09:58 / 09.07.2015
4794

Лондонликлар 1 кунга метросиз қолди

Лондонликлар бир кун давомида метрополитен хизматидан фойдалана олмайди. Метрополитен хизматчиларининг охирги йиллардаги энг йирик иш ташлаши шу ҳафтанинг пайшанба кунига мўлжалланган.

24 соатлик норозилик акциясида 20 минг киши иштирок этади. Уларнинг манфаатларини тўртта касаба уюшмаси ҳимоя қилади. Ишчилар метрополитен раҳбариятидан 12 сентябрдан метронинг дам олиш кунлари 24 соатлик иш тартибига ўтиши муносабати билан маош тўлаш шартларини қайта кўриб чиқишни талаб қилмоқда. Бир неча ҳафта давом этган музокаралар керакли натижани бермади. Кеча маҳаллий вақт билан 18:00да метро иши тўхтади.

Кўп одамлар иш ташлаш бошланишидан олдин уйга етиб олиш учун ишдан эртароқ чиқишди, бунинг натижасида шаҳар марказида улкан оломон тўпланди.

Ҳозирча бирор жиддий ҳуқуқбузарлик, тартибсизлик ёки кўнгилсиз воқеа кузатилмади, лекин шаҳар кўчаларида тирбандлик кузатилмоқда.

Шу кунларда шаҳарда бўлаётган энг йирик тадбир Уимблдон теннис турнири эди. Шотландиялик юлдуз Энди Маррейнинг чорак финалдаги баҳси чоғида марказий кортда “Метрога боғлиқ барча имкон қадар кетиб олсин” деган эълон пайдо бўлди.

Top