Ўзбекистон | 22:12 / 21.04.2020
10302
7 дақиқада ўқилади

«Давлат даромад сиёсатини қайта кўриб чиқиши керак». Жамшид Муслимов инқироз ҳақида

Тадбиркорлар жуда кўпчилиги инқироз оқибатларини юмшатиш учун кредит ёки қарз олишни режалаштирган бўлиши мумкин. Бироқ давлат айни пайтда кредит учун ресурс ажратишни режалаштирганга ўхшамаяпти. Бу вазиятда тадбиркорларнинг бошқа танлови борми?

Бу вазиятда ҳар бир тадбиркордан ижодий ёндашув сўралади. Улар ўз вазиятини тўғри баҳолаб, йўл топишга ҳаракат қилиши зарур. Шу билан бирга, давлатга мурожаат қилишдан ҳам тийилиш керак эмас. Менимча, айни пайтда давлат ва тадбиркорлар ўртасида муносабат яхши.

Аслида, бу саволга жавоб беришнинг ўзи қийин. Чунки ҳар бир ишлаб чиқариш соҳасида вазият бошқача. Туризм, умумий овқатланиш, банк тизимидаги вазиятларни бир-бирига таққослаб бўлмайди.

Шундай экан, Молия вазирлиги фискаль сиёсатини ўзгартиришининг вақти келдими?

Фискал сиёсат- давлат даромади ва харажатлари билан боғлиқ сиёсат. Истеъмол бўлмаган вазиятда истеъмол ва қўшилган қиймат солиқлари, акциз солиқлари камаяди.

Масалан, ҳозир нефть нархи тушиб кетиши газ нархига ҳам таъсир қилади. Ва демак, давлат даромад сиёсатини қайта кўриб чиқиши керак. Қайта кўриб чиқиш керак бўлмаган нарса – бу куч ишлатиш ва маъмурий буйруқбозлик усули билан пул ундиришга йўл қўймаслик. Чунки бу нарса коррупцияга йўл очади ёки корхоналар ёпилиб кетишига сабаб бўлади.

Давлат раҳбари энг биринчи корхоналар ёпилиб кетмаслиги шарт экани ҳақида таъкидламоқда. Агар бунга амал қилинадиган бўлса, тадбиркорни бошига тўқмоқ билан уриш керакмас. Чунки давлатнинг даромади- давлат ва бизнес даромади ҳамда уларнинг истеъмолидан ташкил топган.

Шунингдек, приоритет бўлган тармоқлар учун божхона тўловларини ҳам камайтириш зарур. Харажатларни камайтириш, зарур эмас харажатларни бошқа муҳим тармоқларга йўналтириш керак. Албатта, буларнинг барчаси таҳлиллар ва вақт талаб қиладиган жараён.

Kun.uz сайтида ҳам яқинда Халқаро валюта фондининг тавсияси асосида Солиқ ташкилотлари ходимларининг ойлигини қисқартириш ҳақида айтилган тавсияни ўқиб қолдим. Бу таклиф жуда хатарли. Чунки солиқчилар ҳам барча қатори инсон.

Шу ўринда «Фирибгарлик учбурчаги» деган тушунчага эътиборингизни қаратмоқчиман. Бу тушунчанинг таъсирига тушган одам коррупция, мутаҳамликка йўл қўяди. Бу учбурчакнинг биринчи тушунчаси- имконият. Солиқ ходими учун имконият кимнидир солиққа тортиш ва кимнидир солиқдан «озод қилиш»дан иборат бўлиши мумкин.

Иккинчиси – ички ва ташқи босим. Имкониятни кўргандан сўнг вазиятдан фойдаланиш учун ўз-ўзига ёки ташқи тарафдан босим ўтказилиш мумкин. Учинчиси эса рационализация- оқлаш.

Агар солиқ ходимининг ойлиги камайтирилса, «Менда нима айб бор эди? Нега менинг ойлигимни камайтирди? Демак, мен қилаётган иш ҳам тўғри», дея у ўзи қилаётган ноқонуний ҳаракатини ўзининг олдида оқлайди.

Бюджет ташкилотларида фаолият юритадиган ходимлар ойлигини қисқартиришни шу пайтгача ўйлаб кўриш зарур эди. Бироқ ҳозир бунинг вақти эмас. Аксинча, ҳозир улар даромад олиб турса, мана шу маблағ асосида улар маҳсулотистеъмол қилади ва пул мамлакат иқтисодининг ўзида айланади.

