17:31 / 04.05.2015
6845

Тошкент марказидаги ахлат “тоғ”и (фоторепортаж)

Тошкент шаҳрининг энг кўркам, энг обод манзилларидан бўлмиш Матбуотчилар кўчаси ва унинг атрофи кишида ўзгача шукуҳ, ўзгача ёқимли кайфият уйғотади. Бу ерни бемалол, беистиҳола Тошкентнинг гавҳари дейиш мумкин.

Бир ёнда Матбуотчилар уйи, “Пойтахт” супермаркети, яна бир ёнда Тошкент Давлат Юридик университети. У ёғи “Амир Темур” хиёбони, бу ёни Мустақиллик майдони. Хуллас дарахтлар соя-салқинида ором олиб, сайр этадиган, кун давомида пайдо бўлган чарчоқларни чиқариб, ҳордиқ чиқарадиган маскан.

Аммо ана шу ҳудудда ахлатлар уюми дўппайиб турибдики, бу кишида ёқимсиз ҳис уйғотади. Бу ахлатлар қаердан келиб қолгани номаълум. Уларни ким ташлайди ва нега айнан шу ерга йиғишади? Йиғилган ахлатларни нега олиб кетишмайди?

Ахлатлар уюми орасида турли хил нарсаларни учратиш мумкин. Бўшаб қолган овқат идишларини-ю, ғижимлаб ташланган ичимлик қутиларини ҳам. Целлофан пакетлар билан дунё аҳли кураш олиб бораётган бир пайтда пакетлардан кўкка етаман деган ахлат уюми ҳақида яна нима дейиш мумкин? Шамол бу пакетларни учириб, уларни янада кенг майдонга тарқалишига сабаб бўлаяпти. Ариқлар ичига тозалаш баҳонасида яширилган ахлатларга нима дейсиз?

Бу каби ҳолатлар кузатилмаслиги учун тегишли идоралар, мутасадди ташкилотлар тузилган ва уларнинг фаолияти қонун йўли билан мустаҳкамлаб қўйилган. Ахлатларнинг бундай уюми уларнинг ўз ишларига етарлича аҳамият қаратишаётганига шубҳа уйғотади.

Балки ошириб юбораётгандирмиз, аммо суратларни инкор этиб бўлмайди-ку...

IMG_0355 - копия IMG_0374 IMG_0390 IMG_0393

Бу кимлар учундир арзимас, “майда-чуйда” гап кўринар. Бироқ бир нарсани сира унутмаслик лозим. Ҳар қандай катта муаммо ана шундай бефарқлик оқибатида келиб чиқади. Бу аниқ, бу исботланган, бу реал ҳақиқатдир.

Сарвар Анвар ўғли Фото: Санжар Шотўлаганов
Top