16:09 / 20.08.2015
4835

Қўқонда қизларни Туркияга юбориш билан шуғулланган аёллар судланди

Қўқон шаҳри суди ёш қизларни Туркияга юбориш билан шуғулланиб келган Сожида Давидова ва Мукаррам Сирожовалар устидан ҳукм чиқарди. Воқеа тафсилотлари “Ҳуқуқ” газетасида ёритилди.

Айтилишича, Мукаррам Сирожованинг қизи Мавжуда икки йил муқаддам Туркияга кетиб, у ерда ўзбекистонлик қизлар “савдо”сини йўлга қўйган. Унга бу ишда онаси ва дугонаси Сожида Давидовалар ёрдам берган. Улар чиройли қизларни топиб, Қозоғистон ва Қирғизистон орқали Истанбулга жўнатишган, шунингдек, Ўзбекистонга ноқонуний йўллар билан юборилган пулларни тегишли одамлардан олиб, тўплаб боришган.

Мана шундай йўл билан олиб кетилаётган қизлардан бирининг онаси ўз вақтида ҳуқуқ-тартибот ходимларига мурожаат қилгани боис жиноятчилар Тошкентдан Қозоғистонга ўтишга ҳаракат қилаётган чоғда қўлга олинди.

Айни пайтда Давидова ва Сирожоваларнинг суд иши якунланди, уларнинг Туркиядаги шерикларини аниқлаш ва қўлга олиш чоралари кўрилмоқда.

Top