Жаҳон | 10:44 / 30.06.2016
8098
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда терактлар содир этишни режалаштирган гуруҳ аъзолари ушланиши вақтида жангарилардан бири ўзини портлатди

Қозоғистоннинг Қарағанда вилоятида 6 нафар радикал қўлга олинди. Амалиёт вақтида радикаллардан яна бири ўзини портлатган. Бу ҳақда Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари Владимир Жумаканов маълумот берди.

"Қўлга олинганлар салафийчилар. Уларнинг барчаси Қарағанда яшаб келган Қозоғистон фуқаролари", деган у.

Жумаканов Қарағандадаги радикаллар Ақтўбедаги терактларга алоқадор эмаслигини билдирган.

Бу вақтда Қозоғистон МХҚ Қарағанда вилоятининг Балхаш шаҳрида ва Гульшат аҳоли пунктида радикал гуруҳ фаолиятига чек қўйилиб, худкушлар орқали амалга оширилиши режалаштирилган терактлар олди олингани ҳақида маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, 5 июнь куни номаълум шахслар Қозоғистоннинг Ақтўбе шаҳрида жойлашган бир қанча қурол дўконларини талон қилди, шундан сўнг улар полиция билан тўқнашди.

Ҳужум оқибатида 8 киши ҳалок бўлди. Миллий гвардиянинг 3 нафар ҳарбий хизматчиси ва 5 нафар фуқаро ҳужумлар қурбонига айланган. 12 нафар полициячи ва 7 нафар ҳарбий хизматчи жароҳатланган.

Охирги маълумотларга кўра, Ақтўбедаги махсус операциялар натижасида 18 нафар жиноятчи йўқ қилинган, тўққиз нафари қўлга олинган.