АҚШ Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланишга қарши курашдаги силжишларни эътироф этди
Ўзбекистонда охирги йилларда кузатилган ижобий ўзгаришлардан бири пахта йиғимида болалар меҳнатидан фойдаланишнинг бартараф этилиши бўлди. Бу ҳақда АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси ўринбосари Дэниел Розенблюм Ўзбекистонга ташрифи чоғида айтиб ўтди.
“Биз Ўзбекистон бу борада ишлаётганини кўраяпмиз ва амалга оширилаётган ишларни ижобий баҳолаймиз”, - таъкидлади Розенблюм.
АҚШ давлат департаментининг “2015 йилда одам савдоси” ҳисоботида айтилишича, Ўзбекистон ҳукумати 18 ёшгача болаларни пахта йиғим-термига жалб қилишни тақиқловчи қарор қабул қилиб, 2014 йилда бу тартибни бузган коллеж директорлари ва фермер хўжаликлари раҳбарларини жаримага тортди. Бундан ташқари, ўша йили Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилоти билан муносиб меҳнат мамлакатлараро дастури ҳақидаги келишувни имзолади.
Бу асосда мамлакат ХМТнинг 182 ва 105 рақамли конвенцияларида белгиланган тартибларга риоя қилишни ўз зиммасига олди.
Бундан ташқари, ҳукумат Жаҳон банки ва ХМТ билан келишув асосида халқаро ташкилотга 2015-2017 йиллардаги пахта теримини кузатиш имкониятини яратиб берди.