чиқинди бўйича қарзини тўланмагунига қадар электр энергия бўйича тўловни амалга ошира олмайди.






