16:57 / 29.05.2024
8495

«Барселона» янги бош мураббийини эълон қилди

«Барселона» клуби 2023/24 йилги мавсум якунларига кўра, жамоа мураббийлар штабида ўзгаришлар рўй берганини расман эълон қилди.

Фото: Reuters

Клуб расмий сайти хабарига кўра, Хави билан 2025 йилнинг ёзига қадар имзоланган амалдаги шартнома бекор қилинган. Унинг мураббийлар штабидаги ёрдамчилари ҳам жамоани тарк этган. Клуб истеъфога чиқарилган мутахассисларга кейинги фаолиятига омад тилади.

«Барса» матбуот хизмати Ҳанс-Дитер Флик жамоанинг янги бош мураббийига айланганини расман эълон қилди. Германиялик 59 ёшли мураббий билан 2026 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган 2 йиллик шартнома имзоланган. Фликга аввалги иш жойи Германия миллий жамоасида ёрдам берган ассистентлари Каталония клубида ҳам у билан бирга ишлайдиган бўлди. 

Аввалроқ, Каталония клуби Хавига 2,5 миллион евро миқдорида товон пули тўлаши ҳақида хабар қилинган, Ҳанс-Дитер Фликнинг янги клубидаги йиллик маоши эса 3 млн еврони ташкил этиши хабар қилинганди.

Маълумот учун, Флик 2019-2021 йилларда «Бавария»да бош мураббий сифатида ишлаб, танилганди. Унгача у турли клубларда ёрдамчи мураббий ва спорт директори сифатида фаолият юритган.

Top