Иқтисодиёт | 20:56 / 22.08.2022
77873
7 дақиқада ўқилади

Президент тадбиркорлар учун қандай енгилликларни эълон қилди?

22 август куни президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида кўплаб янгиликларни эълон қилди. Kun.uz давлат раҳбари билдирган барча ташаббусларни зарур изоҳлар билан санаб ўтади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Корхоналар тоифаларга ажратилади

Президент соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш юзасидан 5 та йўналишда ташаббусларни билдирди. Биринчи йўналишга кўра, корхоналар тоифаларга ажратилиб, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида ёндашув белгиланади.

Бунда, корхоналар йиллик айланмаси бўйича тоифаларга ажратилади. Булар:

  • 1 миллиард сўмгача бўлгани – микро бизнес;
  • 10 миллиард сўмгача бўлгани – кичик бизнес;
  • 100 миллиард сўмгача бўлгани ўрта бизнес тоифасига киради.

2023 йил 1 январдан бошлаб микро бизнес учун айланмадан олинадиган солиқнинг амалдаги 4 фоиздан 25 фоизгача бўлган ставкалари ўрнига ягона 4 фоизли солиқ ставкаси жорий этилади.

Бунда, олис ҳудудлардаги ва алоҳида тоифадаги тадбиркорлар учун амалдаги 1 ва 2 фоизли ставкалар сақланиб қолади.

Ёки, улар ихтиёрий равишда йилига 20-30 миллион сўм тўласа, бухгалтерия ҳисобини юритиш ва солиқ идораларига тақдим этиш мажбуриятидан озод этилади. Давлат солиқ қўмитасининг Kun.uz'га маълум қилишича, бу режим кимга қандай тадбиқ этилиши борасида алоҳида тартиб ишлаб чиқилади.

Тоифалар бўйича алоҳида солиқ режимлари жорий қилинади

Иккинчи тоифа, яъни айланмаси 1 миллиард сўмдан ошиб, умумий солиқ тўлаш тартибига ўтган корхоналар бир йил давомида фойда солиғини 2 баробар кам тўлайди.

2023 йил 1 январдан:

  • кичикдан ўрта бизнесга ўтган корхоналар икки йил давомида фойда солиғининг фақат 50 фоизини тўлайди;
  • мулкни суғурта қилиш харажатларининг 50 фоизи давлат ҳисобидан қоплаб берилади;
  • соддалаштирилган солиқ, молиявий ва статистика ҳисоботлари жорий этилади;
  • давлат харидларида 20 фоиз квота ўрнатилиб, ушбу харидлар доирасида уларга олдиндан 50 фоиз маблағ тўлаб берилади (амалда 15 фоиз).

ҚҚС ставкаси пасайтирилади

2023 йил 1 январдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи ставкаси ҳозирги 15 фоиздан 12 фоизга туширилади.

Президент 2023 йилдан ҚҚС 12 фоиз бўлиши ҳақида ўтган йили президентлик сайловлари олдидан эълон қилган эди. Бу кейинчалик 2022 йилги “Бюджетнома”да ҳам акс этди.

“Очиқ айтишим керак, “иқтисодиёт пандемия туфайли ҳали тўлиқ тикланмади, жаҳон иқтисодиётидаги вазият яхши эмас, шу сабабли буни кейинга қолдирайлик”, деб таклиф берганлар ҳам бўлди”, – деди Шавкат Мирзиёев бугунги нутқида.

Тадбиркорларнинг оширилган солиқ ставкалари бўйича ҳисобланган 2 триллион сўмлик қарзларидан воз кечилади

Жорий йил 1 июлдан бошлаб бўш бино, фойдаланилмаётган ер участкасига нисбатан мол-мулк ва ер солиқларининг оширилган ставкаларини қўллаш бекор қилинган эди.

Лекин аввал ошириб ҳисобланган солиқлар нима бўлади, деган савол 19 минг тадбиркорни безовта қилмоқда ва бу бўйича кўплаб мурожаатлар келиб тушган.

“Шуларни инобатга олиб, тадбиркорларнинг оширилган солиқ ставкалари бўйича ҳисобланган 2 триллион сўмлик қарзларидан бутунлай воз кечсак, нима дейсизлар?” – таъкидлади давлат раҳбари.

Кичик бизнес лойиҳаларига 20 триллион сўм йўналтирилади

Президент илгари сурган иккинчи ташаббус – тадбиркорлар фаолиятини кенгайтириш, янги лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай молиялаштириш тизимини яратиш борасида бўлди.

Бу борада кичик бизнес лойиҳаларига 20 триллион сўм йўналтирилиши маълум қилинди.

Туман ва шаҳарлар учун бизнесга алоҳида ёндашувлар жорий қилинади.

