18:48 / 21.07.2015
3351

“Умра-2015” Рамазон мавсуми якунланди

Жорий йилнинг Рамазон ойи давомида ўзбекистонлик 670 нафар зиёратчи Саудия Арабистонининг Макка ва Мадина шаҳарларида умра ибодатларини адо этиб, ватанга қайтиб келишди. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита расмий сайти хабар берди.

Муқаддас сафар давомида зиёратчилар Мадина шаҳрида “Масжид ан-Набавий”дан 150 метр масофада жойлашган "Файрузиятул Хайр" ҳамда Макка шаҳрида Масжидул Ҳарамдан 2,5-3 км масофада жойлашган “Сафватул Миад” меҳмонхоналарида жойлаштирилди.

Мазкур меҳмонхоналарда зиёратчиларга умра ва бошқа ибодатларини адо этишлари учун барча қулайликлар яратилди. Хоналар телевизор, совутгич ва кондиционер билан жиҳозланди. Макка шаҳридаги меҳмонхонада зиёратчиларнинг масжидга қатнашлари учун микроавтобуслар қатнови йўлга қўйилди.

Зиёратчиларга ифторлик ва саҳарлик вақтларида икки хилдаги миллий таомлар, мева ва турли ичимликлар берилди. Зарурий дори-дармон ва жиҳозлар билан таъминланган тиббиёт пунктлари ҳам 24 соат давомида фаолият юритди.

13 июлдан 14 июль кунига ўтар кечаси ўзбекистонлик зиёратчилар Масжидул Ҳарамда “Қадр кечаси”, 15 июль куни Хатми Қуръон ибодатларини адо этишди. Ҳайит кунлари юртдошларимиз Масжиди Ҳарамда ибодат ва дуолар билан машғул бўлишди.

Зиёратчиларнинг вақтларини янада мазмунли ўтказиш мақсадида Мадина шаҳридаги зиёратчилар учун Уҳуд тоғи, Қубо ва Қиблатайн масжидларига ҳамда Макка шаҳридаги зиёратчилар учун Арофот, Мино, Муздалифа водийлар ва Савр тоғи каби муқаддас жойларга зиёратлар ташкил этилди.

Меҳмонхоналарда зиёратчиларга тизимли хизмат кўрсатишни таъминлаш мақсадида шифокор ва гуруҳ раҳбарларининг узлуксиз навбатчилиги жадвал асосида ташкил этилди.

Маълумот учун жорий йилги "Умра-2015" мавсуми 6 июль куни бошланганди.

Бу жараёнда "Ўзбекистон ҳаво йўллари" Миллий авиакомпанияси мамлакатнинг турли вилоятларидан бўлган 670 кишини Тошкент-Жидда-Тошкент йўналишида 6 чартер рейс орқали ташиди. Рейслар Boeing-757/767 самолётлари орқали амалга оширилди.

Зиёратчиларнинг дастлабки гуруҳи 16 июль куни қайтишни бошлагани ҳақида хабар берилганди.

Top