16:44 / 18.05.2015
7786

Қозоғистонда Қизил китобга киритилган 10 минг сайғоқ нобуд бўлди

Қозоғистоннинг Қўстанай вилояти ҳудудидаги даштларда Қизил китобга киритилган сайғоқларнинг қирилиб кетиши ҳолати юз берди. Бу ҳақда республика қишлоқ хўжалиги сайтида маълум қилинган.
Маълум қилинишича, 10 минг гектар майдонда 10 мингга яқин жонивор ҳалок бўлган.
Ветеринария марказлари ходимларининг маълум қилишича, сайғоқларнинг ўлимига пастереллёз хасталиги (вирусли касаллик) сабаб бўлган.
Айни вақтда махсус штаб ташкил этилиб, нобуд бўлган жониворларнинг жасадларини йиғиб олиш ишлари ўтказилмоқда.
"Шу пайтгача 5,3 мингдан ортиқ сайғоқ жасади йиғиб, йўқ қилинди. Охирги кунларда кузатилган ноқулай об-ҳаво шароитлари бу ишга халақит бермоқда. Тозалаш ишларига 458 нафар ходим ҳамда 21та махсус техника жалб қилинган", дейилади Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати тарқатган хабарда.
Маълумот учун, сайғоқлар Евроосиё бўйлаб кенг тарқалмаган, асосан Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Россия ва Мўғулистон ҳудудларида яшайди. 2013 йилги маълумотларга кўра, бу ҳудудлар бўйлаб 50 мингга яқин сайғоқ оғир шароитларда яшаётгани аниқланганди.
Охирги йилларда бу турга мансуб жониворларнинг кўп миқдорда ҳалок бўлиши кўп марта кузатиладиган бўлди. Қозоғистон ҳудудида 2010 йилда 12 мингдан ортиқ, 2012 йилда мингга яқин, 2013 йилнинг сентябрида эса пастереллёз хасталигидан 1500 дан ортиқ сайғоқ нобуд бўлган.

Top