Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда 2026 йилдан АИ-80дан тўлиқ воз кечилади: бозорда дефицит юзага келмайдими?
Kun.uz ихтиёридаги ҳужжатга кўра, «Ўзбекнефтгаз» жорий йил сентябрдан АИ-80 ишлаб чиқаришни тўлиқ тўхтатмоқчи. Компания жорий йилнинг ўзида АИ-80 русумли автобензин тизим корхоналари омборларида тўлиқ тугатилишини, 2026 йилдан фақат юқори октанли автобензин сотишга ўтилишини режа қилган.
Фото: Kun.uz
Ўзбекистонда АИ-80 бензинини ишлаб чиқариш жорий йилда тўлиқ тўхтатилади. Kun.uz ихтиёридаги ҳужжатда келтирилишича, “Ўзбекнефтгаз” жорий йил якунига қадар юқори октанли (АИ-92) автобензинни ишлаб чиқариш ҳажмини ошириб, сентябрдан АИ-80 русумидаги автобензин ишлаб чиқаришдан тўлиқ воз кечишни режалаштирмоқда. Хўш, “Ўзбекнефтгаз”нинг АИ-80дан воз кечишга оид режалари қандай? АИ-80ни ишлаб чиқариш тўхтатилса, бозорда дефицит юзага келмайдими? Ҳукумат бу ислоҳотни амалга оширишдан олдин нима қилиши керак? Ушбу мақолада Аи-80 атрофидаги энг долзабр саволларни муҳокама қиламиз.
АИ-80дан воз кечиш режаси: яқин ойлардами ёки кейинроқ?
Ўзбекистонда бензин ишлаб чиқарувчи иккита завод бор - биринчиси, “Ўзбекнефтгаз”га қарашли Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, иккинчиси, “Санег”га қарашли (хусусий) Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи. Сурхондарёда, Чинозда нефтни қайта ишлаш заводлари бор, кичкина партияда бўлса ҳам АИ-80 бензини ишлаб чиқаради. Кичик истисноларни ҳисобга олмаганда Ўзбекистонга ташқаридан 80 бензини кириб келмайди. Ишлаб чиқарувчилар монопол мавқега эга.
Санег ФНҚЗни хусусийлаштираётган пайтда унга заводни модернизация қилиш ва юқори октанли бензин ишлаб чиқаришга оид инвестицион мажбурият юклатилган. БНҚЗ бўйича 2 йил аввал модернизация лойиҳаси эълон қилиниб, «Ўзбекнефтгаз» раиси ўринбосари 2024 йилда 80 бензинни ишлаб чиқаришни тўхтатиб, шу ҳажмдан кам бўлмаган миқдорда АИ-92 бензини ишлаб чиқаришга ўтамиз, дея ваъда берганди.
2024 йил бошида ҳукумат АИ-80дан воз кечишни 2025 йилги мақсад деб эълон қилган эди. Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ҳам 2025 йилдан бошлаб бу турдаги бензинни ишлаб чиқаришни тўхтатишини билдирган эди. Аммо 2024 йил октябр ойидаги Президент қарори билан бу мақсад 2028 йилгача кечиктирилди. Расмийлар буни Бухоро нефтни қайта ишлаш заводини модернизация қилиш учун вақт кераклиги билан изоҳлаганди.
2025 йил якунига қадар аҳолини сифатли, экологик тоза ва арзон ёқилғи билан таъминлаган ҳолда АИ-80 русумли автомобиль ёқилғисидан фойдаланиш ва сотишни чеклашга оид режалар эса 2025 йилги давлат дастурига киритилди. Шундай қилиб, жорий йилдан бошлаб жорий йил якунига қадар Ўзбекистонда АИ-80ни ишлаб чиқариш тўхтатилиши керак.
«Ўзбекнефтгаз» сентябрдан АИ-80ни ишлаб чиқаришни тўхтатади - ойига 90 минг тонна АИ-92 ишлаб чиқаради
Kun.uz ихтиёридаги ҳужжатга кўра, «Ўзбекнефтгаз» 2024 йил январ ойида Хитой компанияси билан 60 фоиз ва 40 фоиз ҳажмда юқори октанли йилига 1 млн тонна АИ-92 ва АИ-95 бензинлари ишлаб чиқариш борасида лойиҳани амалга оширишга келишган.
