Жамият | 12:05 / 18.02.2021
16541
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида беш гектар ерни 1 млн долларга сотмоқчи бўлган шахс қўлга олинди

Тошкент вилояти Паркент туманида акасининг боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжалигига тегишли 5 гектар ер майдонини бошқа бир фуқарога 1 миллион АҚШ долларига сотмоқчи бўлган шахс қўлга олинди.

«Ўзбекистон 24» телеканалида маълум қилинишича, бунинг учун у аввал мазкур ер майдонини фермер хўжалиги ихтиёридан чиқариб, туман ҳокимлиги захирасига қайтаришни, сўнгра эса ҳокимликдаги танишлари орқали харидор фуқаронинг номига расмийлаштириб беришни режалаштирган.

ДХХ Тошкент вилояти бошқармаси ходимларининг вилоят прокуратураси ҳамда иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбири давомида фирибгар шахс сўралган пулдан 100 минг долларни аванс сифатида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Яна бир ҳолатда Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи 4 нафар фуқаро ўзганинг ишончига кириб, унга Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани «Новобод» МФЙ ҳудудидан 5 гектар ер майдонини 300 минг АҚШ долларига сотишларини айтишади ва ундан сўралган пулни олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.

Терговолди суриштирув ҳаракатлари давомида маълум бўлишича, улар 2019 йил Бўстонлиқ тумани ҳокими қарори билан маҳаллий МЧЖлардан бирига дам олиш маскани қуриш мақсадида ажратиб берилган мазкур ер майдонини сотиш ҳуқуқи мавжуд эмаслигини билган ҳолда ноқонуний ишга қўл уришган.

Мавзуга оид