23:58 / 28.02.2021
21905

Мянмада қонли якшанба: 18 киши ҳалок бўлди, БМТ жаҳон давлатларини генералларга босим ўтказишга чақирди

Якшанба куни Мянма полицияси мамлакатда тўнтариш йўли билан ҳокимиятни қўлга олган ҳарбийлар ҳукуматига қарши чиқаётган намойишчиларга қарши жанговар патронлар билан ўт оча бошлади. Хабарларга кўра, намойишчилардан камида 18 киши ҳалок бўлган, 30дан ортиқ киши яраланган. БМТ бош котиби Антониу Гутерреш ҳарбийларни зудлик билан қон тўкишни тўхтатишга чақирди

Фото: Reuters

Дам олиш кунларида Мянманинг кўплаб шаҳарларида йирик намойишлар бўлиб ўтди. БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари маълумотига кўра, намойишлар вақтида камида 18 киши ҳалок бўлгани тасдиқланган. Энг йирик намойишлар Янгон, Тавой ва Мандалай шаҳарларида бўлиб ўтган.  Шу тариқа, ҳарбий давлат тўнтариш рўй берган 1 февралан буён ой охиридаги якшанба энг қонли кунга айланди.

Полициячилар ўқотар қуроллардан ташқари, резина ўқлар ва кўздан ёш сиздирувчи газдан фойдаланган.

БМТ бош котиби Антониу Гутерреш ҳарбийларнинг ҳаракатларини кескин қоралаб чиқди ва жаҳон ҳамжамиятини генералларга босим ўтказишга чақирди..

«БМТ бош котиби Мянмадаги шафқатсиз қатағонни қатъий қоралаб, ўлим ҳолатлари ва жиддий жароҳатланганлар сони ошаётганидан чуқур ташвишдалигини билдирди. Тинч намойишчиларга жанговар қурол қўллаш ва асоссиз қўлга олишларга йўл қўйиб бўлмайди», дейилади БМТ баёнотида.

«Бош котиб жаҳон ҳамжамиятини бирлашишга ва ҳарбийларга Мянмадаги инсон ҳуқуқларига риоя этиши, халқнинг сайловларда билдирган ишончини ҳурмат қилиши ва қатағонни тугатиши зарурлиги ҳақида аниқ сигнал юборишга чақиради», дея қайд этган БМТ вакили.

«Ҳеч қандай огоҳлантириш бўлмади»

«Франс пресс» агентлиги хабар беришича, Тавойда полициячилар намойишчиларга ўқотар қуроллардан ўт очиши оқибатида камида уч киши ҳалок бўлди.

«Биз йиғилишимиз биланоқ полиция ўқ отишни бошлади. Ҳеч қандай огоҳлантириш бўлмади. Айримлар жароҳатанди, айрим ўқитувчилар уйлар орасида яширинди», дейди Янгондаги намойишларга чиққан ўқитувчилардан бири «Франс пресс» мухбирига.

Ижтимоий тармоқларда айрим фойдаланувчиларнинг ёзишича, кун давомидаги қурбонлар сони 20дан ошиқ бўлди, аммо бу маълумот тасдиқланмаган.

«Бизни тиз чўктира олишмайди»
Айрим намойишчилар шиорлар айтиб, қўшиқлар куйлашмоқда, қолганлар кўчаларда баррикадалар ўрнатишмоқда. «Агар улар бизга қарши келишса, биз қўзғаламиз. Агар бизга ҳужум қилишса, ҳимояланамиз. Бизни ҳарбийларнинг этиклари остида тиз чўктира олишмайди», дея намойишчилардан бирининг сўзларини келтиради Reuters.

Полициячилар Мянмадаги иккинчи энг йирик шаҳар Мандалайда, шунингдек, Лашо ва Пегу шаҳарларида намойишчиларга қарши қурол қўллаган.

Мянма бўйлаб норозилик намойишчилари шанба куни ҳам ўтказилди, шу куни ҳам намойишлар кўздан ёш сиздирувчи газлар ва шовқинли гранаталар орқали тарқатилган, полиция ҳавога огоҳлантирувчи ўқлар узган. Мянма давлат телевидениеси маълумотига кўра, шанба куни мобайнида жами 470дан ортиқ киши ҳибс қилинган.

Мянманинг фуқаролик ҳукумати ағдарилишига қарши намойишлар феврал ойи бошидан буён тинмаяпти, 1 феврал куни ҳарбийлар пойтахт кўчаларига аскарларни киритиб, янги сайланган парламентнинг илк сессияси ўтказилишига тўсқинлик қилишганди. Армия мамлакатнинг олдинги раҳбарлари, шу жумладан, амалдаги етакчи Аунг Сан Суу Ки ва президент Вин Мьинни уй қамоғига ташлаган, мамлакатда бир йил муддатга фавқулодда ҳолат жорий этилган. Бундан ташқари, йирик шаҳарларда кечки соат 8дан эрталабки соат 4гача комендантлик соати жорий қилинган.

Аввалига полициячилар намойишчиларни тарқатиш учун фақат кўздан ёш сиздирувчи газ ва резина ўқлардан фойдаланаётганди, аммо сўнгги ҳафта давомида айрим ҳолатларда ўқотар қурол ҳам қўлланиши кузатилди.

Янгондаги тўқнашувларда жароҳатланган намойишчилардан бири / Reuters

Бир ҳафта муқаддам Мянмадаги намойишларнинг илк қурбони - 20 ёшли қиз дафн этилди, кўп ўтмай яна икки намойишчи ўққа учиб ҳалок бўлди. Reuters агентлиги шу кунгача Мянмадаги намойишлар вақтида ҳалок бўлганлар сони 5тани ташкил қилганини маълум қилган. Мамлакат армияси маълумотига кўра, тўқнашувлар вақтида бир полициячи ҳам ҳалок бўлган.

Мухолифат аҳолини ҳарбийларни ҳокимиятдан четлатиш ва Аунг Сан Су Кини ва «Демократия учун миллий лига» раҳбариятини озод этиш талаби билан умуммиллий иш ташлашлар ўтказишга чақирмоқда.

Су Ки айни вақтда уй қамоғида, уни чегарадан ноқонуний равишда рация ўтказиш, уни сақлаш ва фойдаланиш орқали импорт тўғрисидаги қонуни бузишда, шунингдек, фавқулодда вазиятлар тўғрисидаги қонунни бузганликда айбланмоқда.

Мянма армияси янги парламент сайловлари ўтказишни ваъда қилмоқда, шу билан бирга, «Демократия учун миллий лига» партияси ғолиб бўлган аввалги сайловлар натижаси сохталаштирилганини айтмоқда. Шу билан бирга, улар ўз айбловлари учун ҳеч қандай далил келтиришмаган ва янги сайловлар санасини маълум қилишмаган.

БМТ элчисининг ҳайдалиши
Шанба куни ҳарбий ҳукумат қарори билан БМТнинг Мянмадаги элчиси Жо Мо Тун ишдан бўшатилгани маълум қилинди. Бунинг сабаби дипломатнинг «ҳарбий бошқарувни тугатиш учун исталган воситадан фойдаланиш»га чақириғи бўлган. Давлат телевидениесида айтилишича, Жо Мо Тун «мамлакатни сотган», шунингдек, «элчи сифатидаги ваколатларини суиистеъмол қилган».

Мандалайдаги намойишчилар / EPA

Дипломат Reuters билан суҳбатда ўз эътиқодидан воз кечмаслигини билдирган. «Мен кучим етган қадар курашишга қарор қилганман», деган у.

Мянма 1962 йилдан 2011 йилга қадар ҳарбий режим бошқарувида бўлган. 1988 йилда ҳарбийларга қарши намойишлар қонга ботирилган - ўшанда 3 мингдан ортиқ киши ўлдирилган, 2007 йилги намойишларда эса 30 нафар намойишчи ҳалок бўлган.

2011 йилда ҳарбийлар халқаро ҳамжамият босими остида босқичма-босқич демократияга ўтиш жараёни бошланишини маълум қилишди, аммо улар парламентдаги ўринларнинг 25 фоизини ўзлари учун кафолатлашди, шунингдек, кучишлатар тузилмалар устидан назорат ҳарбийларда қолди.

Шундан кейин ўтказилган барча сайловларда Аунг Сан Суу Кининг партияси ғалаба қозониб келади, у 30 йилга яқин вақт давомида демократия учун кураш етакчиси бўлганди.

Ўтган йил ноябрида бўлиб ўтган парламент сайловларида Аунг Сан Суу Кининг партияси - «Демократия учун миллий лига» мутлақ ғалабага эришади ва ҳукуматни мустақил шакллантириш ҳуқуқига эга бўлади. 1 феврал куни янги парламентарийларнинг илк йиғилишида янги ҳукумат шакллантирилиши режалаштирилганди, аммо бу йиғилиш бўлиб ўтмади.

Мавзу
Мянмада ҳарбийлар исёни
1 феврал куни Мянмада ҳарбийлар мамлакатнинг амалдаги раҳбари Аунг Сан Суу Кйини ҳибсга олиб, ҳокимият армия бош қўмондони Мин Ауинг Ҳлаингга ўтганини, бир йил давомида фавқулодда ҳолат режими амалда бўлишини эълон қилишди.
Барчаси
Top