11:12 / 15.06.2015
12466

АҚШда Россиянинг энг хавфли қуроллари номи айтилди

АҚШда Россияда ишлаб чиқарилган ва бошқа давлатларга сотилиши мумкин бўлган қуролларга беписандлик билан қарамаслик кераклиги айтилмоқда. Бу ҳақда The National Interest нашрида Дейв Мажумдар исмли журналист мақола ёзди. Жрналист АҚШ эътиборни қаратиши керак бўлган Россиянинг 5та энг хавфли қуроллари номини келтириб ўтди.

Россиянинг энг хавфли қуроллари рўйхатининг 1-ўрнини кўп мақсадли Су-35 қирувчи самолёти эгаллади. Бу самолётнинг асосий афзалликлари орасида унинг юқори нишонларни ушлай олиши, яшин каби тезлиги ва юқори тортиш кучига эга ноёб двигатели айтилмоқда.

Журналист рейтингнинг 2-ўрнига “Амур” ноатом сувости кемасини қўйди. Бу кема жуда сокин ишлайди, деярли шовқин чиқармайди, бироқ шу билан бирга жуда кучли қуроллар тизимига эга ва шунинг учун сув усти кемалари учун катта хавф солади.

3-ўринни Т-90 танки эгаллади. Танкнинг ўт очишни бошқариш, кузатиш, алоқа ва навигация тизимлари, самарали ҳимоя тизими ҳамда арзон нархи бу танкни энг замонавий танкларнинг кучли рақобатчисига айлантиради.

4-ўринни П-800 “Оникс” универсал кемага қарши ракетаси эгаллади. Ракета ҳам сув юзасидаги, ҳам ердаги нишонларни йўқ қила олади. Ердаги нишонларни ўққа тутишда зарба бериш узоқлиги бир неча марта кўпроқни ташкил қилади.

5-ўринни буғ-газли водород-пероксидли “53-65” торпедоси эгаллади. Бу торпедо собиқ иттифоқ пайтидаёқ яратилган. Журналистнинг фикрича, торпедо АҚШ харбий-денгиз кемалари учун катта муаммо туғдириши мумкин.

Top