Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Самарқанддаги машҳур Сиёб бозори бузиладими?
Фото: KUN.UZ
2019 йилда Самарқанд шаҳридаги Сиёб бозори ўрнига барча қулайликларга эга уч қаватли гипермаркет барпо этилади. Бу ҳақда вилоятда рус тилида нашр этилувчи «Самаркандский вестник» газетаси ёзиб чиққан.
Тузилган ҳудудий дастурга кўра, жорий йилнинг июль ойидан бошлаб қурувчилар Темирйўл деҳқон бозори, шунингдек Жомбой, Ургут, Каттақўрғон ва Булунғур туманларидаги марказий бозорларни реконструкция қилишга киришишган. Бу ерда тўрт хил турдаги замонавий гипермаркетлар, супермаркетлар ва минимаркетлар барпо этилмоқда. Бозорларга ёндош ҳудудларда савдо павильонлари қад кўтаради, деб ёзади нашр.
— Бозорларда типли лойиҳалар бўйича икки қаватли супермаркетлар қуриш ишлари жадал бормоқда, — дейди вилоят савдо мажмуалари ва бозорлар иттифоқи бошқарувчи раиси ўринбосари Зафар Абдураҳмонов. — 2020 йилнинг 1 январига қадар Паст Дарғом, Оқдарё, Нарпай, Пайариқ, Нуробод, Тайлоқ, Иштихон, Қўшработ туманларидаги, шунингдек, Самарқанд шаҳридаги Мармар ва Дамариқ бозорларида шу каби реконструкциялар амалга оширилади.
Янги савдо мажмуаларини бунёд этиш, деҳқон бозорлари ҳудудларини ободонлаштириш, бозорлар яқинида янги автотураргоҳлар ташкил қилиш Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкининг вилоят бўлими маблағлари ҳисобига амалга оширилмоқда.
— Деҳқон бозорларини реконструкция қилиш лойиҳаларини амалга ошириш учун 36 миллиард 23 миллион сўм кредит маблағлари ажратилган, — дейди ТИФ МБ вилоят бўлими кредит бўлими бош мутахассиси Ўктам Қувондиқов. — Бугунги кунгача банкимизнинг ҳудудий бўлимлари томонидан 7,9 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратиб бўлинди.
Нашрнинг маълумотига кўра, ушбу ишлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 мартдаги «2017–2019 йилларда деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудларида замонавий савдо мажмуаларини қуриш Дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори доирасида амалга оширилмоқда.
Қайд этиш жоизки, Сиёб бозори нафақат Самарқанд шаҳри, шунингдек Ўзбекистон ва марказий Осиёнинг энг қадимий ва йирик бозори ҳисобланади. Бозорнинг ҳудуди 7 гектарни ташкил этади. Сиёб бозори туристлар энг кўп ташриф буюрадиган жойлардан бири ҳисобланади. Бозорнинг номи шаҳарнинг тарихий-географик туманларидан бири — Сиёб, шунингдек бозор яқинидан оқиб ўтувчи Сиёб дарёси номига қўйилган. «Сиёб» сўзи форс-тожикчадан таржима қилинса «сиёҳ об» — «қора сув/дарё» маъносини беради.
Шаҳар маъмурлари гарчи Nuz.uz’нинг Самарқанд вилоят бўйича ўз мухбирига шаҳардаги энг йирик бозор бузилиши ҳақидаги маълумотни тасдиқлашмаган бўлса-да, Facebook’да анъанавий шарқона бозор ўрнига замонавий гипермаркет қурилиши ҳақидаги хабар қизғин муҳокама қилинмоқда. Фойдаланувчиларнинг аксарияти бу борада ўз норозилигини билдириб, ушбу бозор туристлар ташриф бўйича шаҳардаги кўҳна осори-атиқалардан қолишмаслигини билдиришмоқда.