17:58 / 25.05.2024
12009

«Барселона» ва «Бавария»нинг янги мураббийлари маълум бўлди

Каталониянинг «Барселона» клуби янги бош мураббий масаласида бир қарорга келди. Хавини истеъфога чиқарган клуб германиялик Ҳанс-Дитир Фликни янги бош мураббий этиб тайинлайдиган бўлди.

Фото: Tribuna.uz

Қатор инсайдерлар, хусусан, Фабрисио Романо германиялик мутахассис «Барса» янги бош мураббийига айланиши ҳақида ёзишди. Аввалроқ мураббий «Барселона»га келиш учун собиқ жамоаси «Бавария» таклифини рад этганди.

Маълумот учун, «Барселона» ЕЧЛ мусобақалари тарихидаги энг йирик мағлубиятини айнан Флик бошқарувидаги «Бавария»дан қабул қилиб олган. Мусобақанинг 2020 йилги мавсумида Фликнинг «Бавария»си Кики Сетьен мураббийлигидаги каталонияликларни 8:2 ҳисобида мағлуб этганди.

«Бавария» билан 2020 йил УЕФА Чемпионлар Лигасини ютган Флик кейинги мавсумда Германия миллий жамоаси бош мураббийига айланди.

Флик бундестимни Қатардаги мундиалга ва Германияда ўтадиган Евро-2024 мусобақаларига олиб бориши кутилганди. Аммо немислар 2022 йилги жаҳон чемпионатида гуруҳда қолиб кетишди. Шунга қарамай, Флик жамоада қолди, бироқ 6 та ўртоқлик ўйинидан кейин мураббий барибир истеъфога чиқарилди.

Флик билан келиша олмагач, яқинда Томас Тухелни истеъфога чиқарган «Бавария» ҳам янги бош мураббий борасида бир қарорга келди. Мюнхен клуби «Бёрнли» билан ўтган йил АПЛга чиқиб, бу йил чемпионшипга қайтиб кетган Венсан Компанини бош мураббий этиб тайинлаши кутилмоқда. Инглиз клуби Компани учун «Бавария»дан 12 миллион евро компенсация пули ҳам олади.

38 ёшли Компани узоқ йил «Манчестер Сити»да тўп тепиб, клуб афсоналаридан бирига айланганди. Клубдаги фаолиятини ўзи етишиб чиққан «Андерлехт»да якунлаган Компани 2019 йил айнан шу клубда мураббийлик фаолиятини бошлайди. Англияга «Бёрнли» бош мураббийи сифатида қайган белгиялик 2023 йил чемпионшип ғолибига айланганди.

Top