Ўзбекистон | 22:50 / 02.05.2019
43612
8 дақиқада ўқилади

«Чўнтак адвокатлари» ҳақида: Президент қарорининг ижроси нима учун кечикяпти?

«Advokatnews» нашри бепул юридик ёрдам мавзусига бағишланган давра суҳбати ҳақида ёза туриб, қизиқ бир фактни келтирган. Тадбирда қатнашган Молия вазирлиги департаментининг бош иқтисодчиси Любовь Александровна 2009 йилдан 2018 йилни ҳам ичига олган давргача жиноят ишлари бўйича давлат бюджетидан 75 миллиард сўм ажратилгани, маблағлар қандай сарфланаётганини текшириш мақсадида Тошкент шаҳри ва вилоятига чиқилгани ҳамда мантиққа зид ва ақлга сиғмайдиган далилларни аниқлагани ҳақида айтиб берибди.

Масалан, Зангиота туманида бир адвокат 2 январь куни бир кунда 162 одамга хизмат кўрсатган. «Бу ҳақиқатга тўғри келадими?» дея ҳайратини яшира олмаган Молия вазирлиги вакили.

Таъкидлаш жоиз, бу ерда «хизмат кўрсатиш» деганда, мижозларга шунчаки ҳуқуқий консультация бериш назарда тутилмаяпти. Гап жиноят ишлари доирасида (фуқаролик, маъмурий ёки иқтисодий ишларда эмас) гумонланувчи, айбланувчи ва судланувчига давлат ҳисобидан ҳуқуқий ёрдам кўрсатувчи адвокатлар ҳақида кетмоқда.

Қандай ҳолларда адвокат учун давлат ҳақ тўлайди?

Жиноят-процессуал кодексининг 50-моддасига биноан, ишни юритаётган суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд гумон қилинувчини, айбланувчини, судланувчини юридик ёрдам учун тўловдан батамом ёки қисман озод этишга ҳақлидир.

Вазирлар Маҳкамасининг 20.06.2008 йилдаги 137-сонли «Адвокатлар томонидан кўрсатилган юридик ёрдам учун давлат ҳисобидан ҳақ тўлаш механизмини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига биноан, иккита ҳолатда адвокатлар учун ҳақ давлат томонидан қоплаб берилиши кўзда тутилган:

1) оиласида ҳар бир оила аъзосига тўғри келадиган ялпи ойлик даромад энг кам ойлик иш ҳақининг 1,5 бараваридан ортиқ бўлмаган (бугунги кунда 304 минг сўм) шахслар учун;

2) гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчи ҳимоячидан воз кечиши билан боғлиқ процессуал ҳаракатда адвокат иштирок этиши ҳолларида, шунингдек ЖПК 52-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ жиноят ишида ҳимоячининг қатнашиши мажбурий деб ҳисобланган ҳолларда.

Биринчи ҳолатни ортиқча тушунтириш шарт бўлмаса керак, кам таъминланган фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида давлат уларни ўз ҳисобидан адвокат билан таъминлаб беради.

Иккинчи ҳолат муштарийга бироз тушунарсиз бўлиши мумкин, шу сабабли қисқа изоҳ берамиз. Жиноят содир этишда гумон қилинаётган, айбланаётган шахслар ёки судланувчилар исталган пайтда ҳимоячидан воз кечишга ҳақлидир. Бунга ҳеч ким монелик қила олмайди. Аммо шундай жиноят ишлари борки, гарчи ҳимоячидан воз кечилган бўлса ҳам, уларда адвокат иштирок этиши шарт. Масалан, вояга етмаганлар, соқовлар, карлар, кўрлар, жисмоний нуқсони ёки руҳий касаллиги сабабли ўзини-ўзи ҳимоя қилиш ҳуқуқини амалга оширишга қийналадиган бошқа шахсларнинг иши бўйича ва ҳ.к. Бу каби ишларнинг тўлиқ рўйхати ЖПКда санаб ўтилган.

Бундай вазиятда давлат ўз ҳисобидан адвокат билан таъминлаб беради.

Давлат қанча ҳақ тўлайди?

02.12.2008 йилдаги «Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчига адвокатлар томонидан юридик ёрдам кўрсатиш бўйича харажатларни давлат ҳисобига ўтказиш тартиби тўғрисида»ги низомда (рўйхат рақами 1878) тўловлар миқдори белгиланган.

Низомга кўра, жиноят ишларида адвокатлар томонидан юридик ёрдам кўрсатилгани учун тўлов ҳар бир кун учун ЭКИҲ 50 фоизи миқдорида амалга оширилади. Бу бугунги кунда 101 минг 365 сўм бўлади.

Юқоридаги мисолда оладиган бўлсак, Зангиотада 1 кунда 162 кишига хизмат кўрсатган адвокатга давлат 16 млн 421 минг сўм пул тўлаб берган. Бир кунда шунчаки имзо қўйиб, 2 минг АҚШ долларига яқин пул топиб турсангиз ёмон эмас, нима дедингиз?

