13:23 / 14.12.2023
58719

«ПСЖ» амаллаб ўлим гуруҳидан чиқди, «Барса» аутсайдерга  ютқазишни «уддалади». ЕЧЛда сўнгги тур ўйинлари

Чемпионлар лигасида бир давр поёнига етди, сўнгги марта гуруҳ босқичи ўйинлари бўлиб ўтди. Кейинги мавсумдан янги формат амал қилади.

Фото: MICHAEL STEELE/GETTY IMAGES

F квартетида супертур. Интригалар охиригача сақланиб қолди

«Боруссия» Д — «ПСЖ» 1:1
Голлар:
Адейеми (51) — Заир-Эмери (56). 
«Боруссия» Д – Кобел, Ҳуммелс, Зюле, Бенсебайни, Ройс, Брандт, Ўзжан (Забитцер, 69), Волф (Шлоттербек, 69), Адейеми (Рейна, 81), Байну-Гиттенс (Мален, 60), Фюллкруг (Аллер, 81). 
«ПСЖ» – Доннарумма, Ҳакими, Маркинос, Шкриняр, Эрнандес, Витиня, Ли Кан Ин (Угарте, 68), Заир-Эмери, Мбаппе, Коло-Муани (Солер, 90+6), Барколя (Асенсио, 82). 
Огоҳлантиришлар: Маркинос (45), Ҳуммелс (57).

«Нюкасл» — «Милан» 1:2
Голлар:
Жоэлинтон (33) — Пулишич (59), Чуквуэзе (84). 
«Нюкасл» – Дубравка, Триппиер (Берн, 63), Шер, Ласселс, Ливраменто, Гимараэс, Майли (Лонгстафф, 71), Алмирон, Жоэлинтон, Гордон (Исак, 62), Уилсон.
«Милан» – Менян, Калабрия, Томори, Эрнандес, Флоренци, Лофтус-Чик (Побега, 73), Пулишич (Йович, 73), Рейндерс, Муса (Чуквуэзе, 83), Леау (Бартесаги, 88), Жиру (Окафор, 83). 
Огоҳлантиришлар: Леау (40), Менян (45), Жоэлинтон (72), Йович (78), Муса (80), Флоренци (90). 

«Боруссия» Дортмунд, «ПСЖ», «Нюкасл» ва «Милан» квартетида сўнгги дақиқаларгача деярли ҳеч нарса аниқ эмасди.

Барча F гуруҳида ҳақиқий қирпичоқ бўлишини кутганди — ва амалда ҳам шундай бўлди. Ҳар турдан кейин жамоаларнинг жойлашуви алмашиб турди. Сўнгги турдан кейин ҳам жамоаларнинг ўринлари ўзгариши учун шароит мавжуд эди, жамоаларнинг ҳар бирида вазиятни ўзгартириш учун салоҳият етарли эди.

Фақат бир масала муддатидан олдин ҳал бўлганди — «Боруссия» охирги тур арафасида 1/8 финал йўлланмасини ҳал қилганди, аммо биринчи ўринни эмас. Қолган ўринлар бўйича эса — тўла интрига. Ҳатто Мбаппе бошчилигидаги юлдузлардан иборат «ПСЖ» Европа Лигасига тушиб кетиши мумкин эди, шу туфайли парижликлар Дортмундда фақат ғалаба учун майдонга чиқишди. Параллел учрашувда эса «Нюкасл» ва «Милан» французлар қоқилишидан умид қилган ҳолда ўйнашди ва уларнинг ҳар бирига рақиб устидан ғалаба қозониш талаб этиларди.

Зюленинг ақл бовар қилмас қутқариши — ва танаффусга иккинчи ўринда йўл олган инглизлар

Икки учрашув ҳам қизиқарли ва кескин бўлишига шубҳа қилмаётганди. Шу билан бирга, тўрт жамоа мураббийи ҳам биринчи навбатда ҳимояни ўйлаши табиий эди. Масалан, Стефано Пиоли Нюкаслда рақибнинг барча футболчиларига алоҳида футболчисини бириктириб қўйди — майдоннинг деярли барча участкаларида «Милан» футболчилари рақибни яқин масофада қарши олди. Тўғри, аввалига бундай эскича тактика қизил-қораларга ёрдам бермади ва биринчи бўлимда улар биргина хавфсиз зарба йўллашди.

