11:06 / 22.08.2015
5035

Мирободда коллеж ўқитувчиси ўқувчилардан пора олганликда айбланди

Тошкент шаҳрининг Миробод туманида жойлашган коллежлардан бирида дарс берувчи информатика ўқитувчиси ўқувчилардан пора олганликда айбланмоқда. Бу ҳақда “Огоҳ” газетаси ёзмоқда.

1985 йили Тошкент вилоятида туғилган Мардон Маҳаматқулов 2013 йил сентябридан ишга қабул қилиниб, информатика фанидан дарс ўтиб келган. Биринчи йил ҳеч ким унинг устидан арз қилмаган, кейинги ўқув йилидан эса у ўқувчилардан пул тама қила бошлаган.

Жумладан, у шу ерда таҳсил олаётган ўқувчилар Д. Павлов, В. Тим, А. Эржигитов, Т. Қулматов ва Д. Халматовларнинг жорий баҳолари қониқарсиз эканлигини айтиб, уларга моддий ҳақ эвазига қониқарсиз баҳоларни қониқарли ва яхши баҳоларга ўзгартириб, якуний баҳосини қўйиб беришини айтган. Бир неча кундан сўнг у коллеж ташқарисида Д. Павловдан 50 минг, В. Тимдан 30 минг, А. Эржигитов ва Т. Қулматовдан 40 мингдан, Д. Халматовдан 60 минг сўм пора олган. Сўнг ўқув машғулотлари журналида уларнинг баҳоларини ўзгартириб қўйган.

Пора берган ўқувчилар ўзаро келишиб, бу ҳақда гуруҳ раҳбари Анвар Баҳромовга хабар беришди. Натижада Маҳаматқуловнинг ишлари ошкор бўлиб, у коллеждан ҳайдалибгина қолмай, балки жиноий жавобгарликка ҳам тортилди.

Top