Маълум қилинишича, ушбу лойиҳа доирасида Бухоро НҚИЗда қўшилма (присадка) ёрдамида юқори октанли АИ-92 присадкали автобензин ишлаб чиқаришни ўзлаштириш бўйича ишлар олиб борилган, тажрибалар ўтказилиб присадка тури аниқланган, бензиннинг тажриба-синов партияси ишлаб чиқарилган, присадка сақлаш ва аралаштириш учун сиғимлар инфраструктураси яратилиб, присадкали АИ-92 бензинини серияли ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Компания присадка ҳисобига таннархни арзонлаштирмоқчи, бироқ нарх борасида аниқ ҳисоб-китоблар келтирилмаган.
2025 йилда “Бухоро НҚИЗ” МЧЖ томонидан жами 1 030 минг тонна жумладан 487 минг тонна АИ-80 русумидаги автобензин ва 543 минг тонна АИ-92+ русумли автобензин ишлаб чиқарилиши режалаштирилган. Бунда, АИ-80 русумидаги автобензинни ишлаб чиқариш сентябрь ойига қадар кўзда тутилган бўлиб, сентябрь ойидан бошлаб фақат АИ-92+ русумидаги автобензин (ойига ўртача 90 минг тоннадан) ишлаб чиқарилади. Натижада, жорий йилнинг ўзида АИ-80 русумли автобензин тизим корхоналари омборларида тўлиқ тугатилади ва 2026 йилдан фақат юқори октанли автобензин сотишга ўтилади.
“Энг қулай пайт - ҳозир” - Отабек Бакиров
Иқтисодчи Отабек Бакиров Kun.uz’га берган изоҳида АИ-80 бензинидан воз кечиш масаласи 2020 йилдан бери кўтарилиб, ҳар йили куз-қиш мавсумида сунъий юзага келтирилган ёнилғи дефицити туфайли ортга суриб келинаётганига урғу берди.
- Охирги кунларда кўряпмиз, 80 бензин қанақа тенденцияда ўсиб боряпти. 10 июлда потолок нарх бекор қилинганидан кейин ҳар куни нархлар ошяпти, нархлар охирги 1 ойда 10 фоизга, юқори котировкалар 15 фоизга кўтарилди. 80 бензиндан воз кечиш борасида амалий ҳаракатларни кўрмаяпман. Бу бўйича Энергетика вазирлиги, ишлаб чиқарувчилар баёнот билан чиққанини кўрмадим.
80 бензини ишлаб чиқаришдан тўхтаса, бозорда катта дефицит юзага келмайдими, деган савол жуда ўринли. Шу ўринли савол мавжудлиги учун ҳам ҳар йили кузга бориб шу саволни рўкач қилиб бу иш ортга сурилади. Агар 80 бензиндан воз кечмоқчи бўлсак, ундан воз кечишнинг энг осон ва қулай пайти - ёз ойлари. Яъни бугун ёки эртага. Бундан қулай пайт бўлмайди, кузга бориб икки оёғимиз бир этикка тиқилганда уни ишлаб чиқаришдан ҳам, сотишдан ҳам воз кеча олмаймиз. 80 бензинни ишлаб чиқаришни тўхтатиб, 92 бензиннинг рақобатли таклифини кўпайтириш ҳақида ўйлаш керак. Ўзбекистонда автомобиллар учун энг оммабоп ёқилғи бу - метан-газ. Кейин пропан, кейин 80 ва 92 бензин ҳисобланади. Агар йиллик истеъмол 1 млн 200 - млн 300 атрофида бўлса, 800 минг атрофида 80 бензини ишлаб чиқарилади, 100 минг атрофида 92 бензини ишлаб чиқарилади, қолгани импорт қилинади. Бизнинг олдимиздаги вазифа - 1 млн 200-1 млн 300 минг атрофидаги 92 ва ундан юқори октанли бензин таклифини бериш, бу имконли вазифа. Қўшниларимизда биздан фарқли равишда ёқилғи саноатида бозор қоидалари ишлайди. 92 бензин Ўзбекистондан арзон, ваҳоланки нефт захиралари йўқ, нефтни қайта ишлаш заводлари импорт нефтдан фойдаланади. Демак, Қирғизистон 92 ёки ундан юқори октанли бензин билан бозорни рақобатли тўлдира олаётган экан, нимага Ўзбекистон шу ишни қила олмайди? Қирғизистонда иқтисодиёт Ўзбекистондан 4 баробар кичик бўлишига қарамай, улар биз сингари бензин ишлатади, чунки улар метан ишлатмайди. Шу савол жуда муҳим. Хавотирларни йиғиштириб 80 бензиндан қанча эрта ва ёз кунларида воз кечсак, шунча яхши. 92 ва ундан юқори октанли бензин импортини кенгайтириш ҳақида ўйлашимиз керак. Яъни ҳар қандай субъект учун қўшни мамлакатлардан, узоқ хориждан, Эрондан, Ироқдан автомобил бензини импорт қилишдаги ҳамма тўсиқлар олиб ташланиши керак. Темирйўл квоталари билан боғлиқ тўсиқлар, транспортга қўйиладиган талаблар, омборхона билан боғлиқ тўсиқлар олиб ташланиши керак. Керак бўлса, қайсидир муддатгача 92 бензинга истеъмол солиғини 3 ёки 6 ойга бекор қилиш импортчи ва ишлаб чиқарувчиларга 92 бензин таклифини оширишга стимул беради. Бу қийин масала эмас. Ўзбекистон 90 йиллардаги каби 7 млн тонна бензин импорт қиладиган вазият бўлса, қисқа вақт ичида бу имконсиз деса бўларди. Бу имконли, бунинг учун қатъият ва ирода керак.