Биринчи бўлим ўрталарида Германияда ҳам, Англияда ҳам деярли бир вақтда ҳимоячилар ўз клубларини голдан сақлаб қолишди. Миланликлар сафида Томори дарвоза чизиғидан бир неча метр масофада «Нюкасл» ҳавбеки Алмиронга ёпишган ҳолатда унинг оёғидаги голни майдондан чиқариб юборган бўлса, Дортмундда Зюле ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатди ва шундан кейин «Боруссия» мухлислари Никласни олқишларга кўмишди. У бўш дарвозага кириб кетаётган тўпни шунчаки тўсмасдан, буни чиройли амалга оширди ва тўп рақибга қайтиб бормаслигини ҳам таъминлади. Мбаппе эса бу вазиятда голни қандай тарзда нишонлаш ҳақида ўйлашни бошлаганди.

Дортмундда ўйин биринчи бўлимда қарама-қарши курсларда кечди: Ли Кан Ин, Баркола, Коло Муани ва Лукас Эрнандесда ҳам «Боруссия»га гол уриш учун жуда қулай вазиятлар бўлди, парижликлар жарима майдонида эса Волф ва Ройс хавфли зарбалар йўллашди. Аммо жамоалар танаффусга барибир 0:0 ҳисобида йўл олишди.

«Сент-Жеймс Парк»да эса барчаси бошқачароқ кечди: мезбонлар тўпга эгалик қилиш бўйича яққол устунлик қилган бўлса-да, кўп вазиятлар ярата олишмади. Фақат 33-дақиқада Жоэлинтон узоқдан қайтариб бўлмас зарба йўллаб, «Нюкасл»ни олдинга бошлади ва гуруҳда иккинчи ўринга олиб чиқди. Англияликларни параллел учрашувдаги дуранг ҳисоб қониқтирарди, чунки «ПСЖ» билан ўзаро учрашувларда (4:1, 1:1) устунликка эга эди.

Ҳиссиётларга бой якун

Танаффусда парижликлар учинчи ўринга тушиб қолганидан хабар топгани аниқ. Аммо улар танаффусдан қайтиши билан дарҳол олдинга ташланмади, аксинча — Дортмунднинг кучли прессинги остида қолишди. Ҳакими ўз жамоаси жарима майдони атрофида тўп йўқотди, ҳужум Адейеми ҳисобни очиши билан якунланди. Бу дақиқаларда «ПСЖ» даҳшатли вазиятда қолди — французлар гранди энди вазиятни ўнглаш учун икки гол уриши талаб этиларди.

Луис Энрике жамоаси бир голни жуда тез урди — Заир-Эмери жарима майдонига киратуриб йўллаган зарбаси билан ҳисобни 1:1 кўринишига келтирди. Парижликлар етакчисига айланиб бораётган 17 ёшли футболчи учун бу ЕЧЛдаги илк гол бўлди. Кўп ўтмай «Сент-Жеймс Парк»даги ўйинда ҳам таблода шу рақамлар ёна бошлади — Пулишич уни уната бошлаган англиялик мухлисларга салом йўллади. «ПСЖ» мухлислари эса енгил тин олишди: уларнинг севимли жамоаси яна иккинчи ўринга қайтди, аммо вазият ҳамон қалтис эди.

Икки ўйинда ҳам ҳар бир жамоа ўз голларини уриб олганидан кейин гуруҳда финиш шиддатли ва асабий кечиши кафолатланди. Шундай бўлди ҳам.

