Ўзбекистон | 17:12 / 19.08.2015
4412
1 дақиқада ўқилади

Хоразмда ёш бизнесменлар учун “очиқ эшиклар куни” ўтказилди

Ўзбекистон меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги Хоразм вилоятида ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган акция ўтказди.

17-18 август кунлари вилоятнинг Қўшкўпир туманида “Ўз бизнесингни бошлаш учун очиқ эшиклар куни” ўтказилди. Тадбир давомида коллеж битирувчилар ўз бизнес-лойиҳаларини тақдим этиб, тижорий банклардан имтиёзли асосда кредит олиш имконига эга бўлишди. Акцияда 1350дан ортиқ битирувчи иштирок этди.

Икки кун давомида улардан 170 нафари кредит олиш учун мурожаат қилишди. 70 нафар тижоратчи кредит олиш учун мурожаатнома киритди. 17 нафар битирувчига эса имтиёзли кредит олиш учун сертификатлар берилди.

Ҳар бир битирувчи ўртача 2.4 янги иш ўрни яратиши инобатга олинса, 170 тижоратчи 400 одамни иш билан таъминлаши мумкин.