2023 йилнинг маълумотларига кўра, турли экспертлар жами бензинга талабини 1 млн 200 ёки 1 млн 300 минг тонна деб баҳолаган. Агарда импортга тўсиқлар олиб ташланмай, 92 ёки ундан юқори октанли бензинга ўтиладиган бўлса, бу бозордаги вазиятни ўзгартирмайди. Шу пайтгача 80 бензин танқислиги ва нарх ошишини кузатган бўлсак, бундан бу ёғига 92 бензин нархи ошиши ҳамда сунъий танқислигини кузатамиз. Охир-оқибат истеъмолчи яна жазоланади. 92 бензиннинг рақобатли ишлаб чиқариш занжирларида, импортда ҳам рақобатли таклиф бўлиши шарт. Шимолдан, жанубдан, Эрондан, Туркманистон, Қозоғистондан - ҳамма каналлардан импорт қилиш билан боғлиқ бўлган сунъий маъмурий, техник тўсиқлар олиб ташланиши керак. Шундагина бозорда эркин рақобат юзага келади, шундагина бензиннинг нархини бозор белгилайди. Шу кунларда 80 бензин билан қандай ўйин бўлаётган бўлса, энди 92 бензин билан шундай бўлади. Яна бензин сифати билан боғлиқ масалалар юзага келади. Шартли равишда устига 92 бензин деб ёзиб қўйилган, аслида октан даражаси 92 бўлмаган бензинни олишга мажбур бўламиз.
АИ-80 саноқли мамлакатларда қолган
Ҳозир дунё бўйича ишлаб чиқарилаётган деярли барча автомобиллар юқори октанли ёқилғида ишлашга мўлжалланган. АИ-80 каби паст октанли турлари ёниши натижасида кўп миқдорда углерод оксиди ва ёнмаган углеводородлар каби ифлослантирувчи моддалар ҳосил бўлади. Бу эса аҳоли саломатлигига зарарли. Қолаверса, транспорт чиқиндилари иқлим ўзгаришини ҳам тезлаштирувчи омиллардан бири ҳисобланади. Шу сабабли кўплаб мамлакатлар экологик қоидаларни борган сари қаттиқлаштириб боряпти.
Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатовнинг сўзларига кўра, 80 бензинни тақиқлашнинг ортга сурилиши экология учун ёмон. Бутун дунё амалиётида 80 бензини энг сифатсиз бензин ҳисобланади ва мамлакатлар буни тан олиб, муомаладан чиқариб бўлган.
“Бу турдаги бензинни биздан ташқари фақат Афғонистон ишлатади. Ҳайдовчилар ҳам яхши биладики, 80 бензини – моторнинг тез ишдан чиқишига сабаб бўладиган ёқилғи тури ҳисобланади. Бундан ташқари, у атмосферага PM 2,5 магнит заррачаларини кўп чиқаради. Бензин ёқилғи ресурсининг 20 фоизи энергияга айланиб, машинанинг юриши учун хизмат қилса, 80 фоиз қисми атмосферага турли хил газ ва майда PM2,5 заррачаларини чиқариши тадқиқотларда исботланган.
Мадина Очилова. Kun.uz
Мавзуга оид
23:13 / 05.12.2025
Устюртда «Ўзбекнефтгаз» ва SOCAR қўшма лойиҳаси ишга тушди
13:14 / 04.12.2025
АЁҚШда нефт маҳсулотлари сифати устидан назорат кучайтирилди
17:20 / 22.11.2025
Президент Тошкент ҳавосини яхшилаш чораларини тасдиқлади
19:34 / 15.11.2025