Дортмундда Мбаппе 76-дақиқада дарвозани ишғол этди ва «ПСЖ»ни биринчи ўринга олиб чиқди, аммо кўп ўтмай VAR барчасини бекор қилди — Килиян кичик офсайд ҳолатида қолгани маълум бўлди. Нюкаслда эса мезбонлар устунликни бой бера бошлади ва «Милан»га олдинга чиқишга имкон берди: аввалига Леаунинг зарбаси устунга тегди, кейин эса захирадан тушган Чуквуэзе тўпга биринчи тегинишидаёқ дарвозани ишғол этди. Бу ҳужум италияликлар сафида иккинчи бўлимда майдонга тушган Йович ва Окафор томонидан уюштирилганди — Пиоли футболчи алмаштиришда топқирлик қилди. Аммо қизил-қораларга гуруҳдан чиқиш учун етарли эмасди — улар очколар бўйича «ПСЖ»га етиб олган бўлса-да, ўзаро учрашувларга кўра ортда қоларди (0:3, 2:1), шундай экан, уларга парижликлар мағлубияти керак эди.

Французлар жамоаси ҳам Нюкаслда бўлаётган воқеалардан хабардор бўлиб турганди. Бу уларнинг сўнгги дақиқалардаги ҳаракатлари ва Ҳакимининг жестидан ҳам маълум эди: марокашлик футболчи собиқ жамоадошларини шу ҳисобни сақлаб қолишга ундади. Афтидан, улар ҳам бунга кўнишди. Қўшимча дақиқаларда рақиблар тўпни шунчаки олиб юришди ва ҳакамнинг ўйин якунлангани ҳақидаги ҳуштагини кутишди. Дортмунд биринчи, «ПСЖ» — иккинчи ўринда қолди,а «Милан» эса Европа Лигасига йўл олди. Танаффусни ҳам қўшиб ҳисоблаганда 47 дақиқа давомида плей-офф йўлланмасига эга бўлиб турган «Нюкасл» эса Англиянинг бу мавсумда ЕЧЛ гуруҳ босқичида сўнгги ўринни эгаллаган иккинчи жамоаси («МЮ»дан кейин)га айланди.

Ўлим гуруҳи барча кутилмаларни оқлади.

H гуруҳи

Пепе рекордларни янгилади

«Антверпен» — «Барселона» 3:2
Голлар:
Вермерен (2), Янссен (56), Иленикҳена (90+2) — Торрес (35), Гиу (90+1). 
Антверпен – Бюте, де Лат (ван ден Бош, 90+4), Алдервейрелд, Кулибали, Вейндал, Юсуф, Кейта, Вермерен, Керк (Батай, 69), Янссен (Иленикҳена, 79), Эжуке (Корбани, 80).
Барселона – Пеня, Форт (Канселу, 60), Кристенсен, Кунде, Балде, Роберто (Касадо, 76), Ромеу (Гундўған, 60), Фермин (Педри, 60), Торрес, Ямал, Левандовски (Гиу, 72). 
Огоҳлантиришлар: Вейндал (23), Ямал (42), Роберто (54), де Лат (90), Торрес (90+6).

«Барселона»нинг бу сафарги ўйини диққат марказида эмасди. Каталонияликлар биринчи ўринни кафолатлаган ва аутсайдер майдонидаги ўйинда улардан алоҳида жонбозлик кўрсатиш талаб этилмасди. Аммо барибир илк дақиқалардан ўйин қизий бошлади. Биринчидан, Хави навбатдаги ёш истеъдодни таништириб, 17 ёшли Фортни илк дақиқадан майдонга туширди. Иккинчидан, мезбонларнинг илк ҳужумидаёқ Вермерен ҳисобни очди, у эса «Барса»га келиши мумкин бўлган футболчилар қаторида саналмоқда.