Учинчи йўналиш ҳақида сўз юритар экан, Президент кредит бериш масаланинг фақатгина бир томони экани, бизнес юриб кетиши учун етарли шарт-шароит, инфратузилма ва кафолатли бозор кераклигини қайд этди.

Шу сабабли, энг аввало, туман ва шаҳарларнинг шароитидан келиб чиқиб бизнес учун алоҳида ёндашувлар жорий этилади.

Тадбиркорларнинг мулки ҳимояси кучайтирилади

Бу ташаббус 4-йўналиш сифатида илгари сурилди. Бундан буён ер ва мулк ажратиш ҳақидаги қарорларни бекор қилиш фақат суд тартибида бўлади.

Шавкат Мирзиёев ҳокимларнинг мулк ҳуқуқига оид қарорларни улар томонидан бекор қилишга йўл қўйилмаслигини айтди. Яъни ҳуқуқ берувчи ҳужжатни фақат суд ҳақиқий эмас, деб топиши мумкин бўлади.

“Бўлди энди, бир ҳоким келади, иккинчиси унинг қарорини бекор қилади. Бу нима деган гап?” – деди президент.

Тергов жараёнида мол-мулкни хатлаб қўйиш амалиёти ўзгаради

Ўтган 3 йилда терговчилар томонидан аниқланган зарардан икки баробар кўп мол-мулк хатланган (1,5 триллион сўм).

Эндиликда ҳар бир хатловнинг асосли экани суд томонидан кўриб чиқилади, қарорни фақат суд қабул қилади.

Тадбиркорларга нисбатан янги жавобгарлик ва жазо чораларини жорий этишга 3 йиллик мораторий эълон қилинади

Бешинчи йўналиш сифатида тадбиркорлар фаолиятини назорат қилиш ва уларни жавобгарликка тортиш масалалари тилга олинди.

Жазо чораларини қўллашга 3 йиллик мораторий эълон қилиниши билан бирга, тадбиркорларга нисбатан мажбуриятлар юклайдиган янги қонун ҳужжатлари қабул қилинганда, йўл қўйган хатоси учун тадбиркорга 6 ой давомида жазо қўлланилмайди.

Солиқ текширувлари билан боғлиқ жазолар енгиллаштирилади

Кичик бизнес вакиллари томонидан солиқ текширувлари билан боғлиқ жарималарнинг тури кўплиги ва оғирлиги масаласи бўйича кўплаб мурожаатлар келиб тушган. Мисол учун, бугунги кунда айланмадан солиқ тўлаётган 370 мингдан зиёд кичик тадбиркорларнинг солиқ бўйича ўртача ойлик тўлови 1 миллион сўм атрофида.

Лекин, касса чеки бермагани учун 5 миллиондан 10 миллион сўмгача молиявий, шунингдек 3 миллиондан 12 миллион сўмгача маъмурий жарима солинади. Яъни кичик тадбиркорлар учун ҳам, йирик корхоналар учун ҳам жазо бир хил.

Савдо соҳасида фаолият кўрсатадиган тадбиркорларни қарийб 30 йилдан бери қийнаб келадиган муаммо ҳам ечилади, яъни савдо қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик тўлиқ бекор қилинади (Жиноят кодексининг 189-моддаси).

Биринчи марта хато қилган кичик бизнес вакилларига жазо чораси қўлланилмайди. Бунинг ўрнига камчиликларни бартараф этишга солиқ идоралари кўмакчи бўладиган тизим жорий этилади. Жарималар миқдори ҳам тадбиркорларнинг тўлаётган солиғидан ошиб кетмаслиги керак.

Савдо-саноат палатаси кучаяди

Савдо-саноат палатаси ҳукумат бўйсунувидан тўлиқ чиқарилади. Палата ҳукуматга кўриб чиқиши мажбурий бўлган масала киритиш ваколатини олади.

Бундан ташқари, ССПга тадбиркор манфаатини кўзлаб Олий судга ариза бериш ҳамда иқтисодий, маъмурий ва жиноят ишлари бўйича суд қарорларини қайта кўриб чиқиш юзасидан шикоят киритиш ваколатлари ҳам берилади.

Ўз навбатида, ССПнинг ҳудудий бошқарма ва бўлимлари ҳам ҳоким ва бошқа ҳудудий раҳбарларга кўриб чиқиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш ҳуқуқига эга бўлади.

Жамоатчилик кенгаши ва янги унвон

Юқорида айтилган барча таклифларни амалга ошириш учун Президент ҳузурида Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича Жамоатчилик кенгаши тузиладиган бўлди.

Бундан ташқари, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган тадбиркор” фахрий унвони ҳам таъсис этилади.

Мавзуга оид