Ия, тўхтанг, бир жойига эътибор бермабмиз, адвокат тушмагур ундан ҳам кўпроқ даромад қилган бўлиб чиқяпти-ку? Қандай дейсизми? Тушунтираман.

Низомнинг 9-бандига кўра, дам олиш ва байрам (ишланмайдиган) кунлари адвокатлар томонидан юридик ёрдам кўрсатилгани учун тўлов ЭКИҲнинг 100 фоизи (202 минг 730 сўм) миқдорида амалга оширилар экан.

2019 йил 2 январь куни эса 12.11.2018 йилдаги Президент Фармонига биноан барча учун қўшимча дам олиш куни сифатида белгиланган. Бундан келиб чиқадики, 2 январь куни 162 кишига юридик хизмат кўрсатган адвокат учун давлат 32 млн 842 минг сўм тўлов ўтказиб бериши керак бўлган. Оббо тушмагурей, мана буни ҳақиқий инновацион тадбиркорлик деса бўлади.

Муаммонинг ечими борми?

Бундайин «чўнтак» адвокатлари борлиги, афсуски, жиноят-процессуал қонунчилигининг оғриқли нуқталаридан биридир. Сабаби бу каби ўз ҳимояси остидаги шахсларнинг тақдирига мутлақо қизиқмайдиган, уларни ҳимоя қилиш учун зиғирча ҳаракат ҳам қилиб қўймайдиган, асосийси терговчи кўрсатган жойга имзо қўйишдан нарига ўтмайдиган қўштирноқ ичидаги «адвокатлар» мисоли жамиятдаги адолат тизимини кемириб ётган кемирувчилардир. Улар адвокатура институтига нисбатан халқ орасида ишончсизлик келтириб чиқаради ва энг асосийси ҳалол ҳамда ўз касбининг фидойиси бўлган бошқа адвокатларни иснодга қўяди.

Аслида муаммонинг ечими учун илк қадамлар ташлаб бўлинган. Аниқроқ айтадиган бўлсак, ўтган йилнинг 12 май санасида «Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5441-сонли Президент қарори қабул қилинган эди.

Мазкур қарор билан тасдиқланган адвокатура институтини янада такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар дастурининг 14-бандида гумонланувчи, айбланувчи ва судланувчига давлат ҳисобидан ҳуқуқий ёрдам кўрсатувчи адвокатни автоматик равишда танлаш бўйича махсус электрон тизимни жорий этиш вазифаси белгиланган.

Бу нима дегани?

Ҳозирги тартибга кўра, суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд ҳимоячи тайинлаш тўғрисида сўров юборганда (қоғозда), Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаси томонидан белгиланадиган адвокатлик тузилмаси раҳбари 4 соатдан кечиктирмай жиноят иши бўйича ҳимоячининг иштирокини таъминлайди. Яъни мана шу жойда инсон фактори муҳим роль ўйнайди. Терговчи қайси адвокатни хоҳласа, ўшани чақириб олиш имконияти бор. Адвокатлар палатаси қайси адвокатлик тузилмасини танлашни, адвокатлик тузилмаси раҳбари эса қайси адвокатни «дежурка»га юборишни ўзи белгилайди. Уларнинг истаклари имкониятлари билан ҳамоҳангдир. Инсон фактори аралашган жойда эса, нималар бўлишини ўзингиз яхши билсангиз керак.

Президент қарорида таклиф этилаётган тизим эса ушбу жараёнда инсон факторини четга суради, тасодифий танлашга асосланган махсус электрон тизим автоматик равишда шу ишда қайси адвокат қатнашишини белгилаб беради. Бу биринчидан шаффофликни таъминласа, иккинчидан адвокатлар ўртасида тенгликни юзага келтиради. Қайсидир адвокат 1 кунда 162та, яна бошқа бири 162 кунда 1та давлат томонидан ҳақ тўланадиган ишга тайинланишига чек қўйилади.

Президент қарори ижроси нега 5 ой кечикмоқда?

Хўп, тизимку яхши экан, лекин унинг ижроси қачон бўлади?

Агар Президент қарорига назар ташласак, мазкур банд учун ижро муддати 2018 йил 1 декабрь этиб белгиланган. Қарор қабул қилинганига салкам 1 йил бўлди, белгиланган муддат ўтиб кетганига эса 5 ойдан ошди. Аммо ҳали-ҳануз бу тизим ишга тушгани йўқ.

Қарорда мазкур тизимни яратишга масъул сифатида Адвокатлар палатаси ва Адлия вазирлиги белгиланган. Қизиқ, ушбу икки ташкилот нима учун Президент қарорида белгиланган топшириқнинг ижроси 5 ойдан кўпроқ вақтга кечикаётгани ва ўзи бу тизим қачон амалиётга жорий этилиши ҳақида бирор изоҳ берармикин?

Хушнудбек Худайбердиев, ҳуқуқшунос

Мавзуга оид