Меҳмонлар бўлим давомида Ямалнинг ажойиб пасидан кейин мувозанатни тиклашди. У анчадан бери янги натижа қайд этмаётганди, аммо чоршанба оқшомида форвард бу ишни яна бир бор уддалади, чунки Чемпионлар лигасида бунгача 16 ёшли футболчилар голли узатма бериши кузатилмаганди. Лекин бу меҳмонларнинг биринчи бўлимдаги ягона зарбаси бўлиб қолди. «Антверпен» нисбатан фаолроқ ҳаракат қилди ва иккинчи бўлим бошида Ориол Ромеуни иккинчи бор хато қилишга мажбурлаб, ҳисобдаги устунликни ўзига қайтарди. Кўп ўтмай «Барса» бир киши кам бўлиб қолиши мумкин эди, аммо VAR тавсиясига кўра мониторга борган арбитр Сержи Робертога кўрсатилган қизил карточкани бекор қилди.

Таркиблар тенг ҳолатда фаворит футболчи алмаштиришлар эвазига ўйинни қутқаргандек кўринганди. Тажрибали Гундўған жарима нуқтасидан тўпи 17 ёшли Гиунинг бошига узатиб берди. Лекин бу якуний гол бўлмади. Бир кун олдин турнир мотивациясисиз ҳам ўйин охирида иродали ғалабага эришган «Реал»дан фарқли ўлароқ, каталонияликлар учинчи бор гол ўтказиб юбориб, ўйинни майдон марказидан қайта бошлашни уддалашди. Антверпенда энди 13 декабрни ЕЧЛдаги ғалаба куни сифатида байрам қилиш мумкин. Хавида эса ҳали ўйин бўйича муаммолар бор. Биринчи ўрин эгалланди, аммо бир неча кун ичида иккинчи мағлубият мухлислар томонидан оғриқли қабул қилингани аниқ.

«Порту» — «Шахтёр» 5:3
Голлар:
Галено (9, 43), Торимий (62), Пепе (76), Консейсау (82) — Сикан (29), Эуштакиу (73, автогол), Эгиналдо (88). 
«Порту» – Кошта, Санчес (Мариу, 78), Пепе, Кардозу, Сануси, Эуштакиу (Груйич, 83), Варела, Пепе (Франку, 83), Торимий, Эванилсон (Консейсау, 81), Галено (Хайме, 88). 
«Шахтёр» – Ризник, Гочолейшвили, Ракицкий (Келси, 73), Бондар, Матвиенко, Зубков (Эгиналдо, 86), Крискив (Невертон, 59), Степаненко, Судаков, Бондаренко (Назарина, 85), Сикан.
Огоҳлантиришлар: Консейсау (30), Судаков (54), Назарина (90+1), Бондар (90+1). 

«Драгау»даги параллел учрашув эса сюрпризларсиз бошланди — Пепенинг узун паси билан уюштирилган ҳужумда «Порту» ҳисобни очди, Эванилсон Галенони бўш дарвоза қаршисига чиқарди. Лекин шундан кейин ўйинда қизиқарли воқеалар бошланди, украинлар ҳисобни тенглаштирган гол урилганда лайнсмен офсайд қайд этиб байроғини кўрсатди ва бу мезбон ҳимоячиларнинг ҳаракатига таъсир қилмай қўймади, якунда эса бош ҳакам видеотакрордан кейин голни инобатга олди. Бу эпизодда бош ҳакам ўйинни тўхтатиш ҳақидаги ҳуштагини чалмаган ва ҳимоячилар охиригача ўйнаши керак эди.

Дуранг ҳисоб «Шахтёр»ни қониқтирмасди. Украинлар баҳорда Европа Лигасида эмас, ЕЧЛда курашни давом эттириши учун фақат ғалаба керак эди, меҳмонларнинг голи урилган вазият эса «Порту» футболчиларига фақат қўшимча мотивация берди. Танаффус арафасида Галено узоқ масофадан ҳам аниқ зарба йўллаб жамоасини яна ҳисобда олдинга олиб чиқди, иккинчи бўлимда эса у Торимийга гол уришда ёрдам берди. Шундан кейин жамоалар буткул очиқ футбол намойиш этишга киришиб кетди ва Пепе ўз рекордини янгилади. Энди асосий еврокубокда гол урган энг ёши катта футболчининг ёши 40 ёшу 290 кунлик этиб белгиланади.

