21:25 / 22.06.2015
1847

Покистон ҳукумати барча нодавлат ташкилотларига рўйхатдан ўтиш мажбуриятини юклади

Эндиликда Покистон ҳудудида фаолият юритувчи барча нодавлат ташкилотлари мамлакат Ички ишлар вазирлигидан мажбурий тарзда рўйхатдан ўтиши керак бўлади.

Покистон Ички ишлар ва гиёҳванд моддаларни назорат қилиш вазири Чоудри Нисар Али Хон матбуот-анжуманда рўйхатдан ўтмаган барча нодавлат ташкилотлар қонун билан тақиқлаб қўйилишини маълум қилди.

“Текширув ўтказилгандан кейин мамлакатда бир неча минг нодавлат ташкилоти бор эканлиги, улардан 40 фоизи умуман ҳеч қаердан рўйхатдан ўтмагани аниқланди. Бу соҳадаги янги қонунчиликка мувофиқ, ҳар қандай нодавлат ташкилоти иш бошлашдан аввал Ички ишлар вазирлигидан рўйхатдан ўтиши керак бўлади. Акс ҳолда унинг фаолияти ноқонуний ҳисобланиб, бу ташкилотга нисбатан жиноий иш қўзғатилади”, деб айтмоқда Али Хон.

Покистон ҳукуматининг нодавлат ташкилотларига нисбатан сиёсати 2011 йилнинг май ойидан бери қайта кўрилиб, кучайтирилмоқда. Ўшанда Покистоннинг Абботобод шаҳрида АҚШ Ҳарбий-денгиз кучларининг махсус вазифаларни бажарувчи жангчилари ўтказган махсус операция давомида “Ал-Қоида” етакчиси Усама бин Ладен йўқ қилинган эди. Бин Ладен бартараф этилгандан кейин Марказий разведка бошқармасининг махфий ёрдамчиларидан бири, маҳаллий шифокор Шокир Афрузий шартнома бўйича “Болаларни қутқарамиз” халқаро хайрия нодавлат ташкилотига ишлагани аниқланди. Айнан шу ҳолат Афрузийга бин Ладен жойлашган уйга кириб, унинг оила аъзоларидан ДНК намунасини олишига ёрдам берган.

Top