Ўзбекистонга КХШТга аъзо бўлиш юзасидан таклиф келиб тушмаган — Шерзод Асадов
Ўзбекистон президент матбуот котиби Шерзод Асадов ОАВ учун ўтказилган анъанавий брифингда Kun.uz мухбирининг Афғонистондаги вазиятдан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон ташқи сиёсатида рўй бериши мумкин бўлган ўзгаришлар ва Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ/ОДКБ)га қайта аъзо бўлиш эҳтимоли юзасидан берган саволига жавоб қайтарди.
«Ўзбекистон 2012 йилда «Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолияти Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қонуни қабул қилиниши муносабати билан Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидаги аъзолигини тўхтатган эди. Ҳужжатга биноан, Ўзбекистон Республикаси ҳарбий-сиёсий блокларда қатнашмайди, шунингдек, ўз ҳудудида хорижий ҳарбий базалар ва объектларни жойлаштиришга йўл қўймайди.
Бундан ташқари, «Мудофаа тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4-моддасида мудофаа соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий тамойиллари қаторида «ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслик» тамойили кўрсатиб ўтилган.
Ҳозирги кунда шерик давлатларнинг Ўзбекистондан КХШТдаги аъзолигини тиклаш масаласини кўриб чиқиш бўйича таклифлари бўйича маълумотлар бизда мавжуд эмас», деди Шерзод Асадов саволга жавобан.
У Афғонистондан ўтган ҳарбийлар ўз давлатларига қайтариб юборилганини таъкидлади.
«Ўзбекистон Афғонистонда кучайиб бораётган зўравонликлардан хавотирда ва қарама-қарши курашаётган томонларни куч ишлатишдан тийилишга чақиради.
Жорий йилнинг 23 июнидан бошлаб Афғонистон қуролли кучлари ҳарбий хизматчилари томонидан Ўзбекистон давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтишга 4 марта уриниш бўлди. Натижада, жами 150га яқин афғон ҳарбий хизматчилари қўлга олиниб, уларнинг барчаси ўрнатилган тартибда ўз ватанига қайтарилди. Шу борада таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон келгусида ҳам ўз ҳудудига ноқонуний кириш ҳолатларига йўл қўймайди.
Албатта, биз Афғонистон билан яхши қўшничилик муносабатларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ушбу давлатнинг ички ишларига аралашмаслик тамойили тарафдори эканлигимизни яна бир бор тасдиқлаймиз», деди у.
Мавзуга оид
09:23 / 05.12.2024
Пашинян: Арманистон КХШТ билан муносабатларда ҳал қилувчи нуқтадан ўтди
15:50 / 04.11.2024
КХШТ бош котиби: Дунёда кучайиб бораётган чақириқ ва таҳдидларга давлатлар якка ўзи тура олмайди
15:00 / 19.10.2024
Тожикистонда КХШТ машғулотларининг фаол босқичи бўлиб ўтмоқда
21:12 / 17.10.2024