G гуруҳи

Гвардиола ўринбосарлар билан натижага эришди

«Црвена Звезда» — «Манчестер Сити» 2:3
Голлар:
Ҳвар Ин Бом (76), Катай (90+1) — Ҳэмилтон (19), Бобб (62), Филлипс (85).
«Црвена Звезда» – Глазер, Неделкович (Кабич, 78), Драгович, Спайич (Родич, 65), Жига, Олайинка (Лучич, 57), Мияйлович, Канга (Катай, 57), Ҳван Ин Бом, Букари, Ндиайе (Миятович, 57).
«Манчестер Сити» – Ортега, Люис, Стоунз (Аке, 86), Аканжи, Гомес, Ковачич (Сусохо, 76), Грилиш (Фоден, 46), Филлипс, Нунеш (Силва, 82), Ҳэмилтон, Бобб.
Огоҳлантиришлар:  Спайич (45), Филлипс (52), Мияйлович (65), Жига (84).

Барча жамоалар сўнгги тур арафасида ўз ўринларини аниқ қилиб бўлган ягона гуруҳда ўйинлар куни тажрибалар майдонига айланди. «Манчестер Сити» клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатига йўл олишга тайёрланаётгани туфайли, Хосеп Гвардиола катта ротация амалга оширди. Белградда фақат Англия ички кубокларининг илк босқичида ўйнаши мумкин бўлган таркиб туширилди. Тарбияланувчилар эса билдирилган ишончни оқлаб, Англия чемпионларига гуруҳ босқичини юз фоизлик натижа билан якунлаш имконини беришди.

Айниқса 20 ёшли Ҳэмилтон сидқидилдан ҳаракат қилди, у асосий жамоадаги дебютини бир умрга эслаб қоладиган бўлди. Айнан у ҳимоячиларни бирин-кетин алдаб ўтган ҳолда, тўпни ўткир бурчакдан туриб дарвоза тўрига тўсин остидан йўллаб ҳисобни очди. Ва Ҳванг Ин Бом ҳисобни қисқартирганида айнан у пеналти ишлаб, Филлипс жамоадаги илк голини уришига ёрдам берди.

Бу унинг «Сити»даги сўнгги голи бўлиб қолиши ҳам мумкин, у қишки трансферлар вақтида жамоасини алмаштириши кутилмоқда. Лекин Ҳэмилтон ва иккинчи голда ёрқин соло ижро этган Боббнинг келажаги ҳали олдинда.

«Лейпциг» — «Янг Бойз» 2:1
Голлар:
Шешко (51), Форсберг (56) — Колли (53).
«Лейпциг» – Гулачи, Ҳенрикс, Лукеба (Шлагер, 80), Симакан (Клостерманн, 59), Ленц, Кампл, Форсберг (Симонс, 74), Зайвалд, Карвалю, Поулсен (Опенда, 74), Шешко (Вернер, 74).
«Янг Бойз» – фон Баллмос, Жанко, Лустенбергер, Аменда, Гарсия, Угринич (Малес, 70), Лаупер (Лакоми, 70), Нияссе, Колли (Рудани, 82), Элиа (Монтейру, 62), Нсаме (Ганвула, 62).
Огоҳлантиришлар: Гарсия (33), Поулсен (70), Ленц (77), Колли (81), Монтейру (85).

Е гуруҳи

«Атлетико»нинг суперсерияси

«Атлетико» — «Лацио» 2:0
Голлар:
Гризманн (6), Лино (51). 
«Атлетико» – Облак, Молина, Савич (Аспиликуэта, 68), Хименес (Суюнчи, 46), Эрмосо, Витцел (Коке, 63), Саул, Де Паул, Корреа (Мората, 63), Гризманн (Депай, 46), Лино.
«Лацио» – Проведел, Марушич (Ладзари, 58), Казале, Хила, Ҳюсай (Пеллегрини, 70), Алберто (Камада, 64), Весино, Гендузи, Дзаккани, Педро (Фелипе Андерсон, 58), Иммобиле (Кастелянос, 63).
Огоҳлантиришлар: Педро (8), Хименес (45), Марушич (47), Гендузи (72).

