08:25 / 06.05.2015
1486

АҚШ президентлигига номзод Обамани танқид остига олди

АҚШ президентлигига Республикачилар партиясидан номзодини кўрсатишини маълум қилган Майк Хакаби ўзининг дастлабки чиқишида амалдаги президент Барак Обама маъмуриятини танқид остига олди.
Жумладан, у ноқонуний муҳожирлар масаласига тўхталиб ўтди. Обама бу масалани ҳал қилиш учун махсус амнистия беришни таклиф қилганди, аммо Хакаби бунга қарши. Унинг фикрича, ноқонуний миграция муаммоси чегараларни қатъий назорат остига олиш йўли билан ҳал қилиниши лозим.
Бундан ташқари, у Эрон қиёфасидаги “жиҳодчилик” билан курашишга ваъда берди. Унинг фикрича, “Исроилнинг тинч аҳолисини қириш учун ракета ишлаб чиқараётган радикаллар” билан музокаралар ўтказишнинг ўзи нотўғридир.
АҚШ президентлигига сайловлар 2016 йилнинг кузида бўлиб ўтади. 59 ёшли Хакабидан ташқари, республикачилар партиясидан сайловолди кампаниясида иштирок этиш ниятини уч нафар сенатор – Марко Руби, Тед Круз ва Рэнд Пол билдирган. Демократлар партиясидан номзодлар сони эса камроқ – Ҳиллари Клинтон ва сенатор Берни Сандерс.

Top