10:24 / 06.05.2015
1900

Назарбоев Жозе Мануэль Баррозани “Достык” ордени билан тақдирлади

Қозоғистон президенти Европа Комиссиясининг собиқ раиси Жозе Мануэль Баррозани “Достык” ордени билан тақдирлади, деб хабар бермоқда Tengrinews.kz портали.

“Учрашув давомида президент Жозе Баррозани халқлар ўртасидаги тинчлик, дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашда қўшган ҳиссаси учун 1-даражали “Достык” ордени билан тақдирлади”, деб хабар бермоқда Оқўрда сайти.

Назарбоев Баррозага Қозоғистон ва Европа Иттифоқи билан ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашда қўшган ҳиссаси учун миннатдорчилик билдирди.

“Сизнинг Европа Комиссияда раислик қилган даврингизда Қозоғистон ва ЕИ ўртасидаги маҳсулотлар айланмаси ҳажми 10 марта ошди. Сизнинг фаол кўмагингиз ва дўстона ёрдамингиз билан биз Қозоғистон ва ЕИ ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги келишувни имзоладик. Ҳозирда ЕИ бизнинг асосий савдо ҳамкоримиз ҳисобланади”, деб таъкидлаб ўтди Назарбоев.

Ўз навбатида, Барроза ҳам Нурсултон Назарбоевга фаолиятига юқори баҳо бергани учун миннатдорчилик билдирди ҳамда Қозоғистон ва ЕИ ўртасидаги ҳамкорликнинг янада кенгайтирилиши ва чуқурлаштирилишига умид билдириб қолди.

Top