18:57 / 26.06.2015
7554

Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси “Йилнинг энг фаол журналисти–2014”танлови ғолибларини эълон қилди

Ўзбек Миллий академик драма театрида 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирга сенаторлар, депутатлар, давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари, оммавий ахборот воситалари, ноширлик соҳаларида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган фахрий журналистлар, матбаачилар, олий ўқув юртларининг журналистика факультетлари профессор-ўқитувчилари, талабалар таклиф этилди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига табригини Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов ўқиб эшиттирди.

Тадбирда сўзга чиққанлар Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фуқароларнинг фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги, ахборот излаш, олиш ва уни тарқатишга оид ҳуқуқлари, оммавий ахборот воситаларининг эркин ва қонунга мувофиқ фаолият юритиши, ахборот хавфсизлигига доир кафолатларнинг асосий тамойилларини белгиловчи меъёрлар мустаҳкамлаб қўйилгани таъкидланди.

Шунингдек, мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси миллий медиа соҳани босқичма-босқич ислоҳ этиш, уни изчил равнақ топтириш борасидаги истиқболларни белгилаб бергани, концепция доирасида қабул қилинган қонунлар оммавий ахборот воситалари, нашриётлар, полиграфия корхоналари ва матбуот тарқатувчи ташкилотларни янада ривожлантириш учун қулай шароитларни яратиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоат назоратини ўрнатишда уларнинг таъсирчанлигини тобора кучайтиришда кенг имкониятлар яратаётгани эътироф этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан ўтказилган “Йилнинг энг фаол журналисти – 2014” республика кўрик-танловининг ғолиб ва совриндорлари тақдирланди. Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси, Миллий телерадиокомпания, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги ҳамкорлигида оммавий спорт тарғиботи бўйича фаоллик кўрсатган журналистларга диплом ва совғалар топширилди. 

“Йилнинг энг фаол журналисти – 2014”танлови ғолиблари

Абдураҳмонова Улдона – “Тил ва адабиёт таълими” журнали бўлим муҳаррири

Таълим жараёнида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар ва ижтимоий мавзудаги долзарб материаллари, илмий-публицистик мақолалари учун

Абдулфаизов Маҳмуд – “Сурхон тонги” газетаси бўлим мудири

Вилоятда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободончилик ишлари, аҳоли турмуш тарзидаги туб ўзгаришлар, миллий қадриятларимизни улуғловчи мавзулардаги публицистик мақолалари учун

Ажимов Саламат – “Истиқлол ва қонун” газетаси масъул котиби (Қорақалпоғистон Республикаси)

Қорақалпоғистон аҳолисининг бугунги ҳаёти, орзу-интилишларига бағишланган, истиқлол берган чексиз имкониятлар турмуш фаровонлигига хизмат қилаётгани ҳақидаги туркум мақолалари учун

Алибаев Сергей – “O‘zbekiston” телеканали “Ахборот” информацион дастурлар бош муҳарририяти бош муҳаррири ўринбосари

Мамлакатимизни модернизациялаш ва янгилаш жараёнлари ҳамда республикада юз бераётган муҳим ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий воқеаларни кенг ва тезкор ёритгани учун

Исмоилов Отабек – “Хива тонги” газетаси мухбири

Халқимизнинг бой тарихий-маданий мероси, анъана ва қадриятларини тиклаш ҳамда тарғиб этишга қаратилган туркум мақолалари учун

Мустафоев Асад – “Жиззах овози” газетаси бўлим муҳаррири

Халқимизга хос эзгу фазилатлар, уларнинг баркамол ёшлар тарбиясидаги ўрнига, ёш авлод эришаётган ютуқларга бағишланган мақолалари учун

Файзиева Холида –  “Ҳуррият” газетаси бўлим мудири

“Соғлом бола йили” ва “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурлари ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳақидаги таҳлилий материаллари учун

Холбобоев Эркин –  “Ўзбекистон овози” газетаси мухбири

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасига бағишланган таҳлилий мақолалари учун

Ўринбоева Севара – Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси лойиҳа раҳбари

Ўзбекистонда миллий қонунчилик тизимини такомиллаштириш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ва парламент фаолиятини кенг ёритишга бағишланган “Парламент соати” туркум кўрсатувлари учун

Шоева Сайёра – Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Республика ахбороти таҳририяти бўлим мудири

Мамлакатимизда аграр соҳадаги ислоҳотлар самаралари, экология муаммоларини бартараф этиш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар, юртдошларимизнинг муносиб ҳаёт кечиришлари учун амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ва ободончилик ишларини интернет тармоғида кенг ёритган таҳлилий материаллари учун

Ўзбек Миллий академик драма театри жамоасининг “Ойдин” спектакли намойиш этилди. 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Э.Боситхонова, А.Икромов иштирок этди.

Top