20:03 / 18.07.2015
6605

Видео: “Ҳазрати имом” майдонида Ҳайит намози

Ҳали тонг бутунлай ёришмаган. Аммо бу ердаги одамларни кўриб, булар тунни шу ерда ўтказганми, деб ўйлаб қоласан. Аллоҳ таолога ҳамд, Пайғамбаримизга саловотлар айтиб, Муфтий ҳазратлари маъруза қилдилар: “Бутун мусулмон оламига, жумладан, юртимизга ҳам Рамазоннинг файзи, футуҳи, баракаси ёйилди. Масжидларимиз тўлиб-тошди. Ўттиз кун давомида хатми Қуръонлар қалбларимиз ғуборларини ювди. Кўнгилларимиз равшан тортди, ихлосимиз ошди. Амри маъруф, нахйи мункарлар кўзимизни очди, нафсни енгишни ўргандик. Зеҳнимиз ўткирлашди, теварагимизга ақл ва ибрат кўзи билан қарай бошладик. Жаҳл ва ғазабимизни ичга ютишни, ғийбат ва ножоиз ишлардан тийилишни одатландик. Тил ва кўзимизни ҳаромдан асрай оладиган бўлдик.
Рамазон рўзасининг мукофоти жаннат. Рўзадорлар Аллоҳ таолонинг марҳамати билан Раййон номли эшикдан жаннатга кирадилар. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) марҳамат киладилар: «Агар киши Рамазон ойида Аллоҳ таоло розилиги учун бир нафл ибодат ёки хайрли амални бажарса, гўё Рамазондан бошқа ойда бир фарзни бажаргандек бўлади. Ким Рамазонда бир фарзни адо этса, гўё Рамазондан бошқа ойда етмишта фарзни адо қилганча савобга эришади. Қудсий ҳадисда Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Рўза мен учундир ва унинг мукофотини Ўзим бераман». Рамазон рўзасидан олган тарбиямизнинг яна бири, инсон ўзи учун эмас, ўзга учун ҳам фидойилик қилишни ўрганиши керак экан...”
Майдон узра “Саффон”, “Саффон” деган нидо янграйди. Одамлар намозга саф тортади. Саф шу қадар узун... ҳаммаси бир текис ибодатга шайланади. Икки томонга салом берилгач, қўллар умид ва илтижо ила, ҳавога кўтарилиб, дуолар қилинади:
“Ё Раббим, Рамазон сабр ойи, сабрнинг мукофоти эса жаннатдир, соғинчдан ўртанган қалбларни мукофотингдан дариғ тутма!
Ё Раббим, Рамазон тоат-ибодат, қут-барака, бахт-саодат ойи, гуноҳлар ювилажак, тавба-тазаррулар, чин ихлос ва эътиқод ила қилинган дуолар мустажоб бўлиб, қалблар таскин топажак ой, келгуси Рамазонларга покиза ва таскин қалб ила етказ...”
Дуойи хайрдан сўнг ҳамма бир-бири билан қучоқ очиб кўришади. Шу лаҳзаларда одамнинг бир-бирига бегонаси йўқдай... Қани энди ҳамма вақт шундай бўлса?! Дунёда урушлар, низолар, қирғинбаротлар, адовату гиналар... хулласи, қалбларни ғамга тўлдиргувчи ёмон ишлар бўлмасмиди?!
Дунёни тинч, осойишта тутиб турган, халқларни, инсонларни бир-бирига меҳр-муҳаббатли қилган нарса фидойилик, биродарлик, ўзини бағишлаш – бу ишлар ҳақиқий мўминлик эмасми?!
Рамазон ер ва осмонлар зийнатланадиган, юракларни юмшатиб гўзаллаштирадиган, жаннат эшиклари очилиб, жаҳаннам эшиклари беркитилган ой. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қиладилар: “Агар инсонлар Рамазон ойидаги мукофотлар, савоблар, неъматлар ва раҳматлар кўплигини билсалар эди, Унинг йил бўйи давом этишини хоҳлаган бўлар эдилар”. Рамазон охирлаганида ҳар бир мўмин-мусулмоннинг бир оз ғамгин бўлиб қолиши ҳам шундан.
Бу йилги Рамазондан ҳам ҳисобсиз марҳамат ва ажрларга эга бўлиб, жисмимиз соғлом, руҳимиз мусаффо, хулқимиз гўзал бўлган ҳолда чиқяпмиз, иншааллох. Бу ютуқ қувонч ва севинчга боисдир, албатта.
Қудсий ҳадислардан бирида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Ҳайит куни саҳарда Ҳак таоло фаришталарни ер юзига тушишга буюради. “Эй фаришталар, гувоҳ бўлинглар, Рамазон ойида рўзасини тутган ва намозини ўқиган қулларимга совға ва мукофот қилиб розилигимни бердим ва уларнинг гуноҳларини мағфират этдим”. Сўнгра бандаларига хитоб қилади: “Эй қулларим, бугун охиратингиз учун нима хоҳлайсиз, иззат ва жалолим ҳаққи, ҳаммасини бераман... Сизнинг хато ва қусурларингизни кечираман. Иззат ва жалолимга қасам, мен сизни разил ва расво қилмайман, маҳзун ҳам қолдирмайман”, дейди. Илоҳим, шундай бўлсин!..
Сўнг сўз
Азиз юртдошлар, Рамазон ҳайитингиз қутлуғ бўлсин. Хурсандчилик куни ҳам ғанимат. Уни байрамга яраша кўтаринки бир руҳда ўтказайлик. Ота-оналаримизни, опа-сингилларимизни, ака-укаларимизни, дўсту биродарларимиз зиёратига ошиқйлик. Беморларни йўқлаб, кўнгилларини олайлик, дардларини аритайлик. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “(Тақводор зотлар) яхши-ёмон кунларида инфоқ-эҳсон қиладиган, ғазабларини ичларига ютадиган, одамларнинг (хато-камчиликларини) афв этадиган кишилардир” (Оли Имрон, 134).
Алвидо, Рамазон, қадрингга етдик, етмадик. Бу айрилиқ манзилларидан яна сенга эсон-омон қайтайлик...

Манба: Muslim.uz

Top