«Атлетико»нинг 19 феврал куни бошланган уй ўйинларидаги ғалабали серияси 20 ўйинга етди ва Диего Симеоне шогирдлари гуруҳ босқичини биринчи ўринда якунлади. Прагматизм ва ёрқин ҳужумкор ўйин қоришиғидаги ўзига хос услубда. Гризманн рақиб мудофаасини танг аҳволга солиб фаолиятида илк бор ушбу турнирнинг гуруҳ босқичида беш гол урди. Самуэл Линони ҳам учрашувнинг яна бир қаҳрамони сифатида эътироф этиш мумкин. Айнан у рақиб жарима майдонидан узоқлаштирилган тўпни эгаллаб олиб, французга ҳисобни очишда ёрдам берди. Кейин эса, ушбу бразилиялик офсайдда қолиб кетгани ва рақиб дарвозабонига халақит қилгани туфайли Эрмосонинг голи бекор қилинди, аммо иккинчи бўлим бошида Лино Депай билан девор услубида ўйнаб, «тўққизлик»ни аниқ нишонга олган ҳолда хатосини тузатди.

Эски форматдаги сўнгги ўйин

«Селтик» — «Фейеноорд» 2:1
Голлар:
Палма (33, пеналти), Лагербилке (90+1) — Минте (82). 
«Селтик» – Ҳарт, Жонстон, Скейлз, Уэлш (Лагербилке, 75), Тэйлор, Макгрегор, Ивата (Бернарду, 19), О`Райли, Жонстон (Форрест, 68), Палма (Фрейм, 75), Фуруҳаси (О Ҳён Гю, 68).
«Фейеноорд» – Бейло, Гертрюйда, Ганцко, Белен (Дилросун, 79), Ҳартман, Иванушец (Уэда, 67), Стенгс (Виффер, 55), Тимбер (ван ден Белт, 55), Зерруки, Пайшао (Минте, 54), Хименес.
Огоҳлантиришлар: Жонстон (22), Зерруки (31), Тимбер (44), Тэйлор (45), Минте (61).

13 декабр кунги ўйинлар орасида «Селтик» ва «Фейеноорд» учрашуви охирги бўлиб якунланди. Франциялик арбитр Бенуа Бастен олти дақиқа қўшиб берди, аммо 90+1-дақиқада, ҳисоб 1:1 эканида шотландлар сафида Густаф Лагербилке гол урди. Натижада ўйин 90+8-дақиқага қадар чўзилди — бу параллел учрашувлар орасида энг узоқ давом этгани бўлди.

Бу ўйин Чемпионлар лигасининг эски формати билан хайрлашув ўйинига айланди. Шу ўйин билан бутун бир давр якунланди. Келгусида қандай бўлади? Чемпионлар лигаси 2024/2025 йиллар мавсумида қандай кўриниш олади?

2021 йилда УЕФА Чемпионлар лигасида ислоҳот ўтказишни маъқуллаганди. Иккита асосий янгилик бор – швейцарча тизим ва жамоалар сонини 32 тадан 36 тага ошириш. Швейцарча тизим гранд жамоалар ўртасидаги ўйинлар сонини оширишга хизмат қилади: ҳар бир турдан кейин энг кучли жамоалар ўзаро тўқнашуви эҳтимоли ортади ва бу клубларнинг даромадларини ҳам оширади.

36 жамоа ҳар бири 9 та клубдан иборат 4 та саватга бўлинади. Биринчи саватга Чемпионлар Лигасининг амалдаги ғолиби, ҳамда сўнгги беш йилдаги натижалар бўйича ҳосил бўлган клублар рейтинги бўйича энг юқори коэффициентга эга бўлган 8 жамоа (ЕЧЛ йўлланмасини қўлга киритганлар ичидан, албатта) ўрин олади. Кейинги саватлар ҳам худди шу тартибда тўлдирилади.

