08:02 / 18.08.2015
4161

Спилберг 184 млн долларлик яхтасини сотиб юборишга қарор қилди

АҚШлик машҳур режиссёр ва сценарийнавис Стивен Спилберг ўзининг Seven Seas  (Етти денгиз) номли яхтасини сотиб юборишга қарор қилди. У бу яхтани бир неча йил аввал 184 млн долларга сотиб олган эди, деб хабар бермоқда The Daily Mail нашри.

Спилбергнинг айтишича, узунлиги 86 метр келадиган яхта унга кичкиналик қилмоқда. Режиссёр унинг ўрнига ундан 9 метр узунроқ бўлган янгисини сотиб олмоқчи. Спилбергнинг айтишича, унинг нархи 245 млн долларни ташкил қилади.

Сотувга қўйилган яхтада чўмилиш учун сув ҳавзаси, вертолёт учун майдонча, массаж учун хона ва спортзал, экран сифатида ишлатиш мумкин бўлган катта ойна мавжуд. Кеманинг ҳозирги нархи ошкор этилмаяпти. Ҳозирча эса яхтани ҳафтасига 1,2 млн долларга ижарага олиш мумкин.

2013 йилда Спилберг шу яхтасида дўстлари ва оиласи билан дунё бўйлаб саёҳат уюштирган эди. Режиссёрнинг айтишича, у сотиб олишни режалаштирган янги яхтада “қулочини каттароқ ёзган ҳолда” саёҳат қилиши мумкин.

Июль охирида режиссёр Малибудаги уйини сотиб юборган эди. The Los Angeles Times нашрининг маълум қилишича, данғиллама уй 26 млн долларга сотилган. Харидорнинг номи ошкор этилмаган.

Top