Давлат харажатларини иқтисод қилаётганда эса айрим саволларга эътибор бериш зарур. Биринчиси, агар харажатлар тўхтатиб қўйилса, нима бўлади ва кузатиладиган салбий оқибатлар ижобийсидан кўп бўладими? Агар шундай бўлса, бу нарсани амалга ошириш керак эмас.

Шунингдек, иқтисод қилишда самарадорлик тушунчаси ҳам бор. Афсуски, Ўзбекистондаги камчиликлардан бири ҳам мамлакатда иқтисодий самардорлик масаласи биринчи ўринда бўлмагани билан ҳам боғлиқ. Бизда ҳали бунақа кўникма йўқ. Ана шу иқтисодий мураккаб даврда иқтисодий самарадорлик тушунчаси йўқлиги панд беради.

Қийинчилик кузатиладиган бўлса, ички ресурслардан фойдаланиш ўрнига енгил ечим излаб, банкдан пул олиш ёки ташқи қарз олиш варианти каби осонитанланади.

Аслида эса, ойликларни қисқартириш зўравонликнинг белгиси, кимнингдир пулини ўзлаштириш бўлади. Бу ўринда ижодий фикрлаш кўпроқ муҳим.

Аҳолининг иқтисодий мантиғидан келиб чиқсак, кўпчилик тезроқ пандемиядан олдинги турмуш тарзига қайтишни режалаштирмоқда. Лекин бундан кейинги турмуш тарзи моҳиятини тўғри тушуниши учун одамларга қанақа сигнал бериш керак, деб ўйлайсиз?

Бундан кейинги ҳаёт бошланиб бўлди, бу – номаълумлик ҳаёти. Гарчи ҳозир пандемияга оид фактлар йиғилаётган бўлса-да, вазиятнинг қанча пайт сақланиб қолиши номаълумлигича қолмоқда. бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров ҳам инқирознинг ички қуввати номаълум қолаётганини таъкидлаганди.

Вазият худди шундай. Қачон нормал ҳаётга қайтиш ҳам аниқ эмас. шунинг учун «New normal» - янгича ҳаёт тарзига ўтамиз. Шунинг учун тадбиркор ҳам, раҳбар ҳам қуйидаги саволларга жавоб топишга ҳаракат қилиши зарур:

-Давлат ҳозир касал юқтирган одамларга етарли даражада тиббий ёрдам кўрсата оладими? Германия, Сингапур, Япониямана шу саволга жавоб топишди ва ҳозир «New normal» ҳаёт тарзига ўтмоқда.

-Экспрес тест қачон оммалашиши номаълумми? Демак, бундан буёғига номаълумлик.

-Аҳоли ёки бизнес ўртасида кўникма, интизом пайдо бўлдими? Япония, Сингапурда интизом жуда кучли, бу уларнинг тезроқ ижтимоий ҳаётга қайтишига ҳам сабаб бўлди. Бизда ҳам аҳоли ижтимоий масофа сақлаш, гигиенага амал қилиш интизомларини ўзлаштирилдими?

-Вакцина қачон топилади? Унинг тайёр бўлиши, синовдан ўтиши масаласи қачон ечилади?

Гарчи юқоридаги саволларга жавоб бўлмаса-да, бу ҳамма нарса тўхтаб қолиши ва очарчилик кузатилишини англатмайди. Энг ёмон қўрқув ҳам очарчилик қўрқуви. XXI асрда фақат уруш бўлган ҳудудлардагина очлик кузатилган.

Очарчиликнинг асосий омили – логистик тизимда ва бюрократияда муаммо борлиги билан боғлиқ.

Агар қайсидир қишлоқда нон, ёғ ёки шакар йўқ бўлса, демак, қайсидир шахс хатоси билан содир бўлган ва бу давлатда шу маҳсулотлар йўқлигини англатмайди.

Аксинча, мутасаддиларга лидерлик, менежерлик қобилияти керак. Қоғозсиз ёки бирор расмий рухсатсиз таваккал қилиб, вазиятни халқ фойдасига ҳал қила оладиган масъуллар керак.

Алишер Рўзиохунов суҳбатлашди

Мавзуга оид