Жаҳон | 00:35 / 18.04.2020
13324
7 дақиқада ўқилади

Англиядаги инқироз. Ҳукуматга қандай саволлар бор?

2019 йил декабрь ойида Хитойнинг Уҳан шаҳрида пайдо бўлган коронавируснинг янги тури Covid-19 кўз очиб юмгунча бутун дунёни ўз таъсири остига олди. Англия бугун вирусга чалиниш ҳолатлари энг кўп қайд этилган Европа давлатлари орасида Испания, Италия, Франция ва Германиядан кейинги ўринда жойлашган.

Рақамлар муттасил ўсиб бормоқда

2020 йил 31 январь куни мамлакат шимолидаги Йорк шаҳрида хитойлик жуфтликда илк бор аниқланган вирус кўп ўтмай Сингапурдан қайтган Британия фуқаросида ҳам аниқланди. Ушбу ҳолатлардан сўнг ҳар кун рақамлар муттасил ўса бошлади.

Айни пайтдаги ҳолатга кўра, Буюк Британия дунёда энг кўп зарарланиш ҳолатлари қайд этилган ўнта мамлакат орасида олтинчи, ўлим даражаси энг юқори бўлган давлатлар орасида эса бешинчи ўринни эгаллаб турибди. Ҳозиргача мамлакатда 108 мингдан ортиқ кишида вирус аниқланган, 14 минг 576 киши эса вафот этган.

Ушбу рақамлар билан Англия эпидемия маркази бўлган Хитойдан ўтиб кетди. Энг ёмони, агар вирус шу суръатда тарқалишда давом этса, апрель ойи охирига бориб мамлакатда касалликка чалинганлар сони 150 мингдан, ҳалок бўлганлар сони эса 20 мингдан ошиб кетиши мумкин. Юқорида келтирилган фикрларга асосланиб айтиш мумкинки, Covid-19 кўплаб мамлакатлар қатори Англия учун ҳам даҳшатга айланди.

«Пода иммунитети» иш бермади

Мамлакатнинг бу каби аянчли ҳолга тушиб қолишининг асосий сабаби эпидемияга қарши курашда февралдан март ойи ўрталарига қадар «пода иммунитети» усулидан фойдаланилганидир. Ушбу хавфли сиёсат вируснинг назорат остида ёйилишини назарда тутар, унга кўра, жамиятнинг 60 фоиздан ортиғи, яъни камида 35 миллион фуқаро вирусдан ҳимояланиши тусмол қилинганди. Унга кўра, жамиятнинг асосий қисми вирус юқтириб, унга қарши иммунитет ҳосил қилиб, эпидемия аста-секин бартараф этилиши керак эди. Миллий соғлиқни сақлаш тизими (NHS) доирасидаги касалхоналарда  жонлантириш бўлимлари ва нафас олиш ускуналари етарли эмаслигига қарамай, ушбу сиёсатдан маълум муддат воз кечилмай турилгани бугунги фалокат кўламининг сезиларли даражада кенгайишига олиб келди.

Март ойи ўрталарига келиб, мамлакатда вирусга чалиниш ҳолатлари кескин ортиб кетгани ва агар кечикилса, юз минглаб ўлим содир бўлиши мумкинлигини ифода этувчи илмий хулосалар эълон қилиниши ортидан жамоатчилик орасида кескин муносабатлар пайдо бўлди. Натижада Жонсон ҳукумати ўз фикрини ўзгартиришга ва вирусга қарши курашда қатъий чоралар кўришга мажбур бўлди. Аммо бу пайтга келиб мамлакатга кириш-чиқишни тақиқлаш, жамоат жойларини ёпиш, мактабларга таътил бериш каби чора-тадбирларни қўллашда вақтдан бой берилганди.

Инглизларнинг энг ожиз нуқтаси нима?

Ҳукуматнинг эпидемияга қарши курашдаги усулни ўзгартирганидан халқ мамнун бўлди, деб айтиш мумкин. Зотан, бир илмий тадқиқот компанияси томонидан ўтказилган ва натижалари 9 апрель куни эълон қилинган сўровномага кўра, «Сизнингча, ҳукумат эпидемияга қарши курашда тўғри йўл тутдими?» деган саволга 12-14 март кунлари 49 фоиз одам «Ҳа» деб жавоб берган бўлса, 2-4 апрелда ўтказилган айни шу мазмундаги  сўровномада бу кўрсаткич 66 фоизга кўтарилган.

