09:46 / 25.06.2015
3291

Буюк Британия қироличаси Европани бўлиниш хавфидан огоҳлантирди

Буюк Британия қироличаси Елизавета II Европа давлатларини бўлиниш хавфидан огоҳлантирди. Бу ҳақда РИА Новости агентлиги хабар бермоқда.
“Биламизки, Европанинг бўлиниши хавфли ва биз бунга қитъанинг шарқида ҳам, ғарбида ҳам тўсқинлик қилишимиз керак. Бу бизнинг умумий интилишимиздир”, – деди у Германия президенти Йоахим Гаукка мурожаатида.
Қироличанинг Германияга тўрт кунлик сафари доирасида ўтказилган Бельвю қасридаги банкетда айтилган бу сўзлар Германия жамоатчилиги томонидан маъқулланди.
“Ҳаётимиз давомида қитъамизда яхшини ҳам, ёмонни ҳам кўрдик. Биз ҳамма нарса тезда яхшиликка ўзгариши мумкинлигини ҳам кўрдик. Аммо биз урушдан кейинги тинчликни сақлаш учун ишлашимиз кераклигини ҳам биламиз”, – қўшимча қилди у.
Илгарироқ британиялик депутатлар мамлакатнинг ЕИ таркибидан чиқиш ҳақидаги қарорни маъқуллагани хабар қилинган эди. Бу масала бош вазир Дэвид Кэмерон томонидан бошқа Европа етакчилари билан қизғин муҳокама қилинган эди.

Top