00:28 / 11.07.2015
2949

Сомали пойтахтида кучли портлаш юз берди

Сомали пойтахти Могадишо шаҳрида 10 июль куни кучли портлаш юз берди. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Дастлабки маълумотларга кўра, террорчи-худкуш миналаштирилган автомобилда ўзини меҳмонхоналардан бири олдида портлатиб юборган.

Reuters нинг қайд этилишича, “Аш-Шабоб” террорчилик гуруҳи жангарилари содир этган теракт оқибатида камида 4 киши ҳалок бўлган.

“Аш-Шабоб” 2004 йилда Сомалида ташкил топган радикал гуруҳ ҳисобланади. 2008 йилдан бошлаб гуруҳ жангарилари худкушлар ва портловчи моддалар билан тўлдирилган машиналардан фойдаланган ҳолда мунтазам равишда терактлар уюштиириб келишади. Гуруҳ “Ал-Қоида”, сомалилик тадбиркорлар берган пуллар ҳамда гуруҳ назоратидаги ҳудудлардаги аҳолидан олинадиган солиқлар ҳисобига молиялаштирилди.

“Аш-Шабоб” ҳисобида Сомали ҳукуматига террорчилар билан курашишда кўмак кўрсатаётган давлатларда амалга оширилган бир қатор ҳужумлар бор. Жорий йилнинг апрелида жангарилар Кениядаги Гарисса шаҳри университетига бостириб кириб, талабаларни гаровга олган. Ҳужум оқибатида 148 киши ўлдирилган.

Top