Жаҳон | 10:23 / 19.06.2015
3361
2 дақиқада ўқилади

Путин Саудия Арабистонига ташриф буюриш бўйича таклифни қабул қилди

Россия президенти Владимир Путин Саудия Арабистони шаҳзодаси билан учрашув пайтида унинг қиролликка ташриф буюриш ҳақидаги таклифидан албатта фойдаланишини айтди. Саудия қироли ҳам, ўз навбатида, Путиннинг Россияга ташриф буюриш таклифини қабул қилди.

“Сизга маълумки, мен Саудия Арабистони қироли билан телефонда суҳбатлашганимда, унга Россияга ташриф буюришни таклиф қилган эдим. Бу таклифимни яна бир бор тасдиқлаб, қиролга барча эзгу ниятларимни етказиб қўйишингизни сўрайман”, деб айтди Путин Саудия Арабистони Мудофаа вазири Муҳаммад ибн Салмон билан Петербург иқтисодий анжумани давомидаги учрашуви пайтида.

Ибн Салмон ўз навбатида “икки муқаддас қадамжо асровчиси” (Маккаи Мукаррама ва Мадинаи Мунаввара назарда тутилмоқда) Россияга ташриф буюриш таклифини қабул қилганини” айтди.

“Шунингдек сизга Саудия Арабистони қироллигига ташриф буюришингиз ҳақидаги қиролнинг таклифини етказиб қўйишдан бағоятда хурсандман, чунки биз Россияни замонавий дунёдаги энг муҳим давлатлардан бири сифатида тан оламиз ва бизнинг муносабатларимиз узоқ тарихларга бориб тақалади”, деб айтди қироллик мудофаа вазири ҳамда Москва Саудия Арабистонини давлат сифатида биринчилардан тан олганини эслатиб ўтди.