Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда аҳолининг 97 фоизи рақамли кўникмаларни муваффақият калити деб билади
Фото: IT таълим уюшмаси ННТ
21 июл куни Тошкентда “IT ва рақамли таълимни ривожлантириш форуми” бўлиб ўтди. Тадбир доирасида Ўзбекистондаги IT соҳаси, рақамли таълим ва келажакда талаб юқори бўладиган касблар борасидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди. Форумда аҳоли ўртасида ўтказилган кенг қамровли сўров натижалари эълон қилинди.
Форум “Ўзбекистонда IT ва рақамли таълим ландшафтини яхшилаш: Тадқиқот босқичи” лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Ушбу ташаббус Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги ҳамда IT таълим уюшмаси ННТ ҳамкорлигида амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг асосий мақсади – IT соҳасида билим ва кўникмаларни ошириш, рақамли ишчи кучи салоҳиятини юксалтиришдир.

2025 йилнинг март–июн ойлари мобайнида ўтказилган сўровномада мамлакатнинг барча ҳудудларидан 4 мингдан ортиқ фуқаро иштирок этди. Тадқиқот натижалари қуйидагича:
- 96% иштирокчи IT соҳасига қизиқиши борлигини билдирган;
- 97% рақамли кўникмалар иш самарадорлигига ижобий таъсир кўрсатишини айтган;
- 44% ўз IT кўникмаларини “яхши”, 17% “аъло” деб баҳолаган;
- 57% ҳар ҳафта видеоалоқа воситаларидан фойдаланишини билдирган;
- 78% ҳар ой Электрон ҳукумат тизимларидан фойдаланишини қайд этган;
- 52% аҳоли ойига 2–3 марта онлайн харид қилади, 22% эса ҳеч қачон бундай тажрибага эга эмас.
Сўровда эркаклар ва аёллар сони деярли тенг – 50,7% аёллар, 49,3% эркаклар. Бу кўрсаткич IT соҳасига қизиқувчилар орасидаги гендер мувозанатининг шаклланаётганидан далолат беради.

Форумда шунингдек “Келажак касблари атласи” ҳам тақдим этилди. Унда меҳнат бозори таҳлилларига асосланган ҳолда 45 та энг истиқболли IT касблари қайд этилган. Атлас ёшлар, уларнинг ота-оналари ва таълим муассасалари учун касбий йўналиш бериш мақсадида ишлаб чиқилган.

Тадбир доирасида DigiSurvey.uz онлайн платформаси тақдимоти ҳам ўтказилди. Унда IT таълим ресурслари, касбий йўналишлар ҳамда тадқиқот натижалари жойлаштирилади.

Форумда IT Park, Рақамли таълимни ривожлантириш маркази, AlmaU университети ва бошқа ташкилотлардан мутахассислар иштирокида панел муҳокамалар, стартаплар ва инновациялар бўйича сессиялар, нетворкинг, маҳорат дарслари ва интерактив ўйинлар ташкил этилди.