Жаҳон | 13:11 / 26.01.2023
36746
6 дақиқада ўқилади

100 ёшдан кўпроқ яшовчилар ороли – Япониянинг Окинава оролида нега одамлар узоқ умр кўради?

Япония ўртача умр кўриш давомийлиги энг узун мамлакатлардан бири ҳисобланади. Японлар узоқ умр кўришса, мамлакатнинг Окинава оролида одамлар бутун мамлакатдагидан ҳам узоқроқ умр кўришади. Оролнинг ўзи ҳам, унда яшовчи одамларнинг кўп яшаши сабаблари ҳам ўзига хос.

Фото: Shutterstock

Японлар узоқ умр кўриши ҳақида биламиз. Лекин мамлакатнинг бир ҳудуди – Окинава ҳатто Япониянинг ўзида аҳолисининг узоқ яшаши билан ажралиб туради. Окинавани “узоқ умр кўрувчилар ороли” деб ҳам аташади.

2019 йил маълумотига кўра, Окинавада ҳар 100 минг аҳолига 68 нафар 100 ёшдан ошган одам тўғри келган. Ҳудудда аҳолининг 100 дан ошиши имкони бутун Японияникидан 40 фоизга юқорироқ.

Бу қандай ҳудуд?

Окинава Япония префектураларидан бири ҳисобланади. Ҳудуд 160 та аҳоли яшайдиган ва яшамайдиган ороллар йиғиндисидан иборат. Ҳудуди 2 минг кв метр бўлган префектурада 1,4 млнга яқин одам яшайди.

Фото: Shutterstock

Окинавада йил бўйи илиқ ва мўътадил об-ҳаво ҳукмронлик қилади. Июлда, ҳатто энг иссиқ ойларда ҳам ҳарорат 29 даража атрофида, камдан кам ҳолатда эса 35 даражагача чиқади. Қишда эса ҳарорат 17 даража атрофида бўлади. Орол ўзига хосликлари билан сайёҳлар эътиборини тортиб келади.

Фото: AP

Ажойиб қишлоқ

National Geographic нашри нима сабабдан оролликларнинг узоқ умр кўриши ҳақида ҳикоя қилади.

Окинаванинг асосий оролидан шимолда жойлашган Огими қишлоғида қуйидаги ёзувларни учратиш мумкин: “Агар 80 ёш бўлсангиз – сиз ҳали ёшсиз. Агар 90 ёшда аждодларингиз сизни у дунёга чорлаётган бўлса, уларга айтинг, 100 ёшга киргунингизча кутиб туришсин. 100 ёшда ўлим ҳақида ўйлаб кўрсангиз бўлади”.

Чиндан Огими қишлоғининг ўзида ҳам 100 дан ошганлар анчагина. 2020 йил ҳолатига кўра, қишлоқнинг 3 минг аҳолисининг 15 нафари 100 дан ошган, 171 нафари 90 ёшлилар. Ўша пайтда бутун Япония бўйича 100 дан ошганлар 70 минг кишини ташкил қилган. Биттагина қишлоқ мисолида олганда уларнинг бунча умр кўриши ажойиб натижа.

Ҳозир Японияда 100 ёшдан ошганлар 90 минг кишини ташкил қилади.

Қандай қилиб?

“Оролдаги одамларнинг узоқ умр кўришига 3 та нарса сабаб: овқатланиш тарзи, ижтимоий фаоллик ва генетика”, дейди Окинава халқаро университети профессори Крейг Уиллкокс. У орол одамларининг узоқ умр кўриш сирларини ўрганади.

Профессор узоқ умр кўриш сабабларининг учдан икки қисми овқатланиш ва турмуш тарзи билан, қолган бир қисми генетика билан боғлиқ деган фикрда. Окинава аҳолисида Япониянинг бошқа қисмларига қараганда генетик устунлик борлиги алоҳида тадқиқ қилинмаган бўлса-да, бироқ узоқ умр кўриш аксар оилаларга хос хусусият.

Овқатни дори деб қабул қилиш

Окинаваликлар асосан, балиқ овлаш ва қишлоқ хўжалиги билан шуғулланади. Жисмоний фаоллик, қолаверса, соғлом овқатланиш уларнинг узоқ умр кўришига ёрдам беради.

Окинавада бошқа Осиё аҳолисидан фарқли равишда гуруч ўрнига ширин картошка кўпроқ истеъмол қилинади. Бундан ташқари, оролликлар сариқ ва яшил сабзавотларни: нордон қовун ва соя маҳсулотларини кўп истеъмол қилишади. Гарчи гўшт маҳсулотлари ҳам ейишса-да, лекин гўшт овқат порциясининг кичик қисмини, катта қисмини эса сабзавотлар ташкил қилади.

- Окинава ошхонасида пишган ширин картошкалар

Окинава анъанавий овқат рациони минерал ва витаминларга бой, бир вақтнинг ўзида калорияси паст ҳамдир. Оролга "фаст-фудлар" кириб келишидан олдин уларнинг рациони калорияси катталар учун белгиланган ўртача калориядан 11 фоиз пастроқ бўлган.

Окинаваликларнинг кунлик рационида 5 порция мева ва сабзавотлар бўлади. Шунингдек, улар юракка гўштдан кўра кўпроқ фойдали бўлган балиқ маҳсулотларини истеъмол қилишади.

Фото: Shutterstock

Бундай овқатланиш юрак қон-томир касалликлари ва саратонга чалиниш хавфини камайтиради. Окинаваликларнинг “nuchi gusui” яъни “озиқ-овқатингиз сизнинг дорингиз бўлсин” деган ибораси ҳам бор. Ширин картошка, нордон қовун, денгиз ўтлари, яшил баргли сабзавотлар қаришни секинлаштиради.

“Окинаваликларнинг рациони ҳам озуқавий жиҳатдан тўйимли, бироқ калорияси юқори эмас. Бу – идеал. Агар лабораторияда тадқиқот ўтказиб, сут эмизувчининг калория истеъмоли ҳажмини чекласангиз, у узоқроқ умр кўриши мумкин. Доимий энергия танқислиги танада ўз-ўзини чеклаш тизимини ишга туширади”, дейди профессор Вилкокс.

“Ёлғизлик чекиш каби зарарли”

Оролдаги ҳаёт Япониянинг бошқа қисмларидагидан фарқ қилади. Бу ерда иқлим субтропик, қиши илиқ келади. Ҳудудда махсус “Окинава вақти” бор.

Жамият шундай тузилганки, кексалар ўзларининг яшашдан мақсадини, японча ибора билан айтганда ўз “икигаи”ларини сақлаб қолишган. Огими қишлоғида кексалар йиғилиб толаларни тозалаб улардан ип тўқийдиган марказ бор. Махсус ташкил қилинган марказ кексаларга нафақат ижтимоий фаол бўлишга, балки қишлоқ бюджетига ҳисса қўшишга ҳам ёрдам беради. Марказни 100 йил умр кўрган оила вакиллари бошқаради.

Бундан ташқари, одамлар ўз қизиқишларига қараб турли гуруҳларга бирлашади. Одамлар гуруҳларда дўстлашади, биргаликда маълумот алмашади, қизиқишларига мос машғулотлар олиб боришади. Бу ҳам узоқ умр кўриш сабабларидан бири бўлиш мумкин, сабаби “ёлғизлик чекиш каби зарарли”. 

Мавзуга оид