Ливанда мажбурий кўчганлар, Амирликда ўлдирилган раввин ва Россиядан чўчимаётган АҚШ — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Ғазодаги вазият
Ғазо секторида озиқ-овқат етишмовчилиги кучаймоқда.
Исроилнинг ҳужумлари ва қамали туфайли Ғазо аҳолиси озиқ-овқат, айниқса, ун етишмовчилигига дуч келмоқда. Бу ҳолат очарчилик хавфи сабаб халқаро ҳамжамиятда жиддий ташвиш уйғотмоқда.
БМТ вакили Стефан Дюжаррикнинг маълум қилишича, Ғазода ҳуманитар ёрдамга суяниб ишлаётган 19 та нонвойхонадан фақат 7 таси ишламоқда.
Исроил қамали зарур маҳсулотларнинг етказилишига монелик қилмоқда, бу эса кўплаб нонвойхоналарнинг фаолиятини тўхтатишига олиб келган.
БМТнинг UNRWA ташкилоти маълумотига кўра, Ғазо аҳолисининг унга бўлган эҳтиёжининг фақат 6 фоизи назорат-ўтказиш пунктлари орқали қопланмоқда.
Исроилнинг ҳужумлари яна қурбонларга сабаб бўлмоқда.
Ғазо сектори марказида икки уйга нисбатан амалга оширилган Исроил ҳаво ҳужумлари оқибатида 6 фаластинлик ҳалок бўлди, кўплаб киши яраланди.
Ҳалок бўлганлар орасида икки нафар бола ҳам бор. Ҳужумлар Бурайж ва Ал-Мағози қочоқлар лагерларига нисбатан уюштирилган.
2023 йилнинг 7 октябридан буён Исроилнинг Ғазо секторига амалга оширган ҳужумлари натижасида ҳалок бўлганлар сони 44 минг 211 нафарга етган.
Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 415 кундан бери Исроилнинг қуролли ҳужумлари тўхтамай келмоқда. Фақат сўнгги куннинг ўзида 35 киши ҳалок бўлди, яна 94 киши яраланди.
Ливандаги вазият
Исроилнинг ҳужумлари оқибатида Ливанда мажбурий кўчирилган аҳоли вакиллари сони 1,8 миллиондан ошди.
Аниқроқ айтиладиган бўлса, 2023 йил 8 октябрдан буён Исроилнинг Ливанга қарши ҳарбий ҳаракатлари натижасида 1 млн 862 минг 790 киши ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлди. Шулардан фақат 190 минг 102 нафари ҳукумат томонидан ташкил этилган бошпаналарга жойлаштирилган.
Ҳозирда мамлакат бўйлаб 1177 та вақтинчалик турар жой марказлари фаолият кўрсатмоқда, улардан 976 таси тўлиб бўлган. Бундан ташқари, 624 мингдан ортиқ киши Ливандан Сурияга кўчиб ўтган.
Исроил армияси ўтган йилнинг 8 октябридан буён Ливан ҳудудига 14 мингга яқин ҳаво ҳужуми амалга оширган.
БААда ўлдирилган раввин
БАА хавфсизлик хизматлари ва Исроилнинг «Моссад» хизмати БАА ҳудудида раввин Цви Коганнинг ўлдирилиши бўйича тергов-суриштирув ишлари олиб бормоқда. Раввин чоршанба куни бедарак йўқолган эди.
Исроилнинг расмий манбалари маълум қилишича, Цви Коган «Хабад» ташкилоти вакили бўлиб, БААда ўғирланган.
«Моссад» Коганнинг Эрон билан боғлиқ гуруҳ томонидан ўлдирилганини тахмин қилмоқда. Терговга кўра, ушбу гуруҳ Ўзбекистон фуқароларини ёллаган бўлиши ҳам мумкин. Улар раввинни ўғирлаб, ўлдириб, сўнгра Туркияга қочгани гумон қилинмоқда. Айни пайтда гумондорларнинг шахсига аниқлик киритилган.
Аввалроқ БАА Ички ишлар вазирлиги раввин Цви Коганнинг яқинлари томонидан унинг йўқолганлиги тўғрисида хабар келиб тушгани ва унинг ўтган пайшанба кунидан бери алоқага чиқмаганини маълум қилган эди.
Бу орада Цви Коганнинг машинаси, кейинроқ унинг жасади ҳам топилган. Ҳозир мурдани ўрганиш жараёнлари олиб борилмоқда.
Исроил Бош вазири офиси ва ташқи ишлар вазирлиги ўз қўшма баёнотида буни «антисемитча ва террористик ҳаракат», деб атади. Цви Коган исроиллик оккупацион кучларнинг «Гивати» бригадасида хизмат қилган ва БААдаги яҳудий жамоасида раввин ёрдамчиси лавозимида ишлаган.
У Ғазо сектори марказида ўзининг биринчи уйини қуришни ваъда қилган эди.
Россия-Украина уруши
Россия ҳудуди узра 34 украин дрони йўқ қилинди. Россия Қуролли кучлари дронлар Курск, Липецк, Белгород ва Орёл областлари устида уриб туширилганини маълум қилмоқда.
Энг кўп дрон бир қисми украин аскарлари томонидан эгалланган Курск области узра уриб туширилгани таъкидланмоқда — 27 та. Курск вилояти губернатори Алексей Смирновнинг маълум қилишича, россия ҳаво ҳужумида мудофаа тизимлари ушбу ҳудудда 2 та украин ракетаcини ҳам йўқ қилган.
