Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
2025 йилда 6 нафар топ-блогер 2,7 млрд сўм даромад олгани айтилди
Электрон ҳисобварақ-фактуралар асосида тақдим этилган маълумотларга кўра, мазкур блогерлар бюджетга 110,4 миллион сўм солиқ тўлаган.
Фото: Давлат солиқ қўмитаси
Солиқ қўмитасида ўтказилган очиқ мулоқотда блогерларни солиққа тортиш масаласи муҳокама қилинди. Қайд қилинишича, жараён ҳозир ўрганиш босқичида.
Солиқ қўмитасининг маълумотларига кўра, соҳани тизимли ўрганиш доирасида энг фаол 110 нафар блогер рўйхати шакллантирилган. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, уларнинг 55 нафари ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида, 33 нафари якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган, қолган 22 нафари эса жисмоний шахс мақомида фаолият юритмоқда.
«Бу эса блогерлик фаолиятининг амалдаги кўлами билан унинг ҳуқуқий мақоми ўртасида муайян номутаносиблик мавжудлигини кўрсатади», дейилади хабарда.

Алоҳида эътибор 3 миллиондан ортиқ обуначига эга 6 нафар топ-блогер фаолиятига қаратилди. Аниқланишича, 2025 йил давомида улар томонидан 360 та «сторис» ва 184 та реклама пости жойлаштирилган. Электрон ҳисобварақ-фактуралар асосида тақдим этилган маълумотларга кўра, мазкур блогерларнинг жами даромади 2,7 миллиард сўмни ташкил этган, бюджетга эса 110,4 миллион сўм солиқ тўланган.
Таъкидланишича, учрашув давомида иштирокчиларга реклама жойлаштиришдан олинадиган даромадларни солиққа тортиш тартиби батафсил тушунтирилди. Хусусан, ўзини ўзи банд қилган шахс мақоми ходим ёллаш ҳуқуқини бермаслиги, амалда эса айрим блогерлар томонидан администраторлар ва бошқа мутахассислар жалб этилаётгани қайд этилган.
Солиқ қўмитаси мутасаддиларининг қайд қилишича, блогерлик фаолиятини қонунчилик талабларига мувофиқлаштириш ва даромадлар шаффофлигини таъминлаш бугунги кунда долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.

Мавзуга оид
15:37 / 06.05.2026
Маркировкали сув ва ичимликларни агрегациялаш кечиктирилади
18:42 / 05.05.2026
Тадбиркорларни қийнаётган солиққа оид айрим муаммолар бўйича президентга таклифлар киритилди
20:40 / 04.05.2026
96 минг сўмлик ҳаракат учун 140 млрд сўм жарима — мутахассис тадбиркорларни банкрот ҳолатига олиб келаётган маркировка жарималари ҳақида
07:27 / 04.05.2026