16:19 / 13.05.2015
11812

"Андижон воқеалари"га 10 йил тўлди

Бугун, 13 май куни Андижондаги нохуш воқеаларга ўн йил тўлди. 2005 йилнинг айнан шу кунида содир бўлган террорчилик ҳаракатлари фуқароларнинг ўлимига, давлат мулкига жиддий зарар етишига сабаб бўлганди.

Ўша йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан олиб борилган тергов суриштирув натижаларидан кейинги ҳисоботида “Ўзбекистон мустақил сиёсати, унинг миллий манфаатларини, конституциявий тузумини ағдариш ва исломий давлат барпо этишга қаратилган, геосиёсий манфаатларга тўлиқ мос келувчи пухта ўйланган ва режалаштирилган ҳаракат” дея баҳоланганди.

Мазкур ҳисоботда ёзилишича, «террорчилик ҳаракати натижасида 187 киши вафот этган, шулардан 60 нафар фуқаролар, уларнинг ичида икки нафар вояга етмаганлар ва бир нафари аёл эди. Террорчилар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг 31 нафарини ўлдиришган. 287 нафар киши, жумладан, 91 нафар тинч аҳоли вакиллари, 49 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ва 59 нафар ҳарбийлар турли даражадаги тан жароҳатлари олишган».

Террорчиларга қарши чора-тадбирлар вақтида эса 94 нафар террорчи йўқ қилинган, 76 нафари яраланган.

Kun.uz сайти таҳририяти ушбу воқеаларда ҳалок бўлган ва азият чеккан бегуноҳ фуқароларнинг яқинлари ва қариндошларига яна бир бор ҳамдардлик билдиради.
 
Top