Иқтисодиёт | 21:17 / 06.02.2024
21279
3 дақиқада ўқилади

Алоқабанкнинг Zoomrad иловасида юзага келган муаммо 4 кун ўтиб ҳам ечилмаган

Ўтган ҳафта сўнгида Алоқабанк мобил иловасидаги айрим операцияларни амалга оширишда узилишлар кузатилган. Мижозларнинг пул ўтказмалари «ҳавода осилиб» қолган. Ана шундай мижозлардан бири банкнинг бош офисига шахсан бориб ҳам муаммосига ечим топа олмаган.

Жорий йил 2 феврал – жума куни якунига бориб Алоқабанкнинг Zoomrad мобил иловасидаги айрим операцияларни амалга оширишда муаммолар юзага кела бошлаган. Оқибатда мижозларнинг пул ўтказмаларига оид айрим операциялар якунига етмай қолган.

Kun.uzʼга мурожаат қилган фуқаролардан бирининг маълум қилишича, 4 суткадан бери унинг конвертация билан боғлиқ муаммоси ҳал этилмаган. Банкнинг бош офисига борганда эса, банк ходими муаммони ҳал қилиш ўрнига, колл-марказга телефон қилишни “тавсия қилган”.

«2 феврал – жума куни Zoomrad мобил иловаси орқали 6 млн 980 минг 400 сўм пулимни долларга айлантирмоқчи бўлиб, керакли амалиётни амалга оширдим, шу заҳотиёқ менинг сўм картамдан пул ечиб олинди, аммо хорижий валюта картамга пул тушмади. Эртаси (шанба куни)га банкнинг 71-230-77-77 рақамига қўнғироқ қилиб сўраганимда, пул кечгача тушушини айтишди. Якшанба ва душанба кунлари ҳам кутдим, лекин натижа бўлмади. 6 феврал, сешанба куни банкнинг бош офисига бордим, у ерда муаммони ҳал қилишни ечими сифатида 71-230-77-77 рақамига қўнғироқ қилишим кераклигини айтишди. Банк ходими узилишлар бўлганини тан олди ва менга ўхшаган мижозлар кўплигига урғу бериб, тез орада носозлик бартараф қилинади деди, лекин мана тўртинчи сутка ҳам ўтдики, пулдан дарак йўқ», дейди kun.uz мухбири билан суҳбатлашган банк мижози.

Маълумот учун, мобил илованинг ўзида 2 феврал куни берилган хабарда 3 феврал (шанба) куни 00:00 дан 6:00 гача техник ишлар олиб борилиши айтилган. Kun.uz’га банк ахборот хизматининг 3 феврал куни берган изоҳига кўра, иловадаги барча носозлик шанба куни тўлиқ бартараф этилиши керак эди.

«Zoomrad иловасида узилишлар бўлаётганининг сабаби техник ишлар олиб борилаётгани билан боғлиқ. Биз иловамиз янада қулай ва тезроқ ишлаши учун унга янги функцияларни киритяпмиз. Серверларимизни кучайтиряпмиз.

Дам олиш кунлари барча мижозларимизга ижтимоий тармоқлар ва илова орқали техник ишлар олиб борилиши борасида хабар бердик. Қисман, қайсидир мижозларимизда илованинг айрим функцияси ишламай қолган бўлиши мумкин. Ҳозирда иловада 1000 дан ортиқ функциялар бор, айни дамда техник ходимларимиз омонат функциясини тест қилишяпти. Айрим мижозларимизда ишлаяпти, айримларида эса ишламаяпти. Бунинг ҳаммаси тикланиб тўлақонли бугун (3 феврал) ишга тушади», деган эди у.

Мавзуга оид