Буюк Британиянинг демографик таркиби ҳам эпидемия шароитида муҳим аҳамиятга эга. Чунки мамлакат аҳолисининг тахминан 30 фоизи 55 ва ундан юқори ёшдаги фуқаролардан иборат бўлиб, бу – эпидемияга қарши курашда инглизларнинг энг ожиз нуқтасидир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) кекса ёшдаги одамлар ва сурункали касалликка чалинган инсонлар коронавирусга таъсирчан эканини таъкидлаб турган бир пайтда Англия аҳолисининг учдан бир қисми хавф гуруҳида қолаётгани ҳисобга олинса, ҳозирги ўлимлар сони юқорилиги у қадар ҳам ажабланарли эмас экани ойдинлашади.

Соғлиқни сақлаш тизими инқирозга юз тутди

Бугун мамлакатда эпидемия билан курашишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган соғлиқни сақлаш тизими буткул инқирозга юз тутди. Зотан, айрим шаҳарларда касалхоналар етарли эмаслиги сабаб дала шифохоналари ташкил қилингани, нафақага чиққан тиббиёт ходимлари қайта хизматга чақирилгани, баъзи шифохоналарда муҳофаза воситалари етишмовчилиги сабаб чиқинди пакетлардан фойдаланилгани, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан шифохоналарга жўнатилган ниқобларнинг қўлланиш муддати ўтиб кетгани каби мисоллар ҳам буни тасдиқлаб турибди.

Шунингдек, беморлар ҳаётини сақлаб қолишда муҳим аҳамиятга эга бўлган жонлантириш бўлимлари ва нафас олиш мосламалари миқдори талабни қондира олмаслиги, Хитойдан олиб келинган тест тўпламлари яроқсиз чиққани туфайли кунлик тестлар сони сезиларли равишда камайиб кетганини ҳам бу «рўйхат»га илова қилиш мумкин. Қолаверса, ҳар гал сайлов жараёнларида кун тартибига чиқувчи, кейин эса тамоман унутилувчи соғлиқни сақлаш тизими муаммолари ҳам вазият шу қадар аянчли тус олишига сабаб бўлди.  

Тушкунликнинг туб илдизи қаерда?

Таъкидлаш жоизки, Англия Иккинчи жаҳон урушидан бери бундай даҳшатли ижтимоий ва тиббий инқироз билан рўбарў келмаганди. Шу боис ҳам жамиятда жиддий ташвиш ва тушкунлик пайдо бўлди. Вирус туфайли ҳаётдан кўз юмган инсонлар сони кўплиги, доимий равишда уйда ўтириш мажбурияти, ижтимоий муносабатлар чеклангани каби ҳолатлар ушбу тушкунликнинг туб илдизларидир.

Бундан ташқари, рақамли платформаларда тарқатилаётган ёлғон хабарлар ва фитна назариялари ҳам одамларнинг умидсизлигига сабаб бўлмоқда. Эпидемиянинг қанча вақт давом этиши ва ҳаёт қачон нормал ҳолатга қайтиши каби саволларга аниқ жавоб берилмагунча ушбу пессимистик кайфият сақланиб қолиши кутилмоқда. Бироқ кўплаб хайрия ташкилотлари ва баъзи муниципалитет ҳамда шаҳар кенгашлари ушбу машаққатли кунларда муҳтожларга ёрдам бериш бўйича бир қатор кампанияларни ташкил этиш орқали ўзаро бирдамлик туйғусини кучайтиришга ҳаракат қилишмоқда.

«Бошқа бир келажак ҳам бор»ми?

Англия эпидемия сабабли оғир замонларни бошдан кечираётган бир пайтда, мамлакатдаги асосий мухолифат етакчиси ўзгарганини ҳам назардан қочирмаслик лозим. Ўтган йилнинг декабридаги навбатдан ташқари сайловларда мағлубиятга учраган Ишчилар партиясининг собиқ раҳбари Жереми Корбин мағлубият учун жавобгарликни тўлиқ ўз зиммасига олганини эълон қилди ва партия раҳбарлигидан кетишини билдирди.

Шу муносабат билан 57 ёшли Кей Стармер Covid-19 даҳшати соясида 4 апрель куни «Бошқа бир келажак ҳам бор» шиори билан Ишчилар партиясининг янги раҳбари этиб сайланди. Айни пайтда эпидемия сабаб юзага келган вазият туфайли  ҳукуматни нишонга олмаётган Стармер вирус бартараф этилиши ҳамон «пода иммунитети» ва соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммолар учун ҳукуматни аёвсиз саволлар ўқига тутиши кутилмоқда.

Мавзуга оид