Суҳбатдошимиз интервью аввалида иқтисодчи эканига қарамай, анча йиллардан бери таълим соҳасини кузатиб, бу борада экспертлар билан бир қанча суҳбатлар ва подкастлар ҳам тайёрлаганини таъкидлади. Ушбу суҳбатимиздаги фикрлари ҳам шулар асосидалигини қайд этди.
— Ўзбекистондаги аномал совуқ ва бунинг ортидан мактаблардаги қишки таътилнинг узайтирилганидан хабардор бўлсангиз керак. Таълимда бундай фавқулодда қарорлар қабул қилинишига муносабатингиз қандай? Мана шу ўзгаришлар фонида таътил муддатларини ўзгартириш ваколати ҳокимликларга берилганига қандай қарайсиз?
— Маҳаллий ҳокимият бу жараёнга аралашишининг асосий сабаби – у коммунал хизматлар учун жавоб беради, болаларнинг мактабга қатнаши учун эса маълум бир стандартлар бўйича шароит бўлиши керак. Муниципал ваколатга эга бўлган мутасаддилар болаларнинг мактабга кела олиши ёки ундай бўлмаслиги, шароит бор ёки йўқлиги ҳақида айта олади. Дейлик, маҳаллий ҳокимият бу ҳақда ҳеч қанақа билдиришнома қилмаган тақдирда ҳам болалар мактабга боришса, у ерда шароит яхши бўлмай, қаттиқ совуқ бўлса, давлат бу жараённи тўхтатишга мажбур бўлади. Мисол учун, хусусий мактаб очадиган бўлсангиз, шарт-шароитлари бўйича қаттиқ текширув бўлади ва шунга қараб фаолият билан шуғулланиш ёки шуғулланмасликка рухсат берилади. Бунда ҳам худди шу нарса ишлайди, бу – табиий ҳолат.

Таълим жараёнига келсак, унга муниципал ҳокимиятнинг аралашуви яхши эмас. Бу мутлақо нотўғри. Менимча, таълим ҳақиқатан ҳам ислоҳ қилинадиган бўлса, 3 та нарсага бўйсуниши керак. Биринчидан, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига, иккинчидан ўқитувчилар ва таълим мутахассисларининг профессионал ҳамжамиятига бўйсуниши лозим. Бу ҳамжамият давлатдан мутлақо мустақил бўлиши керак. Керак бўлса, ўқитувчиларга лицензия берадиган, таълим билан шуғулланишга рухсат берадиган шунақа махсус бир тузилма бўлиши ва давлатдан мустақил бўлиши керак. Ва учинчиси – ота-оналар ҳамжамиятидир. Яъни манфаатдорлар ҳамжамияти… Улар ўзининг ёки атрофдаги мактаблари миқёсида йиғилиб, шу таълим муассасаларини назорат қилиши мумкин. Мактаблар мана шу 3 та кучнинг назорати остида бўлиши керак.
Бу тизимда муниципал ҳокимиятлар фақат хизмат кўрсатади. Унинг ҳар хил тадбирларига мактабдаги қизларнинг бошига “бантик” тақтириб, қўлга гул бериб чиқариши, сайловларда ўқитувчилар вазифасидан ташқари ишларда қатнашиши керак эмас. Йўқ, маҳаллий ҳокимиятлар бунда мутлақо аралашишга ҳаққи йўқ.
Баъзи шаҳар ёки вилоят фаолиятига тааллуқли тадбирлар бўладиган бўлса ва бу тадбирлар ҳақиқатан ҳам таълимга алоқадор бўлса, ўшанда ҳам ҳамкорликда қандайдир ишлар қилиниши мумкин. Лекин буйруқ берадиган тизимда мутлақо ишлаш керак эмас. Мактаблар бошқарув органига айланиб қолган. Таълим муассасаси эмас, маъмурий буйруқбозлик вертикалининг бир бўғини бўлиб қолган. Шуни ажратмагунича, таълим ислоҳоти ҳақида ҳеч нима дейиш мумкин эмас.














