Жамият | 20:30 / 23.07.2022
29988
4 дақиқада ўқилади

Ходимларига автомобил совға қиладиган тадбиркор

Бизнесни бошлаганимда аввалига 10 000, кейин 40 000 кейин эса 60 000 долларга тушдим. Аммо ортга қайтмай, шу қийинчиликлардан ўтганимдан сўнг қаршимда барча эшиклар очилди. "Трансформация" кўрсатувининг бугунги меҳмони "Asia Consult Holding" асосчиси Илҳом Бегимқулов бизнесдаги "аччиқ ва ширин" тажрибалари билан бўлишди.

"Бизнесга кириб келишингиз қандай бўлган?" деган саволга жавоб берар экан, Илҳом Бегимқулов қуйидагиларни сўзлаб берди:

- Ота-онам тадбиркор эмас, ўзим ҳам узоқ йиллар заводда ишчи бўлиб ишлаганман. Илк бор бизнес билан шуғулланишни бошлаганда 10 000 долларга тушиб банкрот бўлдим. Яна заводга қайтдим, икки йил давомида емай ичмай қарзимни тўладим. Лекин шахсий бизнесимга эга бўлиш истаги яна қарз олиб янги бизнесни бошлашга ундади. Афсуски бу сафар ҳам омад кулиб боқмади, 40 000 доллар қарзга кирдим. Дунё кўзимга қоронғи бўлиб кетди, энди 10 йил қарз тўлаш ҳақида ўйлаб ҳатто ўзимни ўлдириш фикрига ҳам тушдим. 

Фарзандларим, ота-онамни ўйлаб бу фикрдан қайтдим, яқинларимнинг далдаси, устозларимнинг кўрсатмалари билан яна бизнесни давом эттира бошладим. Тун-у кун ишга шўнғиб кетдим, ҳатто тўйиб ухлашга имкон бўлмади. Натижада яна катта фалокат рўй берди. Рулда ухлаб қолишим оқибатида автоҳалокатга учрадим. Машинам ёниб кетди, машинага қўшилиб ичидаги пуллар, ҳужжатларим ва 400 та абитуриентнинг асл нусха ҳужжатлари ҳам ёниб кул бўлди. Мен урилган машина ҳам ёнди, унинг ичидаги тухумлар пишиб қолди. Хонавайрон бўлдим. Оёғим уч жойидан сингани сабаб икки ой касалхонада қолиб кетдим. Автоҳалокат менга 60 000 долларга тушди. Устимдан аризалар ёзишди, Ички ишлар органлари аралашди. 

Тадбиркорга кучли ирода, сабр-матонат, қатъиятлилик каби сифатлар ўта зарур экан. Агар шу сифатлар бўлмаганида ортга тисарилиб кетган бўлардим. Аммо бошлаган ишларимни тугатиш, қарзларимни узиш, одамлар олдидаги масъулиятимни бажариш мақсадида яқинларимдан яна қарз олиб ишни давом эттирдим. Дўстим Улуғбек билан вилоятма-вилоят юриб, 90-95 фоиз ҳужжатларни қайта тиклаб, ўқишларга жойладик. Фурсатдан фойдаланиб, мени кўриб турган бўлишса уларнинг барчаларидан узр сўрайман.

- Ҳозирги кунда бизнесингизда қандай натижаларга эришдингиз?

- Бугунги кунда биз асос солган "Asia Consult Holding"да 300 га яқин ходим ишлайди, Ўзбекистон бўйлаб 26 та филиалимиз бор, ўтган уч йил ичида 10 000 дан ортиқ талабани чет давлатларига ўқишга жўнатдик, Сингапур, Малайзия, Туркия, Хитой, Россия, АҚШдаги ўқув даргоҳлари билан шартномаларимиз бор, 10 дан ортиқ давлат, 40 дан ортиқ институтлар билан тўғридан тўғри ишлаяпмиз. Қайси давлатга борсак талабаларимиз бор, кутиб олишади, кўришамиз, кўнглим кўтарилади. Худога шукр, ўша қийинчиликлардан кейин бошлаган ишларимиз юришиб кетди.

- Компаниянгизнинг олдига қўйган мақсадлари ҳақида айтиб берсангиз.

- Ривожланган давлатлар тажрибасини кўрадиган бўлсак фақат мутахассис тайёрлаш билан иш битмас экан, агар  мутахассис тайёрласангиз, фақат мутахассис иш билан таъминланади, агар тадбиркорларни, бизнесни бошқара оладиган инсонларни тайёрласангиз уларнинг ҳар бири юзлаб, минглаб одамларни иш билан таъминлайди. Бугунги кунда "Бизнес мактаб" га асос солдик. Мақсадимиз орттирган билим ва тажрибаларимизни ёшларга улашиш. Стратегиямиз бўйича етарлича тадбиркорларни етиштириб чиқарсак, 2030 йилга бориб "Мардикорлик, хайр энди" номли байрам ўтказсак бўлади.

Тўлиқ суҳбатни YouTube каналимизда кўринг.

Мурожаат учун:

Telegram: @ilxom_begimkulov
Tелефон: +99855 503 10 10 
Сайт : ilxombegimqulov.uz

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид