Ўзбекистон | 20:16 / 27.11.2019
21863
2 дақиқада ўқилади

UzAuto Motors: автомобил етказиб бериш навбатини яқинлаштиришда инсон омили аралашувига йўл қўйилмайди

UzAuto Motors компанияси автомобиллар харидида тамагирликка йўл қўйилмаслиги ҳақида огоҳлантирди.

«Ҳурматли харидорлар!

Агарда Сизда автомобиль хариди жараёнида дилер томонидан автомобилни шартномада кўрсатилган муддатидан илгари етказиб бериш каби важлар билан қўшимча пул маблағларини талаб қилиш ҳолатлари юзага келса UzAuto Motors компаниясининг 78 141-77-77 ишонч телефонларига мурожаат қилишингизни сўраб қоламиз.

Бугунги кунда компания томонидан жорий этилган янги тизимда автомобиль етказиб бериш навбатларини яқинлаштиришда инсон омилининг аралашувига йўл қўйилмайди ва барча автомобиллар фақатгина шартномада кўрсатилган муддатларда харидорларга етказиб берилади.

Шу билан бирга, компаниянинг расмий дилерларида ҳозирги кунда фақатгина Tracker автомобилининг исталган ранг ва позицияси ҳамда Malibu 1.5 Turbo'нинг қора рангдаги моделини навбатсиз харид қилиш имкони мавжудлигини ҳам маълум қиламиз.

Эслатиб ўтамиз, компания автомобиллар савдосида шаффофликни таъминлаш мақсадида «Uzavtosavdo» мобиль иловасини ишга туширган. Мазкур илова орқали харидорга навбат рақами ва дилердаги автомобиллар сони ҳақида маълумотлар берилади. Агар унга зарур бўлган автомашина дилерда йўқ бўлса, буюртма тўғридан-тўғри автомобиль заводига юборилади. «Uzavtosavdo» иловаси харидорга барча жараёнларни бошиданоқ назорат қилиш, ўз навбати ва автомобилни олиш санасини билиб бориш имконини яратмоқда.

Огоҳ бўлинг!», дейилади компания матбуот хизмати хабарида.

Мавзуга оид