12:50 / 14.06.2015
5559

Буюк Британия Сноуден берган маълумотлар туфайли ўз жосусларининг ротациясини амалга оширди

Буюк Британия АҚШ махсус хизматларининг собиқ ходими Эдвард Сноуден томонидан Россияга тақдим қилинган махфий файллар Россия ва Хитой томонидан ошкор этилган бўлиши мумкинлиги сабабли ўз жосусларининг ротациясини (жойини алмаштиришни) амалга оширишга мажбур бўлди. Бу ҳақда The Sunday Times нашри хабар бермоқда.
Буюк Британия ҳукуматидаги юқори лавозимли манбанинг тасдиқлашича, Россия ва Хитой “ҳаётий зарур маълумотларга эга бўлиш учун” Буюк Британия разведка хизматининг “қандай ишлаши ҳақидаги маълумотларни” олган бўлиши мумкин.
Шу туфайли МИ-6 разведкаси ўзига адовати бор давлатлардаги операцияларда иштирок этаётган бир қатор ходимларини ортга чақиртириб олишга мажбур бўлди.
Нашр манбаси Буюк Британия қайси давлатлардан ўз жосусларини чақитириб олганини маълум қилмаган.
Қайд этилишича, Россия томонидан Эдвард Сноудендан олинган 1 млн дан кўпроқ махфий ҳужжат АҚШ тарихидаги энг йирик муваффақиятсизликлардан бири бўлган.
Буюк Британия ҳукумати ва махфий хизматлардаги манбаларнинг тасдиқлашича, Хитой ҳам АҚШлик ва британиялик жосусларни ошкор этиши мумкин бўлган ушбу махфий файллардаги маълумотлардан воқиф бўлган бўлиши мумкин.

Top