Украина ҳам Россиянинг 50 та дронини йўқ қилганини маълум қилди. Украина қуролли кучларининг хабарига кўра, ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимлари Киев, Черкасск, Кировоград, Черниҳив, Суми, Полтава ва Житомир областлари узра дронларни уриб туширган.
Бу орада Украина Ғарбдан янги ҲҲҲ тизимларини сўраётгани маълум қилинди.
Украина ташқи ишлар вазири Андрий Сибига Россиянинг «Орешник» сингари ўрта масофага мўлжалланган баллистик ракеталаридан ҳимояланиш учун Ғарбдан қўшимча ҲҲҲ тизимларини етказиб беришни сўраган.
«Украина шериклари Россиянинг шантажидан қўрқмасдан, Украинанинг ҳаво ҳужумларидан ҳимоясини кучайтириш учун барча имкониятларни ишлатиши керак», — деб ёзган Сибига X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
Украинага НАТОга ҳали эрта
АҚШ президенти Жо Байден ҳозирча Украинага НАТОга қўшилиш таклифини юбормасликка қарор қилди, деб ёзмоқда Bloomberg агентлиги. Оқ уй қисқа муддатли истиқболда бу таклифнинг муваффақиятли чиқиши эҳтимоли камлигини ҳисобга олган ҳолда, бу ғоядан воз кечган.
Бундан ташқари, Байден маъмурияти Доналд Трампнинг 2025 йил 20 январда бўлиб ўтадиган инаугурациясигача Украина учун хавфсизлик бўйича икки томонлама кафолатлар ишлаб чиқишни режалаштирмоқда.
Шу билан бирга, Оқ уй ва Пентагон Украина мудофааси учун Конгресс томонидан ажратилган сўнгги 9 миллиард доллар маблағни тезлик билан ишлатишга ҳаракат қилмоқда. Давлат котиби Энтони Блинкеннинг маълум қилишича, Байден «ҳар бир доллар ўз вақтида ва мақсадли сарфланишини таъминлаш»га ваъда берган.
Вашингтон Киевга зарур ҲҲҲ тизимлари, артиллерия ва зирҳли техника етказиб беришга кафолат бермоқда.
Bloombergʼга кўра, Байден Украинага қурол-яроғ етказиб беришни кўпайтиришда чекловларга ҳам дуч келмоқда. Қолган маблағлар фақат Пентагон захирасидаги қурол-яроғларни ишлатишга сарфланиши мумкин. Аммо бу захираларнинг ҳаддан ташқари қисқариши АҚШнинг ўз мудофаа қобилиятига хавф туғдириши мумкин.
АҚШ Россиядан чўчимаяпти
17 ноябрь куни АҚШ президенти Жо Байден Украинага Россия ҳудуди ичкарисига қарата узоқ масофага мўлжалланган ATACMS ракета тизимларини қўллашга рухсат берган эди.
Рухсат берилгандан кейин икки кун ичида Украина ATACMS ракеталари орқали Россиянинг Брянск области Карачев шаҳри яқинидаги қурол-аслаҳа омборига саккизта зарба берди.
The Hill нашри муаллифи Дов Закҳаймнинг фикрича, Байденнинг бу қарорини унинг президентлик муддати якунига етиб бораётгани ва Россиянинг ядровий таҳдидларидан сўнгги пайтларда қўрқмаслиги билан изоҳлаш мумкин. Россиянинг бундай таҳдидлари ҳали амалга ошмаган.
Сенатор Линдси Грэҳэмнинг фикрича, Трамп Украина ва Вашингтон манфаатларига мос равишда урушни тугатиши мумкин.
Грэмга кўра, Украина Европада энг катта камёб ва қимматбаҳо ерости ресурсларига эга мамлакат. Унинг бу ресурслари қиймати 2 трлндан 7 трлн долларгача баҳоланади.
Шунингдек, Украина ривожланаётган дунё учун озиқ-овқат омбори ҳисобланади, Африкага юбориладиган барча озиқ-овқатнинг 50 фоизи Украинадан боради.
«Украинлар Россия эмас, уларнинг биз билан келишувга тайёрлиги жуда муҳим. Шунинг учун, Россия бу ҳудудни эгалламаслигига ишонч ҳосил қилиш бизнинг манфаатимизга жавоб беради», — деган Грэҳэм.
2050 йилгача иқлим ўзгариши
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Адханом Гебрейесуснинг таъкидлашича, 2050 йилга келиб иқлим ўзгариши туфайли 1,2 миллиардгача одам ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлиши мумкин.
Гебрейесуснинг фикрича, иқлим инқирози, аввало, инсон саломатлигига, айниқса, мигрантларга салбий таъсир кўрсатади.
Гебрейесус мигрантлар саломатлиги масалаларини БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича Рамкали конвенцияси томонларининг 29-конференцияси декларациясига ва келгуси COP йиғилишларига киритишни талаб қилди.
Унинг таъкидлашича, тез ўзгараётган дунёда барча учун зарур тиббий хизматларга кириш имкониятини таъминлаш учун биргаликда ишлаш жуда муҳим.
Мавзуга оид
14:38 / 23.11.2024
АҚШ ветосидан норози Ҳамас, Исроилда конституциявий инқироз хавфи ва Россия банкларига қарши санкциялар — кун дайжести
13:50 / 22.11.2024
Ғазодаги мисли йўқ зулм, Нетаняҳу ҳибси учун ордер ва Путиннинг таҳдидли чиқиши — кун дайжести
13:54 / 21.11.2024
Ғазо масаласига вето қўйган АҚШ, Байденнинг рухсатини маъқулламаган Эрдўған ва Storm Shadowʼлар билан Россияга илк зарба — кун дайжести
13:54 / 20.11.2024