12:19 / 25.08.2015
10487

ОАВ: исмларни қисқартириб айтиш замонавийлик белгиси эмас

“Оила даврасида” газетасининг навбатдаги сонида чоп этилган мақолада Тошкентда ва Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида урф бўлаётган исмларни қисқартириб айтиш одати танқид остига олинди.

“Балки улар (ёшлар) жуда бандлигидан исмни тўлиқ айтиб мурожаат қилишга вақтлари етмаётгандир, – дейди мақола муаллифи. – Бир ҳисобдан Дилфузани Дипу, Мухтасарни Мети, Дурдонани Дурка, Севарани Севаш, Шерзодни Шерка дейиш осонроқ, албатта. Бу ҳатто исм эгаларига ҳам ёқиши мумкиндир...”.

Журналист ўз ҳаётида учраган мисол келтирди: “Маҳалламизда Санчо исмли йигит яшайди. Эсимни таниганимдан бери ҳамма уни шундай чақиради, ҳатто ота-онаси ҳам. Бир куни... у йигитнинг исми Санжар эканини билдим”.

“Тўлиқ исм замонавий бўлишга халақит бермайди. Ярим йилдан сўнг унутилиб, кейин бошқаси урф бўладиган сериаллардаги қаҳрамонларнинг исмини инсоннинг бутун бир умрига кўчириш шарт эмас, назаримда. Инсон дунёга келганида қўйилган исмни ўз ҳолича сақлаш ўзлигини сақлаш билан баробардир”, – хулоса қилди муаллиф.

Top