36 жамоа ягона жадвални шакллантиради, ҳар бир клуб саккизтадан ўйин ўтказади (тўрттаси — уйда, тўрттаси — сафарда). Тақвим олдиндан маълум бўлмайди: ўтган ўйинлар ғолиблари ғолиблар билан учрашади, ютқазганлар – ютқазганлар билан (дуранг ўйнаганлар дуранг ўйнаганлар билан). Содда қилиб айтганда, аввалига энг яхши жамоа ёмонлар орасидаги яхшиси билан учрашади, кейин эса очколари тенг бўлган иштирокчилар ўртасида учрашувлар ўтказилади. Тақвим олдинги тур натижаларига қараб тузилади, аммо такрорий рақиблар бўлмайди. Бир мамлакат вакиллари бу босқичда ўзаро дуч келишмайди. Рақиблар қуръа асосида аниқланади.

Швейцарча тизимда жамоалар жами бўлиб 144 ўйин ўтказишади. Таққослаш учун, ҳозир ўйинлар сони 96 та.

Янги форматда турнир жадвалининг энг юқори саккиз ўрнини банд этган жамоалар 1/8 финалга тўғридан тўғри чиқади, тўққизинчидан 24-ўрингача бўлган жамоалар қўшимча иккитадан ўйин ўтказиб, кейинги саккизталикни аниқлаб олишади. Кейин – барчаси классика бўйича: 1/8 финал, чоракфинал, яримфинал (иккитадан ўйинлар) ва финал (бир ўйин).

Кун статистикаси

  • «Милан» тарихида 1-бор ЕЧЛ гуруҳида учинчи ўринни эгаллаш орқали Европа Лигасига ўтди.
  • «Фейеноорд» ЕЧЛнинг сўнгги тўрт ўйинида пеналтидан 2 гол ўтказди. Нидерландия чемпионатида сўнгги 59 ўйинда фақат бир шундай гол ўтказилган.
  • «Манчестер Сити» ЕЧЛда қаторасига 8-ўйинда ғалаба қозонди. Бу — инглиз клублари учун рекорд. 
  • Хави «Барселона» бошқарувида еврокубоклардаги 22 ўйиннинг фақат 8 тасида ғалаба қозонган. 
  • «ПСЖ» қаторасига 12 мавсумда плей-оффга чиқмоқда. Бундан яхшироқ серия фақат «Реал» (21) ва «Бавария» (16) томонидан қайд этилган.
  • Гризманн «Атлетико»даги 171-голини урди. Клуб рекордчиси Арагонесга (173) етиб олишга 2 та гол қолди. 

Шу тариқа 1/8 финалга йўл олган барча 16 жамоа номи маълум бўлди. 

1-ўрин билан чиққан клублар: 
1. «Бавария» (Германия) 
2. «Арсенал» (Англия) 
3. «Реал» (Испания) 
4. «Реал Сосиедад» (Испания) 
5. «Атлетико» (Испания) 
6. «Боруссия Д» (Германия) 
7. «Манчестер Сити» (Англия) 
8. «Барселона» (Испания) 

2-ўрин эгалари: 
1. «Копенҳаген» (Дания) 
2. ПСВ (Нидерландия) 
3. «Наполи» (Италия) 
4. «Интер» (Италия) 
5. «Лацио» (Италия) 
6. «ПСЖ» (Франция) 
7. «Лейпциг» (Германия) 
8. «Порту» (Португалия)

18 декабр куни плей-оффга қуръа ташланади. Унга кўра, 2-ўрин эгалари 1-ўрин соҳибларига дуч келади. Бир гуруҳдан чиққан ёки бир мамлакатдан бўлган жамоалар ўзаро тўқнаш келмайди.

 

Мавзу
Европа Чемпионлар Лигаси
12 сентябрдан Европа Чемпионлар Лигасида янги мавсум старт олди. 8 гуруҳда 4тадан жамоа кузги баҳсларга киришди.
Барчаси
Top